Ўзбекистон жаҳон чемпионатида олти гол билан камбэк қилди
Футболчиларимизни тўхтатиб бўлмади
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Қатарда ўтаётган 17 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2026нинг гуруҳ босқичида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Иккинчи тур доирасидаги беллашувда ёш футболчиларимиз Ямайка терма жамоасини мағлуб этди, деб хабар беради Sports.uz.
“E” гуруҳи доирасидаги ўйин Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Aspire Zone мажмуасининг майдонида бўлиб ўтди ва 6:2 ҳисоби билан ўзбекистонликлар фойдасига якунланди.
Учрашув фаол бошланди. 8-дақиқада Келвин Браун ҳисобни очди. Ортиданоқ, 9-дақиқада Лазиз Абдураимов жавоб голини урди ва ҳисобни тенглаштирди. 25-дақиқада Браун иккинчи голини киритиб, Ямайкани яна олдинга олиб чиқди. 30-дақиқада Суҳроб Садиржонов ҳисобни яна бир бор тенглаштирди.
Иккинчи бўлим бошланиши биланоқ устунлик тўлиқ Ўзбекистон томонига ўтди. 47-дақиқада Садиржонов ўзининг иккинчи голини уриб, терма жамоамизни илк бор ҳисобда олдинга олиб чиқди. 58-дақиқада эса у хет-трикни расман қайд этди ва жамоа устунлигини янада оширди.
79-дақиқада Амирхон Эркинов рақиб дарвозасини ишғол этди. Қўшимча қилинган вақтнинг иккинчи дақиқасида Аҳрорбек Равшанбеков жамоамизнинг олтинчи голини урди ва учрашувга якуний нуқта қўйди — 6:2.
Бу ғалаба ҳисобидан Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мусобақадаги илк уч очкосини қўлга киритди. Икки турдан сўнг жамоа ҳисобида уч очко мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турда ўзбекистонлик ёшлар Кот-д’Ивуарга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишган, Ямайка эса Италияга қарши учрашувда йирик — 0:6 ҳисобида таслим бўлган эди.
Гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинни Ўзбекистон терма жамоаси 26 ноябрь куни Италияга қарши ўтказади. Ямайка эса шу куни Кот-д’Ивуар билан куч синашади.
Изоҳлар (0)