
"Насаф" бошлайди, "Нефтчи" якунлайди!
Бугун Суперлигада 23-турга старт берилади. 5 кун мобайнида қизиқарли тўқнашувлар гувоҳига айланамиз. Чемпионлик учун курашаётган жамоалар - "Насаф" турни бошлаб берса, "Нефтчи" якунлаб беради.
25 cентябрь
20:15. “Насаф” - “Хоразм”
1-тур Қаршидаги учрашув билан бошланади. Унда “Насаф” клуби “Хоразм”ни қабул қилади. Рўзиқул Бердиев жамоаси учун натижа устивор вазифа. ОЧЛ Элитда қатнашаётган жамоани саноқли кунлардан кейин Қаршида Саудия Арабистони гранди - “Ал-Ҳилол”га қарши мураккаб баҳс кутмоқда. Ушбу ўйин олдидан “Насаф” “Хоразм”га қарши у қадар катта куч йўқотмаслиги тахмин қилинмоқда ва бир ёки иккита гол кўрсак керак. Ўтган турда қаршиликлар Навоийда ҳам натижа учун ўйнашди ва ягона гол билан ўйин тақдирини ҳал қилишди. Бердиев жамоаси “Хоразм” билан эҳтиёткор ўйин кўрсатади ва “Ал-Ҳилол”га қарши кучини тежайди.
26 сентябрь
19:00. “Андижон” - ОКМК
Яхши ўйин бўлади. “Насаф” сингари “Андижон” ҳам халқаро майдонда иштирок этяпти. “Бургутлар” 1 октябрь куни “Бобур арена”да Қатарнинг “Ал-Аҳли” жамоасини қабул қилади. Ушбу ўйин олдидан “Андижон” чемпионат доирасида ҳам муҳим ўйинни ўтказади. Турнир жадвалидаги мавқеидан келиб чиқсак, Максим Шацких жамоасига ғалаба зарур.
27 сентябрь
18:00. “Навбаҳор” - “Қизилқум”
“Навбаҳор” ўтган турда Бухорода майдон эгаларига 5:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу эса клубда муаммолар борлигини очиқ ойдин кўрсатиб берди. Қолаверса, ғалабасиз серияси давом этяпти. Гап-сўзларга қараганда, бош мураббий Сергей Лушчан жамоа билан бирга эмас ва ўринбосарлар мураббийи Шерзод Жўраев жамоани шуғуллантириб турганлиги айтилмоқда. “Қизилқум”га қарши учрашувда ҳам мезбонларга осон бўлмайди. Руҳий ўрадан қандай чиқиб кетишни вақт кўрсатади.
28 сентябрь
17:30. “Қўқон-1912” - “Бунёдкор”
Биринчи даврада Тошкентдаги баҳсда қўқонликлар 1:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишган. Ўтган турда эса “Бунёдкор” ОКМКдан 5 та гол ўтказиб юборди. Энди Қўқондаги учрашувда Илёс Зейтуллаев мухлисларини хурсанд қилиш учун курашади. Баҳром Ҳайдаров жамоаси тезкор рақибга қарши жисмоний жиҳатдан кўпроқ куч йўқотса ажаб эмас.
29 сентябрь
19:00. “Динамо” - “Шўртан”
Аутсайдер бўлиб турган ва лигада қолиш учун курашаётган “Шўртан” ўтган турда ўз уйида “Пахтакор”дан бир очко тортиб олди. Бу сафар ғузорликлар медаллар учун курашаётган яна бир рақиб - “Динамо” уйида тўп суришади. Очиғи, “Шўртан”нинг вазияти оғир. Уларни дуранг ҳам қаноатлантирмайди. Ютиши мажбур учрашувда “Динамо”га кучи етармикин? Агар Абрамов жамоаси рақибнинг кучига тўғри баҳо бера олмаса унда муаммолар туғилиши аниқ.
19:00. “Пахтакор” - “Сурхон”
“Шерлар” бу сафар “Сурхон” билан беллашади. Тезкор ёшларга эга бўлган “Сурхон” “Пахтакор”га қарши ортиқча босимсиз ўз ўйинини кўрсатса керак. Албатта, маҳорат борасида мезбонлар устун ва улар буни амалда кўрсатишга ҳаракат қилишади. Кичик устунлик “Шерлар” тарафида.
30 сентябрь
19:00. “Машъал” - “Бухоро”
Икки ён қўшни жамоалар - “Машъал” ҳамда “Бухоро” Ғузорда беллашишади. Александр Хомяков собиқ клуби - “Машъал”ни яхши билади ва жамоасини қандай тайёрлашни ҳам яхши ўзлаштирган. Албатта, бир-бирига муносиб рақиблар ва имкониятлари ҳам тенг. Балки кўп гол кўрмасмиз ва ўйин тақдирини биргина гол ҳам ҳал қилиши мумкин.
19:00. “Сўғдиёна” - “Нефтчи”
Ҳеч бир муболағасиз турнинг марказий учрашуви дея таъриф берсак бўлаверади. Чемпионлик асосий мақсадига айланган “Нефтчи”ни том маънода Жиззахда ҳақиқий имтиҳон кутяпти. Иван Бошкович жамоаси иккинчи даврага жиддий кучайишни амалга оширганини барча билади. “Нефтчи”га жиддий муаммолар туғдиришини тахмин қилиш қийин эмас. Имкониятлар тенг, қолганини ўйинда кўрамиз.
Comments