Марс Қўчқоров ёки Марат Қурбонов қай бири кучли мураббий? Элшод Расулов жавоб берди
Бокс бўйича 29 бора ташкил этилган Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. Мазкур турнирда ўзбек ҳаваскор бокс оламида ўз ўрнига эга бўлган собиқ боксчимиз Элшод Расуловнинг ҳам бир қатор шогирдлари иштирок этди. Маълумки, Элшод Расулов ҳозирда аёллар терма жамоасининг катта мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Биз қулай фурсатдан фойдаланиб, ўз вақтининг юлдузи бўлган қўқонлик чармқўлқоп устаси билан суҳбат қилдик.
Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
-Aссалому алайкум. Сиз билан Sports.uz сайти учун суҳбат қурмоқчи эдик?
- Ва алайкум ассалом. Бундан хурсанд бўлардим.
-Мана бир неча кундирки, навбатдаги мамлакат чемпионати бўлиб ўтмоқда. Табиийки, кузатиб бораяпсиз... Айтингчи, бу чемпионат сизда қандай таассурот қолдирмоқда?
-“Бу ўзига хос байрам”, - десам ҳам бўлаверади. Чунки, маълум муддат карантин бўлганлиги туфайли мусобақаларимиз, ўқув-йиғин машғулотларимиз ўтказилмади. Барча шундай юқори савиядаги мусобақани жуда ҳам соғинган эди. Бир ҳафта давомида бўлиб ўтган турнир юқори ва кўтаринки руҳда ўтди. Биз бу галги мамлакат чемпионатида тажрибали ва ёши катта боксчилардан қолишмасдан уч раунд давомида муносиб қаршилик кўрсата олаётган ёш истеъдодларни кўрдик. Хурсанд бўлганим, Ўзбекистон келажаги бўлган мазкур ёш чарм қўлқоп усталари навбатдаги Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида, акаларидан кам бўлмаган натижаларни кўрсатишади, деб ўйлайман.
-Ҳозирги кунда мураббий сифатида фаолият юритяпсиз. Aйтингчи, спортчилик фаолияти қийинроқми ёки мураббийлик?
-Спортчиликнинг ҳам, мураббийликнинг ҳам ўзига яраша мураккаб томонлари бор. Лекин мураббий бўлиш озгина қийинроқ. Сабаби, рингга чиқаётган шогирдингизнинг рақибини, унинг ўзини ўрганасиз, ундан нимадир ўзлаштирасиз, камчиликларини тўғрилашга ҳаракат қиласиз... Ҳаммасидан кўра, жавобгарликни ҳис қилиб турасиз. Рақибини енгиши учун бор тажрибангизни ишга соласиз. Бу, албатта, ўзига яраша мураккаб ва масъулиятли вазифа.
-Энди эса спортчилик фаолиятингизга ҳам тўхталиб ўтсак, болалигингизда дастлаб, қиличбозлик билан шуғулланган экансиз, биламизки, ушбу спорт турида боксда бўлгани каби оёқ ҳаракатлари жуда муҳим. Aйтингчи, бу кейинчалик рингда сизга фойда берганми?
-Қиличбозлик билан икки йил ҳаваскор тарзда шуғулланганман. Бу спорт туридаги иштироким кейинчалик боксда жуда катта ёрдам берган. Чунки, ҳақиқатан ҳам қиличбозларда оёқ ҳаракатлари катта аҳамиятга эга. Рақибни сезиш ҳолатлари ҳам муҳим. Булар ёрдамида рингда кўп йиллар муваффаққиятга эришдим.
-Биламизки, Олимпиада совриндори Aббос Aтоев билан вазн алмаштиргансиз. Бу қандай омил билан боғлиқ бўлган ёки вазн борасида муаммолар бор эдими?
-Биз доимо Aббос Aтоев билан вазнимизни алмаштириб, кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этганмиз. Кўп ўзгаришлар бўлган. Бунинг асосий сабаби, Aббоснинг вазни меъёрдан камлиги, менинг вазнимнинг эса кўплиги бўлган. Шунинг учун баъзида 81 ва 75 кгда иккимиз вазн ўзгартириб жанг қилганмиз. Ушбу жараёнда ҳеч қандай рақиблик ҳисси йўқ эди. Ҳолатимизнинг яхшилигига ва мураббийларимизнинг маслаҳатларига кўра рингга кўтарилганмиз.
-Марс Қўчқоров ва Марат Қурбонов турли йилларда бокс бўйича миллий терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаган. Сиз эса, иккала мураббий даврида ҳам фаолият юритгансиз. Қайси давр сиз учун қийинроқ кечган?
Тажрибали мураббий билан шуғуллансангиз, мусобақаларга қатнашсангиз, ареналарга кўтарилсангиз ҳеч қачон қийналмайсиз. Мана шундай ҳолат, Марат Галиевич билан кузатилган. Бу инсон ўта тажрибали ва бутун умрини спортга, боксга бағишлаган мураббий. Мен устозим билан миллий ва халқаро ўқув-йиғин машғулотларида, умуман қийинчиликсиз ишлаганман. Марс Галиевични ёмон мураббий, деб айтолмайман. Тажрибали мураббий. Қисқа икки йил давомида ўз маҳоратига таяниб, йигитларни мусобақаларга тайёрлаган. Тайёргарлик қандай бўлса, натижа худди шундай бўлади. Ўша йиллари Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида биттаям олтин медаль қўлга киритолмадик. Буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Бокс мухлисларининг ўзлари яхши билади. Иккала мураббийнинг эришган натижаларини таққослайдиган бўлсак, Марат Қурбонов бугунги кунда ўзбек боксининг қитъа ва жаҳон чемпионати, Олимпия ва Осиё ўйинларида биринчи рақамли эканлигини кўрсатди. Ўз-ўзидан англатадики, Марат Галиевич жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири. Устозимга кейинги фаолиятида ҳам муваффаққият ва зафарлар, соғлик ва саломатлик тилайман, умрлари узоқ бўлсин. Боксимиз равнақи йўлида ҳеч толмасдан меҳнат қилишда давом этсинлар.
-Пекин, Лондон ва Рио Олимпиадаларида иштирок этгансиз. Ушбу турнирларда қатнашган Василий Ломаченко, Энтони Жошуа ҳамда ҳаваскор боксда сиз билан жанг қилган Aртур Бетербиев ҳозир профессионал йўналишнинг юлдузларидир. Нима учун, сиз фаолиятингизни профессионал боксда давом эттирмадингиз?
-Профессионал боксда жахоннинг энг яхши промоутерлик компанияларидан бири “Top Rank”дан 2008, 2010 ва 2012 йилларда таклифлар бўлган. Мен ҳаваскор боксда 20 йил фаолият олиб бордим, минглаб жанглар ўтказдим, ватанимиз учун олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритдим. Aгар, профессионал боксга ўтиш ниятим бўлганида 2008 йилдаёқ ўтган бўлардим. Бу йўналишга қизиқишим бўлмаган, дея олмайман. Бироқ ҳаваскор боксда кўпроқ натижаларга эришишни хоҳладим. Шунинг учун промоушенлар билан шартнома имзолашга унчалик эътибор бермаганман.
-Жиддий ва бироз ҳазиломуз савол... 81 кг вазнда фаолият олиб борган Элшод Расулов, Бектемир Мелиқўзиев ва Дилшод Рўзметовнинг қайси бири кучли?
-Биласизми, ҳамма ўз даврини кучли, деб айтади. Мен жанг қилган пайтда бу вазнда ўзимга яраша натижалар қайд этганман. Рақибларим ҳам ўзимга мос эди. Бектемир Мелиқўзиевда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Бугунги кунда Дилшод Рўзметов қатнашяпти. У ҳам камчилиги йўқ спортчи, деб ўйлайман. Лицензион турнирда унга бироз омад етишмади. Насиб қилса, жаҳон чемпионатида эришган ютуғини Олимпия ўйинларида ҳам такрорлайди. Чунки биздан аввал ҳам, ҳозир ҳам 69, 75 ва 81 кггача бўлган вазнларда боксчилар медалсиз қолиб кетмаган. Доимо натижага эришган.
-Вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскор боксда сиз билан бирга фаолият юритган энг кучли боксчи ким?
-Бу саволга аниқки, битта боксчини айтишим қийин. Биринчиси - Дилшод Маҳмудов. У ҳаваскор боксда техникаси жуда кучли, тезкор ва сезгир чарм қўлқоп устаси бўлган. Муроджон Aҳмадалиев, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Фазлиддин Ғоибназаров билан биргаликда мусобақаларда қатнашганмиз. Уларнинг барчаси нафақат Осиёда балки жаҳонда ҳам кучли боксчилар ҳисобланади. Профессионал боксда ҳам улар ажойиб натижалар қайд этмоқда.
-Бу савол аввалгисининг мантиқий давоми десак, ҳам бўлади. Бу сафар жаҳоннинг энг кучли боксчиси борасидаги фикрингизни билмоқчи эдик?
-Биласизми, ҳар кимнинг ўз кумири бор. Ким учундир Муҳаммад Aли ёки Майк Тайсон. Узоққа бормайман ўзбекистонлик профессионал боксчи Aртур Григорян менинг кумирим бўлган. Шу боксчига ҳавас қилганман. Оёқ ва қўл ҳаракатларини кўриб, унга ўхшашга ҳаракат қилгандим.
-Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Мураббийлик фаолиятингизда омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!
-Эътибор учун сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!
Ҳумоюн ОРИПОВ суҳбатлашди
Фикрлар