Ўзбек боксчиси жанги биринчи раундда тугади
Зарба ўта кучли бўлди
Ар-Риёд шаҳрида (Саудия Арабистони) ўтказилган профессионал бокс кечасида ўзбекистонлик ўта оғир вазнли боксчи Жаҳонгир Зокиров (2–0, 2 КО) канадалик Брэндон Колантониога (8–2, 1 КО) қарши рингга кўтарилди.
Олти раундга мўлжалланган жанг кутилмагандек жуда эрта якунланди. Биринчи раунднинг ўзидаёқ Зокиров рақибини икки марта нокдаунга юборди ва рефери жангни тўхтатишга мажбур бўлди.
Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи навбатдаги муддатидан олдин ғалабасини қайд этди.
Ушбу ғалабадан сўнг Жаҳонгир Зокиров профессионал рингда қаторасига учинчи марта зафар қучди, Брэндон Колантонио эса фаолиятидаги учинчи мағлубиятини қайд этди. Мутахассислар Зокировни икки карра олимпия чемпиони Баҳодир Жалоловнинг вориси сифатида тилга олишмоқда. Таниқли оғир вазн вакили миллий жамоадан кетганидан кейин, унинг ўрнини айнан Жаҳонгир эгаллаб, Ўзбекистон терма жамоасининг янги етакчиси сифатида кўрила бошланди.
Изоҳлар (0)