
Музокара бошланди. “Барса” Неймарни оладими?
Жорий йил бошида “Ал-Ҳилол” билан амалдаги шартномани бекор қилиб, ўз юрти Бразилияга жўнаб кетган Неймар яна Европага қайтишни режалаштиряпти.
Ҳозирча ўзини тарбиялаган “Сантос”дан бошпана топган 33 ёшли юлдузнинг асл мақсади Каталонияга қайтиб, “Барселона”да тўп тепишдан иборат.
Таниқли журналист Давид Орнштейннинг малум қилишича, Неймарнинг агентлари “Барселона” билан ўйинчини ортга қайтариш бўйича дастлабки муҳокамаларни ўтказиб бўлди. Гарчи бу трансфер кўплаб омилларга боғлиқ бўлса-да, уни амалга ошириш имкони борлиги айтилмоқда.
Неймар 2013-2017 йиллари “Барселона” шарафини ҳимоя қилган. Бу муддат ичида у 186 та учрашувда иштирок этиб, 105 та гол ва 76 та ассист муаллифи бўлди.
2017 йили ПСЖ Неймар учун 222 миллион евро тўлаб уни ўз сафига қўшиб олди. Бироқ ПСЖда Неймар атрофида юзага келган зиддиятли вазиятлар туфайли у Франция пойтахтини ташлаб, 2023 йилнинг ёзида Саудия Арабистонига йўл олишига тўғри келди.
Фикрлар