“Навбаҳор” стадионининг айни пайтдаги ҳолати, мухлислар ва ОАВ ходимларига яратилган шароитлар (Фото)

Жамоаларнинг қандай ўйин намойиш этишлари кўп жиҳатдан майдоннинг сифатига ҳам боғлиқ. Майдон сифатли ва қониқарли бўлса, футболчи ўз имконияти даражасида тўп сура олади. Аксинча  бўлса, буни амалга ошириш муаммо туғдиради. Миллий чемпионатимиз Суперлига номини олгач, клубларнинг стадионлари ва майдонларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Биз Наманганнинг “Навбаҳор” клубининг уй стадиони саналадиган Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳ директори Набихон Абдуғаниев билан стадионда олиб борилаётган ишлар юзасидан суҳбат уюштирдик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Набихон ака, “Марказий” ўйингоҳда жорий мавсумга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда?

Хабарингиз бор, бу йил севимли жамоамиз “Навбаҳор” ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Ушбу юбилейга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида стадионда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қайта реконструкция қилинган 2014 йилдан буён ҳали ўйингоҳ таъмирланмаганди. Бу йил стадионда жуда катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, майдон чимлари керакли дори воситалари билан ишлов берилиб, плёнка билан ўралди.

 15 кундан кейин плёнка олиб ташланиб, майдонда айни пайтда суғориш ишлари олиб борилмоқда. Худо хоҳласа, 17 март кунги “Локомотив”га қарши кечадиган учрашувгача майдон тайёр ҳолга келтирилади.

Хабарингиз бор, жорий мавсумдан бошлаб, севимли жамоамиз “Навбаҳор”нинг логотипи ва формаларининг ранги ўзгартирилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, стадион фойелари, ўриндиқларнинг олд тарафлари “Навбаҳор”нинг либослари рангига мослаштирилган ҳолда, оқ ва қизил рангларга бўялмоқда.

Мухлислар ва ОАВ ходимларига қулайлик яратиш учун стадионда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Албатта, футбол мухлислар учун ўйналади. Олдинги йилларда мухлислар қўлларида чипталари бўлишига қарамай, ўз ўриндиқларини топишда муаммоларга дуч келишарди. Шундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги, ишқибозларга қулайлик яратиш мақсадида турникетлар электромагнит ускуналар билан жиҳозланяпти ва турникетларга чипта рақамини ўқийдиган махсус жиҳоз ўрнатиляпти. Чипталар компьютерда чоп этилади ва қанча чипта сотилганлиги компьютер орқали аниқланади. Шунда ўйингоҳга қанча томошабин ташриф буюрганлиги ҳам аниқ маълум бўлади. Бундан ташқари, энди ишқибозлар хотирали видеокамера орқали назорат қилинадилар. Тартибсизликка йўл қўйган мухлислар бундан буён кейинги ўйинларга киритилмайди. Мухлисларнинг ўз ўриндиқларини топишда ёрдам бериш мақсадида стюардларни ҳам жалб этдик. Бундан ташқари, савдо шаҳобчаларини ташкил этяпмиз. Жумладан, ўйингоҳимизда “Навбаҳор”нинг формалари, шарфлари, жамоа логотипи туширилган ён дафтарча, шунингдек, салқин ичимликлар, пирожнийлар ва музқаймоқ сотувини йўлга қўйяпмиз.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига қулайлик яратиш мақсадида эса журналистлар учун медиа-трибуна, микст-зона ташкил этдик. Энди ОАВ ходимлари учрашувни бевосита медиа-трибунадан кузатиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, журналистлар ўйиндан кейин микст-зонада ўзлари хоҳлаган мураббий ва футболчилардан интервью олишлари мумкин. Қисқаси, бу йилги регламентга мувофиқ, стадионимизда мухлислар ҳамда ОАВ ходимлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Энди мухлислар ва журналистлар стадионда ҳеч қандай муаммоларга дуч келишмайди.

Мазкур ишларни амалга оширишда “Навбаҳор” клуби раҳбарияти ва ҳомий ташкилотларнинг ҳиссалари қандай?

Албатта, бу ишларни бажаришда Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президентлари Олимжон Ботирович Исаев ва Баҳром Муҳитдинович Холмирзаев, “Навбаҳор” клуби директори Акрам Гаппарович Дедабаев, шунингдек, ҳомий ташкилотлар амалий ёрдам беришмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Сўзим якунида шуни таъкидламоқчиманки, 17 март куни Наманганда жорий мавсумнинг илк учрашуви ўтказилади. Шунингдек, “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи ҳам нишонланади. Мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш учун маданият бошқармаси, санъат бтилим юртлари тарбияланувчилари, таниқли хонандалар, вилоят телерадиокомпанияси ва жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари жалб этилитшган.   бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу юбилейда юртимизнинг таниқли хонандалари ўзларининнг дилрабо куй-қўшиқлари билан йиғилганларга қувонч улашадилар.

Бундан ташқари, бир қатор фахрий меҳмонлар ҳам юбилейга таклиф этилишган. Улар орасида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, “Навбаҳор” клубининг собиқ футболчи ва мураббийлари бор. Мазкур тадбирга барча мухлисларни таклиф этиб қоламан. Барча амалга оширилаётган ишлар жорий мавсум баҳсларида ўйингоҳимизда мухлисларнинг тўлиб-тошиши учун қаратилган.

Минбар

Барча блоглар