"Металлург"да ўзгаришлар: клубни тарк этган футболчилар ҳамда янги келганлар маълум. Сиз билган ва билмаган легионерлар ҳам бор
Бекободнинг “Металлург” клуби янги йил арафасидаги қисқа йиғинини якунлаганидан хабарингиз бўлса керак. Кутилганидек, клубда яна ўзгаришлар давом этмоқда. Яқинда жамоа бошлиғи Шавкат Саидов билан боғланганимизда таркибда янгиликлар бўлишини, легионерлар таклиф этилаётганини айтганди. Бу амалда ҳам ўз исботини топяпти. Қолаверса, клуб матбуот хизмати ҳам ушбу янгиликларни тасдиқлади.
Бир ойлик танаффусдан кейин “Металлург”нинг 2023 йилги мавсум учун илк йиғини испаниялик мураббийлар кўрсатмасига биноан маҳаллий мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини тиклаш мақсадида жисмоний юкламаларга катта эътибор қаратишди. Маълумот учун, испаниялик мураббийлар 4 январь куни етиб келишади.
Шу ўринда жамоа таркибида ҳам бир қатор ўзгаришлар юз берганлигини қайд этиш лозим. Шартнома муддати якунланганлиги сабаб клуб ҳимоячилар Фарруҳ Иброҳимов, Аббос Отахонов, Анвар Ғофуров, ярим ҳимоячи Ихтиёр Тошпўлатов, ҳужумчилар Бобурбек Фарҳодов, Жасур Холтўраевлар билан хайрлашди. Отахонов “Бухоро”га кетди. Ғофуров эса “Нефтчи”га. Тошпўлатовга “Бухоро”дан қизиқиш борлиги маълум бўлди.
Қолаверса, 2022 йили Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоасига ижарага берилган марказий ҳимоячи Одилбек Абдумажидов қадрдон клубига қайтди. Одилбек тўп сурган жамоа премьер-лигада 5-ўринни банд этди. Қозоғистон Кубоги мусобақасининг ғолибига айланди. Жамоанинг мазкур ютуқларида шубҳаси Абдумажидовнинг ҳам улуши катта бўлди.
2023 йилги чемпионат арафасида “Металлург” жамоанинг ўтган йилги ўзагини сақлаб қолди. Дарвозабонлар Александр Лобанов ҳамда Акмал Ортиқовлар билан шартнома муддати узайтирилди.
Ҳимоя чизиғида Муҳаммадали Алиқулов, Аброрбек Тошқўзиевларга хориждан қайтган Одил Абдумажидов, “Қўқон-1912” жамоасидан таклиф этилган Иван Йосович ҳамда сербиялик яна бир ўйинчи Филип Стаменкович ёрдам беради.
Маълумот учун шуни айтмоқчимизки, Стаменкович сербиялик бўлиб, 1998 йилнинг 15 сентябрь санасида таваллуд топган. У ҳимоя позициясида тўп суради. Охирги клуби Россиянинг “Велес” жамоаси ҳисобланади. Эндиликда “Металлург” шарафини ҳимоя қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролигига эга, АГМК, “Қизилқум” жамоаларидаги иштироки орқали яхши таниш бўлган ҳимоячи Владислав Касминин ҳам “Металлург”га ўтди. Бунгача Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби шарафини ҳимоя қилган. Яна бир легионер - босниялик Керим Палич билан шартнома муддати яна бир йилга узайтирилганлиги ҳақида сайтимиз орқали биринчи бўлиб маълумот берганмиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. ўтган йили “Нефтчи” сафида про лига баҳсларида қатнашиб тўпурарлик маҳоратини кўрсатган сербиялик ҳужумчи Марко Обрадович янги мавсумда “Металлург” шарафини ҳимоя қилади. Легионер футболчиларнинг барчаси “Металлург” таркибига янги йил байрамидан кейин Бекободда ташкил этиладиган иккинчи йиғин давомида қўшилишади.
Жамоа бу йил ҳам асосий таркиб ўйинчилари Худойшукур Сатторов, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Иброҳим Ибрагимов, Дамир Темиров, Эргаш Исмоилов, Беҳруз Шодмоновлар хизматига таянади. Ўзбекистон U-20 жамоаси аъзоси Шаҳзодбек Неъматжонов, истеъдодли ёшлар Далер Шарипов, Носир Абдусаломов, жароҳатидан фориғ бўлган Асилбек Қаюмовларга ҳам ишонч катта. Бу позицияда соғлом рақобатни юзага келтириш мақсадида “Сўғдиёна”дан Абдужалил Маназаров ҳамда “Пахтакор”дан Риан Исломовлар таклиф этилди. Дарвоқе, куни кеча Фарҳод Бекмуродов "Металлург" билан хайрлашганини эълон қилганди. Аммо ҳозирча бу ҳақида клуб матбуот хизмати бирор маълумот бергани йўқ.
Ҳужум чизиғида шартнома муддатини узайтирган Забиҳилло Ўринбоевнинг “Металлург” муваффақиятларида ёрдами катта бўлишига шубҳа йўқ.
“Металлург”да январь ойида яна айрим ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу хусусида кейинроқ тўхталамиз.
Фикрлар