Машҳур дарвозабонга янги клуб топилди
“Барселона”даги асосий дарвозабон мақомини бой берган Марк-Андре тер Штеген қишки трансферлар ойнаси даврида жамоасини ўзгартириши кутилмоқда.
Sport.es сайтининг хабар беришича, “Жирона” клуби немис дарвозабонини ўз сафига қўшиб олиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда ва музокараларга оптимистик руҳда ёндашмоқда. Улар икки клуб ўртасидаги яхши ишчи муносабатлар битимни муваффақиятли якунлашга ёрдам беради, деб умид қиляпти.
Қайд этилишича, аввалроқ оммавий ахборот воситаларда тер Штегенга “Астон Вилла” ҳам қизиқиш билдиргани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.
Манбалар 33 ёшли голкипер мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа жамоасига ўтиши оптимал вариант экани ҳақида ёзяпти.
2014 йилдан бери каталонияликлар дарвозасини қўриқлаб келган Марк-Андре тер Штеген ҳамюрти Ханс-Дитер Флик бош мураббий этиб тайинланганидан кейин асосий таркибдаги жойини йўқотди.



Фикрлар