"Навбаҳор" ёшлари клуб президенти билан учрашди

Наманганда ёшлар футболига бўлган эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Бунга ёрқин мисол тариқасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши негизида ташкил этилган “Навбаҳор” ёшлар футбол академиясини очилганлигини кўрсатиш мумкин. Бевосита болалар ва ёшлар футболига эътибор қаратиш орқали келажак учун замин яратилиши барчага маълум. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров бошчилигида вилоят футболини ривожлантириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимиз раҳбарининг саъйи ҳаракатлари билан ёшлар футболига ҳам жиддий тарзда эътибор қаратилмоқда. Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Шокирджанович Абдураззоқов “Навбаҳор” футбол клуби президенти этиб тайинлангач ёшларга жиддий эътибор қаратиш борасидаги ишлар ҳам бошлаб юборилди.

Келгусида “Навбаҳор” футбол клубида маҳаллий иқтидор эгаларини тўп суриши учун қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қисқа вақт ичида “Навбаҳор” ёшлар жамоасига эътибор кучайтирилиб, футболчиларни барча талабларга жавоб берадиган спорт иншоотларида шуғулланишлари ва ўйинларда ижобий натижани қайд этишлари учун шароитлар яратилди. Бунинг самараси ўлароқ мавсум биринчи ярмини ишончсиз ўтказган ёшлар жамоаси иккинчи давранинг дастлабки турини меҳмонда ўтказишларига қарамай йирик ҳисобдаги ғалабага эришишди. Бу эса берилаётган эътибордан футболчиларни руҳиятини кўтарилганидан дарак беради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кеча Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” футбол клуби президенти Шавкат Шокирджанович Абдураззоқов “Навбаҳор” ёшлар жамоаси аъзоларини қабул қилди. Клуб президенти учрашув аввалида сўз олди:

"Футболда руҳият муҳим аҳамият касб этади. Жиддий эътибор қаратилса футболчиларни руҳияти ҳам баланд бўлади. Сўнгги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевичнинг бевосита раҳбарликларида вилоят футболни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бундай юксак эътиборни футболчилар амалда исботлаб, муносиб бўлишлари талаб этилади. Асосий таркиб билан бир қаторда ёшлар таркибига бўлган эътибор ҳам кучайтирилди. Ёшлар таркибини келгусида янада ёшартириб, келажак учун замин ҳозирлаш талаб этилади. “Навбаҳор” ёшлар академиясига ҳам иқтидорли ёшларни тарбиялаш мақсадида асос солинди. Ёшларни футбол билан шуғулланишлари ва футболчиларни жамоа шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилади. Келгусида ёш футболчиларни малакасини ошириш мақсадида хориждан ҳам тажрибали мутахассисларни жалб этиш режаси бор. Бугунги кунда Наманган туманидаги “Тошбулоқ” ўйингоҳи “Навбаҳор” ёшлар жамоаси ихтиёрига берилди. Ўйингоҳда футболчиларни муносиб тарзда шуғулланишлари учун шароитлар мухайё қилинган. Ёшлар бор эътиборни фақат футболга қаратиб, маҳоратли футболчи бўлиш учун интилишлари керак. Таркибга футболчиларни жалб этишда таниш-билишчилик, қариндош уруғчиликка барҳам берилади. Яъни жамоа шарафини муносиб ўйинчиларгина ҳимоя қилишади. Академиямиз яқин уч йил ичида ўз мевасини беради. Бошқа вилоятларга кетиб қолаётган футболчиларимизни ўзимизда олиб қолиб, маҳоратли футболчи бўлиб етишишлари учун замин яратиб берамиз. Шундай экан футболчилар юқори марралар сари интилиб, астойдил ҳаракат қилишлари керак. Тез орада ойлик маошларни ҳам кўриб чиқиб бу борадаги эътиборни ҳам кучайтирамиз. Йил якунида муносиб футболчиларни танлаб оламиз. Бу эса ёшлар жамоаси аъзоларидан тинимсиз ҳаракат қилиш ва интилишни талаб этади. Барчаларингизга навбатдаги ўйинларда омад тилаб қоламан”.

Учрашув давомида “Навбаҳор” ёшлар жамоаси аъзоларига Бельгиянинг “Patrick” фирмаси томонидан тайёрланган спорт либослари тантанали равишда топширилди. Либосларни Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” футбол клуби президенти Шавкат Абдураззоқовдан қабул қилиб олган футболчилнинг кайфияти тоғдек кўтарилди. Бу ҳол ёшларга “Қизилқум” жамоаси билан ўтадиган учрашув олдидан қўшимча куч қувват бағишлади десак хато бўлмайди. Футболчилар номидан сўзга чиққан ёшлар жамоаси сардори Ҳожиакбар Юнусов билдирилаётган эътибор ва яратиб берилаётган шароитлар учун раҳбарларга алоҳида миннатдорчилик билдириб, майдондаги чиройли ўйинлари ва ғалабалар билан ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишларини билдирди.

Учрашув сўнггида Наманган вилоят футбол федерацияси 1-вице президенти Баҳромжон Холмирзаев ҳам сўз олиб, футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун Наманган вилоят ҳокими Х.Бозаров ва Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдураззоқовларга алоҳида ташаккур изҳор қилди. Ўз навбатида футболчиларга билдирилган ишончни тўлақонли оқлаш учун ўз устиларида тинмай ишлашлари лозимлигини уқтирди. Шунингдек, “Навбаҳор” ёшлар жамоаси мураббийи Шуҳрат Қорабоев, ёшлар жамоаси менеджери Дилшод Алиевлар ҳам сўз олиб, олдинлари ёшларга бу даражада эътибор қаратилмаганлигини эътироф этиб, яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдиришди. Келгусида вилоят футболи ва “Навбаҳор” футбол клуби равнақи учун бор билим ва кучларини сарфлашга ваъда беришди.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!