«Наполи»даги «олов» катталашмоқда. Гаттузога Де Лаурентиснинг «тиши» ўтадими?!

«Парма» устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Гаттузо очиқчасига клуб раҳбари – Аурелио Де Лаурентиснинг манзилига “илиқ” сўзларни юборди. Мураббий бетоб бўлган чоғида унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган мутахассислар билан ўтказилган музокаралардан хабар топгани учун жаҳл отига минди. Италия нашрларининг маълум қилишича, Де Лаурентис Рафа Бенитес ва Маурицио Сарри билан алоқага чиққан, бироқ улар ортга қайтишдан бош тортган. Аслида, Гаттузони ишдан олиш қай даражада тўғри қарор?

«Наполи»да аҳвол қандай?

5454545454

Сўнгги пайтларда «Наполи»да барқарорлик йўқолиб қолди. Мавсум бошида гранд клубларнинг барчасига имконият бой берилди. Суперкубок учун баҳсда «Ювентус»нинг қўли баланд келди. Вазиятлардан унумли фойдаланиш бобида ҳам муаммолар етарлича. Масалан, Элдор Шомуродовнинг жамоасига қарши баҳсда, Неаполь шаҳри вакиллари 26 бор зарба йўллаган. «Женоа» бундан 7 маротаба камроқ урунишни амалга оширган бўлса ҳам, якунда ғалабани илиб кетди. «Специя» билан ўйинда эса, омад тўлиғича улардан юз ўгирди. 29 уринишдан атиги битта гол ҳосил бўлди. Тан олиш лозим, Гаттузода ҳужумчилар борасида муаммолар етарлича. Рекорд сумма эвазига таркибга қўшиб олинган Осимхен жароҳат олган. Петанья эса, шунчаки ўртача  ҳужумчи.

Шу билан муаммо якунланмайди. Клуб ўзи тарғиб этаётган ўйин фалсафасига ҳам катта ўзгаришлар киритмоқда. Ҳозирда, жамоа энг кам гол ўтказиб юборган Италиядаги иккинчи клуб саналади. Бунда жамоанинг ҳимояланишида ўзгача методикадан фойдаланаётгани асосий сабаб. Ўтган мавсумда юқори прессинг бош планга кўтарилган бўлса, энди жамоа рақибни ўз майдончасида эркин кутиб олишни бошлади. Ўтган мавсумда клуб прессинг уюштириш борасида Италияда яққол етакчи эди. Ҳозир улар бу борада 19-ўринда бормоқда. Юқори прессинг сабабли, клуб футболчилари рақибни марказда кутиб олишга уринар, бу эса майдон бўйлаб тезкор ҳужум уюштириш имконини яратар эди.

545445Гаттузо «Наполи»ни рақиб прессингнинг биринчи тўлқинини майда паслар билан енгиб ўтишини истади. Бу аввалига катта эффект берди, бироқ кейин негадир ушбу услубдан фойдаланилмади. Клуб футболчилари рақиб жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллаш бобида ҳам Италияда етакчилардан бири саналади. Бу уринишларнинг 93 фоизи омадсиз якунланса ҳам, жамоа буни такрорлашда давом этмоқда. Гаттузо бошчилигидаги жамоа сўнгги 10 та турда 4 бор рақибларидан устун келди. 5 бор клуб очко ишлай олмади. Бундай натижа қайд этган мураббий АПЛда аллақачон ишдан олинган бўлар эди.

Газзуто «Наполи»га керакми?

Ирвинг Лосано Гаттузони «одамхўр», деб атаган бўлишига қарамай, улар ўртасидаги муносабат ўз ўрнига тушди. Жанжалкаш йигит Анчелоттининг ўрнига мураббий этиб тайинланганида, кўплаб мухлислар ундан ҳеч нарса кутмагани аниқ. Айниқса, кетма-кет 4 мағлубият Женнарога бўлган ишончнинг кескин камайиб кетишига олиб келди. Якун эса, барчани ҳайратда қолдирди. Жамоа Италия кубоги финалида «Ювентус»ни енгди. Чемпионатни Европа Лигаси йўлланмаси билан якунлади. Бунга ишониш қийин, бироқ «Наполи» мағлубиятсиз серияни намойиш этди.

Ҳозирги кризис аввалгисидан анча оддий. Гап жамоада, ёки мураббий тарғиб қилаётган ўйин услубида эмас. Қаҳрамонимиз миастения билан оғримоқда. Айнан шу касаллик сабабли у бутсаларини режасидан кўра анча эрта михга илган эди. Шифокорларнинг маълум қилишича, бу касалликни енгиб ўтиш мумкин эмас. Унинг асоратларини камайтириш мумкин, холос. Касаллик хуруж қилган чоғда, инсон кўзларида ва миясида чарчоқ аломатлари пайдо бўлади.

Агар Гаттузонинг касаллик хуруж қилган пайтда жамоасини майдонга олиб тушган ўйинларига эътибор қаратсангиз, барчаси ойдинлашади. Мураббий бетоб чоғида «Интер» ва «Лацио»га имконият бой берилди. «Торино» билан ўйинда очко йўқотилди. Кейин «Специя»дан аламли мағлубият қабул қилиб олинди. Танасидаги оғриққа қарамай, клуб учун кураш олиб бораётган мураббийни Де Лаурентис қаттиқ хафа қилди. У очиқчасига, Женнаронинг ўрнини эгаллаши учун бошқа мураббий излашни бошлади.

Мураббий бир кўзи билан майдон четида шогирдларига кўрсатмалар берган бўлсада, учрашувда айтарли ҳеч нарсани кўра олмаганини тан олди. Шунга қарамай, у курашдан тўхтамаяпти. Де Лаурентис эса, беқарорлиги учун ноқулай аҳволга тушиб қолди. Бу вазиятда клуб президенти мураббийга ишонч билдириши ёки ундан ўз хоҳиши билан жамоани тарк этишини илтимос қилиши керак эди. У учинчи вариантни танлади. Яширин тарзда янги мураббий излашга тушиб кетди. Қизиққон Женнаро буни орқадан урилган пичоқ, деб қабул қилиши табиий. Энди жамоанинг ички муҳити бузилди. Футболчилар эртага нима бўлишидан бехабар. Мураббий ва раҳбарият ораси бузилган. Кассалик хуружи камайгач, Гаттузо аввалгидек ишга меҳр бера олмаяпти. У энди Де Лаурентис берган ваъдаларга ишонмай қўйди.

Бу ҳолат қандай якун топиши ҳозирча номаълум. SPORTS.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)