Одил Аҳмедов: «Давлат клубларига ажратилган пулларнинг ярми ҳам манзилга етиб келмайди»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори – Одил Аҳмедов SPORTS.uz сайти учун эксклюзив интервью берди. Одил ушбу суҳбатда футболимиздаги бир нечта оғриқли мавзулар ҳақида фикр билдирди.

- Сиз хориж футболи билан яхши танишсиз. Айтингчи, Ўзбекистондан бошқа ерда давлат қармоғидаги клублар мавжудми? Агар клубларимиз ўз аравасини ўзи тортса, бу футболимизда қандай ўзгаришларга олиб келади?

- Бошқа давлатларда клубларнинг ҳаммаси хусусий. Хорижда ҳар бир жамоанинг ўз олдига қўйган мақсади мавжуд. Уларнинг аксарияти трансферлар орқали жон сақлашга ўрганиб қолган. Аслида, футбол клубларимизнинг хусусий бўлиши жуда ҳам яхши, аммо ҳомий масаласида муаммо мавжуд. Бизда футбол жамоаларига пул тикишдан наф йўқ. Тасаввур қилинг, ҳомий «Бухоро» ёки «Андижон»ни сотиб олди. У бундан нима фойда қилиши мумкин? Бу клубларни қўлга киритишдан қандай наф? Трансферлардан умид қилмаса ҳам бўлади.

Мухлислар ташрифи ҳам клуб ғазнасига катта даромад олиб келмайди. Балки бу соҳадаги одамларнинг фикри ўзгачадир. Мамлакат қарамоғида клубларнинг қолиши жуда ҳам ёқимсиз ҳолат. Афсуски, давлат молиялаштираётган жамоаларда пул ўғриланиши жуда кўп кузатилади. Ажратилган пулларнинг ярми ҳам манзилга бормайди. Футболда энг муҳими унга бўлган меҳр. Агар жамоа раҳбарлари футболни севса, ўғриликлар кам бўлади. Футболга пул тикиш фойдали. Биргина менинг трансферимдан «Пахтакор» қанча даромад олди?! «Анжи»га ўтганимда, «Краснодар»га ўтганимда ва ҳатто, Хитой клуби билан шартнома имзолаганимда ҳам «шерлар» каттагина сумма ишлаб олди. Бунинг учун клубдаги барча иш тўғри йўлга қўйилиши керак.

- Бундан анча йил аввалги интервьюнгизда «Ўзимдан ҳам кучлироқ футболчилар бор эди, аммо уларнинг қаерда эканлигини билмайман»,- деган эдингиз?!

- Қишлоқда тўп тепиб юрган пайтларимда, мендан иқтидорлироқ йигитлар билан шуғулланганман. Афсуски, футболда қолиш учун катта таваккал қилиш керак. Ўша йигитларнинг ота-онаси «нима қиласан, агар Тошкентга кетсанг, йўлкирага қандай пул топиб бераман», - деганини ўзим эшитганман. Улар буни енгиб ўтганда ҳам профессионал даражага ўтишда катта муаммога дуч келади. Бизда мураббийлар ёшларга ишонч билдирмайди. Ўзбекистонда ёш йигитларга имкон берувчи мутахассислар жуда кам. Улар эртага ҳосил бериши аниқ бўлган ёшлардан кўра, ҳозир натижа берадиган тажрибали футболчиларга суянади. Ишончсизлик сабабли, кўплаб иқтидорли йигитлар футболни ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбек футболидаги энг катта камчиликлардан бири ҳам шу. «Навбаҳор» ва «Металлург» ўртасидаги ўйинни кўрдим. Сербиядан легионер олиб келишган экан. Унинг ўрнига захирадан 20 ёшли ўзимизнинг қора кўз майдонга тушди. Тўғриси, агар мен «Навбаҳор»да бўлганимда, сербнинг ўрнига ўзимизнинг футболчини асосий таркибда майдонга туширган бўлар эдим. Бу ҳолат жуда кўп ёш иқтидор эгаларини синдириб қўймоқда.

Мураббий томонидан бўлган ишонч жуда муҳим. Агар ёшларга мотивация берилса, улар 180 дақиқа югуриши мумкин. Бу кўплаб ўзбек мураббийларининг камчилиги.

Интервьюни тўлиқ версиясини SPORTS.uz You Tube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
+998902610401
13/02/2021 09:16
Отанга рахмат Одилжон уларни жойлари жаннатдан бўлсин,жудаям тўғри,аниқ ва маъноли сўзларни айтибсан шу фикрларни футболимиз рахбарлари ўқисин ва ўзига тегишли хулоса чиқарсин қандай иш қилса тўғри бўлишини билсин.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
13/02/2021 11:55
Bu gaplarni nicha yildan beri Odildan oldinkilar ham aytkan lekin bizaga foydasi yuq. Fudbol pul qilish uchun uynatiladi ayrim klublarga. ochiqchasiga Uzbek fudbolini bolta urganla bemolol uyiga uhlap turib yuribti. lekin chetka bulsa. butun urug aymogi bilan sud qilishadi.
Дилшод Даврлнов
13/02/2021 10:14
Фудболимиздаги корупсияни юкотсак юксак даражага йитамиз Одил рахмат сенга шундае хакикатни айтадиган фудболни калбдан севадиган фудболчиларимиз омон булсин Доим сенга омад ёр булсин Ёшларимиз бор Кишлокларда Туманларда Шахарларда лекин улар билан ишлайдиган ишонадиган мурабий ва рахбарлар йук Спорт вазирлиги нима киляпди билмадим пулни олиб корини думпайтиб ёшларни эгиб куймокда бу мавзу жуда кийрак хозирги фудболимизга Насафда Рузикул ака бор ёшларга ишонч бериб уйнатадиган уни хам кисишга уринмокда Одил айтган гаплариз колиб кйтмасин бундай ишларга чек куйиш кйрак