Одил Аҳмедов: Эрон ва Жанубий Кореяга қарши ўйинлар биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи иккинчи даврасини 23 март куни Сурияга қарши ўйин билан бошлайди. 5 кундан кейин, яъни, 28 март куни терма жамоа Тошкентда Қатар билан куч синашади.

Мазкур беллашувлар олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ФИФА расмий сайтига эксклюзив интервью берди.  

“Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ–2018 турнирига йўл олишимиз мумкин. Жаҳон чемпионатига йўл олиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Саралаш босқичининг биринчи даврасида барча рақиблар билан ўйнадик, иккинчи даврада эса ўйинимизни кучайтириб, ғалабаларга эришишга ҳаракат қиламиз”, – деди 29 ёшли футболчи.

Беш йил давомида Россия чемпионатида тўп сурган Одил Аҳмедов ЖЧ–2018 турнирига йўлланма олиш орқади Россияга қайтишни жуда истаётганини айтди.

“ЖЧ–2018 турнирига йўл олиб, Россияга қайтишни жуда истардим. Аммо бу сафар мамлакат термаси билан боришни хоҳлар эдим. Бу шунчаки ажойиб бўларди”, – дея ўз фикрини билдирди Ўзбекистон терма жамоаси сардори.

Одил Аҳмедов терма жамоанинг бўлажак рақиблари ҳақида ўз фикрини билдирар экак, Эрон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари Осиёда энг кучлилар қаторида эканини таъкидлади.

“Эрон ва Жанубий Корея Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан саналади. Саралаш босқичининг биринчи даврасида уларни мағлубиятга учратиш имконияти бор эди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик. Бу сафар ишонч билан ўйнаймиз ва ғалаба қозониш учун курашамиз. Эрон ва Жанубий Корея билан ўйинлар биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Уларни мағлуб эта олсак, Россияга йўл олиш имконияти ошади”, – дейди Аҳмедов.  

2011–2014 йилларда Махачқалъанинг “Анжи” клуби шарафини ҳимоя қилган Одил Аҳмедов Бразилия футболи афсонаси Роберто Карлос ҳамда Камерун футболи намояндаси Самуэль Это’О билан бирга тўп суришга муяссар бўлган.  Ўзбекистон терма жамоаси сардори улардан илҳом олиб, янада профессионал ҳамда майдонда ва унинг ташқарисида ўзига нисбатан  қаттиққул бўлишни ўрганганини маълум қилди.

“Анжи”даги фаолияит давомида Роберто Карлос ва Самуэль Это’О билан бирга тўп сурдим. Улар ажойиб футболчилар. Улардан илҳом олиб, янада профессионал бўлишни, майдонда ва унинг ташқарисида ўзимга нисбатан қаттиққул бўлишни ўргандим. Россия чемпионатидаги фаолиятим мобайнида катта тажриба тўпладим. У ерда топ-футболчилар бўлгани учун рақобат ҳам кучли эди. Ўз маҳоратимни оширишдан ташқари, руҳам кучли футболчига айландим”, – деди Одил Аҳмедов.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Эрон 11 очко билан биринчи, Жанубий Корея 10 очко билан иккинчи поғонани эгаллаган. Гуруҳда 4–6 ўринларни мос равишда Сурия (5 очко), Қатар (4 очко) ва Хитой (1 очко) терма жамоалари эгаллаб турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!