Мавсум давомида бош мураббийини ўзгартириб, ЕЧЛни ютган жамоалар!
FIFA кунлари вақтида асосий воқелик Юлиан Нагельсманнинг "Бавария"ни тўсатдан тарк этиши ва Тухелнинг тайинланиши бўлди.
Янги мураббий учта соврин учун курашмоқчи эканлигини айтди: Бундеслига, Германия кубоги ҳамда Чемпионлар лигаси шулар жумласидандир
- Биз Нагельсманн қурган жамоага таянишимиз керак. 3 та турнирда ҳам соврин ютиш имкониятимиз бор.
- Албатта, хавф етарлича. Аммо биз босимни яхши кўрамиз. Менинг футболга бўлган муҳаббатим ҳар қандай қўрқувдан кучлироқ. Ўз вазифамизга максимал ишонч билан ёндашишимиз керак. Учала совринга ҳам даъвогар бўлишни истаймиз.
Мавсум давомида мураббийини алмаштирган жамоалар Чемпионлар лигасида неча марта зафар қучган? Биз 1992 йилдан бери (турнирнинг янги даври) барча чемпионларига назар солиб чиқдик. 5 та ҳолатда янги мураббий ЕЧЛ бош совринини илиб кетган.
2019/20 йилги мавсумда "Бавария"нинг ўзи бундай юришни амалга оширди. Ноябрь ойида Ковач ўрнига Флик жамоага келади ва илк мавсумидаёқ мумкин бўлган барча совринларни (Бундеслига, Германия кубоги ва Чемпионлар лигаси) қўлга киритади.
"Реал" ва "Челси"да бу каби ҳолат икки марта содир бўлган. Мадридда мураббийлар алмашинуви одатий ҳолат. Ҳаммага ҳам кўп вақт берлмайди. Мавзуга қайтадиган бўлсак, "қаймоқранглилар"да мазкур шарафли ишни Висенте дель Боске ҳамда Зинедин Зидан уддалаган. Қизиқарли статистика: Зидан "Реал"да фақат 2 мавсум тўлиқ ишлаган, дель Боске эса 4 мавсум.
Шунингдек, футбол оммаси учун нотаниш бўлган Ди Маттео 2012 йилнинг март ойида "аристократлар" бош мураббийи этиб тайинланиб, УЕФА Чемпионлар лигаси бош совринига эга чиқади. Бунга қадар Ди Маттео бош мураббий ассистенти сифатида фаолият олиб борганди. Томас Тухель билан ҳам шу ҳолат такрорланган. У 2021 йилнинг январида Лондон клубига келиб қўшилади ва мавсум сўнггида сенсацион тарзда ЕЧЛда чемпионликни қўлга киритади.
Юқорида номи тилга олинган мутахассислар орасида фақатгина Ди Маттео март ойида келиб, қисқа вақт ичида чемпионликка эга чиққан. Қолганларда бироз бўлса ҳам мослашув жараёнини ўташ учун вақт бўлган. Солиштирсак, Тухель юқоридаги 5 мураббийдан ҳам кўра кечроқ янги жамоасини қабул қилиб олди. Бироқ унда чемпионлик тажрибаси бор. Кўрамиз, Томас бу типдаги "коач"лар орасида олтинчи бўла олармикан.
Ажабланарлиси шундаки, мавсум давомида мураббий алмаштирган жамоа атиги бир маротаба Чемпионлар лигаси финалига чиқиб, мағлубиятга учраган. Мазкур ҳолат 2007/2008 йили "Челси" билан содир бўлган. Ўшанда Жозе Моуриньо ўрнига Абраҳам Грант жамоани қабул қилиб олган ва финалда МЮга имкониятни бой берган.
Яна бир статистик факт: 21 асрда мавсум давомида мураббийни ишдан бўшатган топ-5 лига жамоалари атиги икки маротаба мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Икки сафар ҳам бу ҳолат мюнхенликлар билан содир бўлган. 2017 йилда Анчелотти кетиб, Юпп Хайнкес жамоани қабул қилиб олади. 2019 йилда Ханс-Дитер Флик "чўкаётган" Ковач жамоасини "қуруқликка" олиб чиқишни уддалаган. Ҳар икки ўзгариш ҳам жамоага ижобий таъсир кўрсатган ва клуб ички чемпионатда ғолибликни қўлга киритган. Ҳатто 2019 йилда юзага келган алмашиш натижаси ўлароқ, жамоа требл ютишга ҳам муваффақ бўлган.
Мавсум ўртасида мураббий ўзгартириш "Бавария"нинг ҳийласи, десак ҳам бўлади. Бу сафар ҳам ушбу найранг иш берармикан? Кузатамиз!
Худайқулов Карим тайёрлади
Фикрлар