Мундиал стартига 18 кун қолди. Франциянинг қўрқинчили тушига айланган Дания ҳақида нималарни биласиз?

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 18 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "С" гуруҳининг учинчи вакили Дания орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Дания футбол иттифоқи (Danmarks fodboldlandshold - DF). Лақаблари — “қизил-оқлар”, “Ольсеннинг 11 дўсти”, “Қизил гвардия”.

Ташкил топган йил: 1889 йил (ФИФАга 1904 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Каспер Юльманн
Жамоа сардори: Симон Кьер

Илк расмий учрашуви: Франция – Дания 0:9 (1908)
Энг йирик ғалаба: Дания – Франция 17:1 (1908)
Энг йирик мағлубият: Германия – Дания 8:0 (1937)

Дания терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 10-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 3-поғона бўлиб, 1997 йилда ушбу ютуққа эришган. Энг ёмони бўлса, 2017 йилда қайд этилган. Ўшанда “қизил-оқлар” ФИФА рейтингида 51-ўринга тушиб кетган.

Дания биринчи марта 1958 йил Швецияда бўлиб ўтган мундиал саралаш босқичида қатнашган. Аммо улар мусобақа йўлланмасини қўлга кирита олмаган.

“Қизил-оқлар” биринчи марта 1986 йилда жаҳон чемпионатига қатнашган. Ўшанда “Ольсеннинг 11 дўсти” гуруҳ босқичи доирасидаги учта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган эди, шу жумладан чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бўлган Ғарбий Германияни ҳам 2:0 ҳисобида таслим этган. Аммо Дания плей-оффда Испания қаршилигини синдира олмаган эди. Ўшандан кейин “қизил-оқлар” 1990, 1994, 2006 ва 2014 йилги мундиал йўлланмасига эга чиқа олмаган бўлса, қолган мавсумларда мунтазам равишда жаҳон чемпионати финал босқичида ўйнаб келади. Қатардаги мусобақа Дания тарихидаги 6-мундиал ҳисобланади. Уларнинг энг яхши кўрсаткичи эса 1998 йилда бўлиб, ўшанда “қизил гвардия” турнирнинг чорак финалига қадар етиб борган.

Турниргача босиб ўтган йўли

Дания Шотландия, Исроил, Австрия, Фарер ороллари ва Молдова билан бирга Қатардаги жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб борди. Ўтган йилнинг март ойида, Европа чемпионати олдидан саралашдаги ўйинларини бошлаган “қизил гвардия” дастлабки учта баҳсни муваффақиятли якунлади — Исроил (2:0), Молдова (8:0) ва Австрия (4:0). Кейин барчамиз Каспер Юльманн жамоасининг Евро-2020даги ажойиб ўйинларини кузатдик. Данияликлар ушбу мусобақада ярим финалгача чиқди.

Ўтган йилнинг кузида саралаш баҳсларининг қолган учрашувлари ўтказилди. Аммо Дания терма жамоасининг ўйини умуман ўзгармади. “Қизил-оқлар” бирин-кетин рақибини мағлуб этишди. Ҳайратланарлиси, данияликлар саралаш доирасидаги 8 ўйинда бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади. 8-турда Дания ўз майдонида австрияликларни минимал ҳисобда (1:0) мағлуб этди. Бу ғалаба “қизил гвардия”га Қатардаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани кафолатлади. Кейинги учрашувда иштиёқсиз Дания камтарин Фарер оролларига қарши баҳс олиб борди ва саралаш доирасидаги биринчи голини ўтказиб юборди (3:1), сўнгги турда эса улар Шотландияга имкониятни бой берди (0:2).

Таркиб

Евро-2020 мусобақасидаги ажойиб ўйинларидан кейин кўплаб етакчи клублар даниялик ўйинчиларни “ов қилиш”га ҳаракат қилди, аммо юқори даражадаги трансферлар амалга ошмади. Бироқ “Севилья”нинг трансферларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз – Томас Дилейни Андалусия жамоаси билан узоқ муддатли шартнома имзоалди, Каспер Дольберг эса ижара асосида испан клуби сафига ўтди. Ярим ҳимоячи Микел Дамсгорга Италиянинг "Ювентус", "Интер" ва "Милан", шунингдек, Лондоннинг "Тоттенхэм" клублари қизиқиш билдиришди. Аммо якунда 22 ёшли футболчи “Сампдория”дан “Брентфорд”га кўчиб ўтди.

Даниялик футболчилар Премьер-лига (“Манчестер Юнайтед”, “Тоттенхэм”), Ла Лига (“Барселона”, “​​Севилья”), А Серия (“Милан”, “Аталанта”)нинг кўплаб топ-клубларида ўйнайди. Дания чемпионатидан терма жамоага чақирилган футболчиларни камдан-кам учратиш мумкин. Аммо, шунга қарамай, камида Скандинавиянинг учта клуби футболчилари "қизил-оқлар" жамоасидан чақирув олади – “Копенгаген”, “Брондбю” ва “Мидтьюлланд”.

Энг яхшилар

Дания терма жамоаси тарихидаги тўпурарлар рўйхатида қўш ҳокимият ўрнатилди. Поуль Нильсен ва Йон-Даль Томассон терма жамоа сафида 52 тадан гол урган турли даврлардаги ҳужумчилардир. Нильсен 1910-1925 йилларда миллий терма жамоада ўйнаган ва 38 ўйинда элликдан ортиқ гол киритишни уддалаган. Томассонга келсак, ҳозир Англиянинг “Блекберн” клуби бош мураббийи ҳисобланади ва у иккита жаҳон чемпионатида қатнашган – 2002 ва 2010 йилларда. 2002 йил Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган жаҳон чемпионатида даниялик ҳужумчи гуруҳ босқичида 4 та гол урди - Уругвай терма жамоасига дубл ва Сенегал ва Францияга биттадан тўп. Томассон 2010 йилда ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам битта гол киритишни уддалаган эди. Умуман олганда, Томассон терма жамоа либосида 112 та ўйин ўтказган.

Дания терма жамоасида ўтказилган ўйинлар сони бўйича рекорд афсонавий дарвозабон Петер Шмейхелга тегишли. "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ дарвозабони "қизил гвардия" сафида 129 учрашувда майдонга тушган. Даниялик дарвозабон ҳатто 2000 йилнинг 3 июнида Бельгияга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида пенальтини аниқ амалга оширган ҳолда битта гол уришни ҳам уддалаган эди.

Даниялик ҳужумчи Деннис Роммедаль Шмейхелнинг рекордини янгилаши мумкин эди (126 та ўйин). Аммо 2014 йилнинг октябрида 36 ёшли футболчи соғлиғидаги муаммолар туфайли терма жамоадаги фаолиятини якунлашини эълон қилган эди. Шмейхелга етиб олиш учун Роммедалга учта ўйин етарли эди.

Фаолиятини давом эттираётган ўйинчилар орасида "Милан" ҳимоячиси Симон Кьер Шмейхелга етиб олиши учун яхши имкониятга эга. 33 ёшли футболчи 121 та ўйин ўтказган.

“Transfermarkt” хабарига кўра, Дания терма жамоаси 339,30 миллион еврога баҳоланган. Бу ноябрь ойида бошланадиган жаҳон чемпионатида иштирок этувчи барча терма жамоалар орасидаги 12-натижадир.

ЖЧ-2022даги тақвими

22 ноябрь. Дания — Тунис
26 ноябрь. Дания — Франция
30 ноябрь. Дания — Австралия

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!