“Навбаҳор” 1, “Насаф” 2, “Металлург” кучли учликда
7-9 октябрь кунлари Суперлиганинг 21-тури ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди. Турнир жадвалида пешқадамга айланиб олган “Насаф” ўз уйида “Сўғдиёна” билан дуранг ўйнади. “Пахтакор” лигада қолиш учун курашаётган “Сурхон”ни енга олмади. “Навбаҳор” Про лига сари яқинлашаётган “Динамо”нинг ишларини янада қийинлаштирди. Иван Бошкович бошчилигидаги “Бунёдкор” бу гал “Металлург”ни мағлуб этди. Энди тўртликка кирган АГМК Олмалиқда “Қизилқум”га қимматли бўлган 3 очкони бой берди. Ишлари анча юришиб қолган “Нефтчи” “Олимпик” билан муроса кўчасини танлади. Охирги ўринлардаги “Қўқон-1912” Суперлигада хавфли ҳудудга тушиб қолган “Локомотив” билан дуранг ўйнади.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
Бу гал стадионларимизга жами 26539 томошабин ташриф буюрди (20-турда 26023 мухлис қайд этилган). Ҳар бир беллашувга ўртача 3791ни ташкил қилади.
Энг кўп мухлис Наманганда. “Навбаҳор” ўз уйида ўйин ўтказса, уни бирорта жамоа мухлислар статистикасида ортда қолдира олмаслигига ўрганиб қолдик. Самвел Бабаян шогирдларининг қийин аҳволдаги “Динамо”га қарши беллашувини 8400 томошабин стадиондан кузатди.
“Пахтакор”ни Тошкентда енгиб якка пешқадамга айланиб олган “Насаф” бу гал “Сўғдиёна”ни Қаршида қабул қилди. Муҳим аҳамият касб этадиган учрашувни кўриш учун аренага 5962 келди. Лекин бу баҳсга ундан анча кўп томошабин ташриф буюриши кутилганди. Чунки “аждарлар” 1-ўринда бораётганди…
Эътиборга молик томони Букободда ҳам мухлислар кўпайиб қолди. Аввалги тур Навоийда асосий рақобатчисини таслим этган “Металлург” энди ўз уйида 4511 мухлис қаршисида “Бунёдкор”дан енгилди.
Энг кам томошабин Олмалиқда. Ўз стадиони таъмирланаётгани боис бутун мавсумни ўтказиб юбораётган “Сурхон” Олмалиқда “Пахтакор”ни қабул қилди. Беллашувини 849 мухлис томоша қилди. Пойтахт ва Тошкент вилояти учун аслида бундай кўрсаткич янгилик эмас!
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Навбаҳор” - “Динамо” 2:0. 8400 томошабин
“Насаф” - “Сўғдиёна” 1:1. 5962 томошабин
“Металлург” - “Бунёдкор” 1:2. 4511 томошабин
АГМК - “Қизилқум” 0:1. 3457 томошабин
“Олимпик” - “Нефтчи” 1:1. 2183 томошабин
“Қўқон-1912” - “Локомотив” 0:0. 1177 томошабин
“Сурхон” - “Пахтакор” 1:1. 849 томошабин
Фикрлар