Моуриньо ҳамон дунёнинг энг зўр мураббийими?
Ads

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи клубнинг инқирозида ҳаммани айблаб бўлди, энди у бор эътиборини жамоасига қаратадиган вақт келди. Хўш, «ўзгача» ҳамон энг зўрими? У ҳолда «қизил иблислар»ни нима кутмоқда?

Жозе Моуриньо ўтмишнинг кўп вақтини мураббий сифатида кўплаб рекордларга эришиш билан ўтказган. Бироқ аввал «Брайтон»дан 3-2, кейин «Тоттенхем»дан ўз уйида 3-0 ҳисобидаги йирик мағлубиятларни қабул қилиб олгач, португалиялик мураббийнинг замонавий футболдаги ўрни саволлар остида қолиб кетди ва у дарҳол ўзига хос услубда бунга жавоб қайтарди.

«Учта Премьер Лига – деди Моу учта бармоғини ҳавода кўрсатаркан – мен қолган 19 та мураббийдан ҳам кўпроқ Премьер Лигани ютганман»

Кейинроқ «Манчестер Юнайтед»нинг унинг қалбида қандай жой эгаллагани ҳақидаги саволга яна иғвогарона жавоб қайтарди ва бутун эътиборни ўзига қаратди.

«Мен дунёнинг энг буюк клубларидан бирининг мураббийиман, аммо ўзим ҳам дунёнинг энг буюк мураббийларидан бириман.»

«Мен Италия, Испания ва Англия каби кичкина бўлмаган чемпионатларни ютган ягона мураббийман. Ўтган мавсумда мен иккинчи ўрин билан футболда эришган ютуқларимнинг энг яхшиларидан бири бўлди.»

Фергюсон қўли остида шонли даврни ўтказган клуб мухлислари уни ўтмиш билан яшаётганликда айблай бошлашди. Боиси Моуриньо саволга жавоб беришни эришган рекордлари билан жавоб қайтарадиган бўлиб қолган. Ҳеч ким унинг 8 та чемпионатни ютганини инкор қилаётгани йўқ. Унинг қолган 17 совринлари ҳам каттами, кичикми ўз аҳамиятига эга. Бироқ унинг «Олд Траффорд»даги ишлари юришмаётгани унинг обрўси бироз тушиб бораётганидан дарак бермоқда.

«Бёрнли»га қарши ўйинда мухлислар ўз севимлилари ҳамон «жангда», барча курашашишга шай эканликларини томоша қилиш умидида эди. Улар ўзларига ёки шуҳратларига соя тушиб қолишни ҳаёлларига ҳам келтиргани йўқ.

«МЮ» мухлислари португалиялик мураббий «Челси»дан нима ютгани билан ҳам иши йўқ. Уларни фақат Моу «МЮ» учун нима ютиши мумкинлиги қизиқтиради. Шу туфайли «Реал» ва «Интер»нинг собиқ мураббийи «ҳурмача қилиқлар»ини йиғиштириб ишга жиддий киришиши керак.

Чемпионатнинг стартидаёқ иккита мағлубиятни қабул қилиб олган «Манчестер Юнайтед» турнир пешқадамлари «Ливерпуль» ва «Челси»дан 9 очко қолиб кетган.

Моуриньо ўтмишини айтиб мақтанмаслиги, ўтган мавсумдаги иккинчи ўринни соврин сифатида кўрмаслиги керак. Чунки клуб бу мавсумда ҳам омадсизликка юз ўгирса, мухлислар кечирмаслиги аниқ.

Моуриньонинг олдида фақатгина бир йўл бор: португалиялик мураббий дунёнинг энг зўри бўлиб қолиши учун «Манчестер Юнайтед»ни яқин келажакда яна чемпионлик сари етаклаши керак.

Шундан кейингина унга мақтаниш ярашади. Унгача эса камроқ гапириб, кўпроқ ишлаши талаб этилади.