Миржалол Қосимов: "Мен учун бошқа дунё очилган"
Ўзбек футболи афсоналаридан бири, АГМК клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётган Миржалол Қосимов қўл остидаги жамоа билан янги мавсум учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.
Тажрибали мутахассис АГМК билан Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Сафардан қайтар чоғида Анталия аэропортида Миржалол Қосимов Sports.uz сайти учун интерьвю берди.
- Миржалол Қўшоқович, АГМКнинг Анталиядаги йиғини қандай ўтди? Ҳамма нарсадан кўнглингиз тўлдими?
- Авваламбор раҳбариятга раҳмат. Бизга мана шундай шароит яратиб, ўқув-машғулот йиғини ўтказишимизга имконият қилиб беришди. Ўзбекларда шундай чиройли гап бор: бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил. Кеча футболчиларга ҳам айтдим, Анталия йиғинимиз тугади, чемпионат бошланишига ҳам оз вақт қолди. Бу ерда жисмоний тайёргарлик устида ишладик. Қолаверса, спарринг-рақиблар билан ўйнаб турли хил услублар устида ишладик. Мана шундай йиғинларда текшириб олиш керак. Футболда ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин. Меҳмонда ўйнаганда рақиб жамоага қарши алоҳида тайёрланади. Суперлигада 14 та жамоа бўлса, барчасини ўзининг услуби бор. Шунга яраша ҳаракат қилдик. Ўтган йили чемпионатимиз олдидан йиғин ўтказганимизда биринчи кунлардан жароҳатлар бўлганди. Авваламбор, инсонни соғлиги биринчи ўринда туради. Шунинг учун шогирдларимнинг соғлигига бефарқ эмасман. Анталиядан кетишдан аввал жамоада кичкина йиғилиш ўтказиб, барчаси яхши ўтганини айтдим. Бу ерда натижага қаралмайди. Тошкентга қайтилганида ҳамма соғлигига эътибор бериш кераклигини айтдим. Чунки барибир иқлим ўзгаради, ёмғир ёғяпти. Бу ерда қилган шунча меҳнатимиз зое кетмаслиги керак. Футболчиларнинг арзимаган нарса туфайли иситмаси чиқса ёки шамоллаб қолса режимдан чиқиб кетади. Мураббийлар ҳар доим ҳам тўлиқ қониқмайди. Имкон қадар тайёргарлик кўрдик. Янги футбол мавсуми бошланаётгани муносабати билан ўз мухлисларимизни табриклайман. Бизда кўплаб футбол мухлислари бор. Биринчи ўринда стадионга келган ишқибозлар учун ўйнаймиз. Уларни чиройли ва мазмунли футбол кўришларини хоҳлаймиз. Ҳар доим ғалаба учун курашамиз, қолгани Аллоҳдан.
- Шахсан сиз учун бошланажак чемпионатимизнинг фаворитлари ким?
- Мен учун? Ҳар доим айтиб келганман, энг ёмон кўрган нарсам башорат қилиш. Ўйнаган пайтимда ҳам ҳеч қачон бундай қилмаганман. Аллоҳ нимани раво кўрган бўлса, ўша нарса бўлади. Лекин ҳар доимгидек ниятларимиз катта. 14 та жамоада имконият бор. Шу боис мен ҳеч кимни ажратишни хоҳламайман.
- АГМКга келганингиздан кейин клуб мавқеи анча кўтарилди. Энди кўпчиликда шундай савол бор: Миржалол Қосимов АГМК билан чемпионлик учун кураша оладими?
- Албатта, биргина менинг келишим билан эмас, бунда жамоанинг ҳиссаси бор. Бизга шароит яратиб бераётган раҳбарларнинг ҳам меҳнати бор. Жамоани бир йилда юқори ўринга олиб чиқиб бўлмайди. Барчаси аста-секинлик билан амалга ошади. Баъзида бу нарса чўзилиб кетиши ҳам мумкин. Ҳар доим олдимизга юқори мақсадларни қўямиз. Масалан, ўтган йили чемпионатни ёмон бошлагандик. Кейинчалик биринчи давра ўрталаридан ўтиб, бизда ҳатто 1-ўринга чиқиб олиш имконияти ҳам пайдо бўлганди. Шунинг учун ҳам айтяпман-ку, олдиндан бир нарса дейиш қийин. Қаерда ишласам ҳам энг муҳими мухлисларни хурсанд қилиш. Футбол ўйнаб юрган пайтларимда ҳам шунга амал қилганман. Стадионга ишдан чарчаб келган ишқибозлар футболни кўриб роҳатланиб, завқланишлари муҳим. Россияда ўйнаганимда ҳам, ўша Кавказда бошқача муҳит бўларди. Бунга озгина бўлса ҳам ҳиссамиз қўшилса, бошимиз осмонга етади.
- Ҳа, мухлислар атайин сизни ўйинларингизни кўриш учун ҳам стадионга киришарди.
- Албатта.
- АГМК ҳам трансферларни амалга оширди. Айтинг-чи, ўзимиз истагандек трансферларни қила олдик, деб айта оласизми? Ёки мўлжаллаган қайсидир ўйинчини ололмадингизми?
- Йўқ, мўлжаллашда эмас. Бу лотереяга ўхшаган нарса. Шундай ўйинчилар борки, улар ўз жамоасини зўр билади. Баъзида эса бу ерга келганда мослашиши қийинроқ бўлади. Бир пайтлар Зидан ўйнаганида, адашмасам “Ювентус”дан “Реал”га ўтганди. Ўзи топ-футболчи ва топ-клубдан топ-клубга кўчиб ўтганди. Ўшанда жамоасини алмаштирганида у 8 ой “кўринмаган”. Ўтган йили Сиани олдик, “Андижон”дан Боакени. У пайтдаги билан ҳозирги ҳолатини солиштирсак фарқи бор. Шундай бўладики, футболчи янги клубига дарҳол кўникиб кетмаслиги мумкин. Ким қандай мослашиб кетиши чемпионат давомида кўринади. Янги муҳит, янги менталитет, ҳамма ҳар хил жойлардан келади. Бу вазиятда кўплаб бир-бирига боғлиқ бўлган вазиятлар бор.
- Шунингдек, клубни тарк этганлар ҳам бўлди. Мисол учун, тожикистонлик Алишер Жалилов, Артём Филипосян. Улар билан нима учун хайрлашдинглар?
- Ўйин амалиёти кам бўлган. Футболда сабр деган нарса бор. Рақобат бўлиши лозим. Ким ўша куни, ўша дақиқага тайёр бўлса, ўша футболчилар ўйнайди. Агарда бизни клубдан кўра яхшироқ таклиф бўлса, бу борада муаммо йўқ, ушлаб ўтирмаймиз. Чунки унга бизни шароитимиз тўғри келмаслиги ва бошқа жойдан қулайроқ таклиф бўлиб қолиши мумкин.
- Аммо менимча, ҳозирда энг яхши шароитлардан бири АГМКда бўлса керак...
- Бизда у қадар катта маблағ эмас. Аммо ўзимизга яраша. Чемпионатимизда молиявий имконият бўйича 8 таликка кирса керак. Ўртача.
- Бу масалада сиз учун етакчи ким?
- Бошқа жамоаларни билмайман. Фақат ўзимни чўнтагимга қараб яшайман.
- Миржалол Қосимовни мураббий сифатида хорижда ҳам кўришимиз мумкинми? Сир бўлмаса, сизга шу пайтгача четдан ҳам жиддий таклифлар бўлганми?
- Мақтаниш эмас, бир пайтлар бўлган, Россиядан, Самарадан. Унда мен “Бунёдкор”да ишлардим. Чет элга ишлашга Худо подшоҳ. Лекин атайин тайёрланиб, тил ўрганиб, ҳозирлик кўраётган жойим йўқ. Буни беркитмайман. Хорижда ишлаш учун ҳам тайёргарлик кўриш керак бўлади.
- Сиз футболчи сифатида катта ютуқларга эришдингиз. Мураббий сифатида қанчалик ўсяпман, дея оласиз?
- Масалан, мен учун бошқа дунё очилган. Ўйнаган пайтимда ўзим учун жавоб берардим. Мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатишга ҳаракат қилардим. Жамоамни ютиши учун бутун вужудим билан тўп сурардим. Мураббийлик бошқа олам. Хоҳлайсанми-йўқми, энди ҳамма учун жавоб беришинг керак. Битта оилани бошқариш осон эмас. Бу ҳам футболдаги ўзимизни оиламиз.
- Қишки йиғинда барча клублар таркибида ўзгаришлар бўлди. Сиз учун эътиборингизни тортган ёки ажаблантирган трансфер қайси бўлди?
- Қитмирона савол. Бировларга жавоб бермайман. Бизда шундай гап бор: кўрпангга қараб оёқ узат. Шунинг учун бошқалар билан ишим йўқ, ҳаммани омадини берсин. Лекин ҳозирги кунда Аллоҳ шуни хоҳлабдики, қўл остимдаги футболчилар биз билан бирга ва улар менинг шогирдларим. Улар билан бирга яхши ўйинлар кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қиладиган футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳеч қачон бировнинг жамоаси бўйича гапирмайман. Ташқаридан гапириш жуда осон. Буни ишлаган одам билади.
- Жамоангизнинг ичида энг қувноқ ва энг жиддий шогирдингиз ким?
- Ҳаммаси. Биттасини ажратмайман. Битта бармоғимни тишласам, бошқаси зирқирайди.
- Янги мавсумдан нима кутяпсиз?
- Аввало, барчага тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик тилайман. Туркияда бўлган зилзилаларни ҳамма кўрди. Юртимизни мана шундай офатлардан Худоим ўзи сақласин. Аллоҳим ўзи меҳрибон. Туркияда юз берган воқеалар жуда таъсирли. Шунинг учун Худога минг бор шукр келтирайликки, юртимиз тинч. Ҳеч ким касал бўлмасин. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Ҳар доим айтаман: стадионга бир дона мухлис келса ҳам ўша ишқибознинг кўнглини олишга интиламиз. Имкон қадар юқори мақсад қўямиз. Бу бор гап. Қаерда ишлашим ва ўйнашимдан қатъий назар шундай бўлиб келган. У ёғини йил охирида кўрамиз. Худо нимани ёзган бўлса, шуни кўрамиз. Олдиндан башорат қилиб бўлмайди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар