Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ ёхуд ёнгинамизда улкан тарих ёзган Руни

Бир неча кун аввал, Англия ва дунё футболи афсонаси Уэйн Руни фаолиятини расман якунлади. Афсона… Ғалати эшитиляпти-а?! Биз учун у, шунчаки, Руни эди. Уэйннинг “қизил иблислар” либосида голлар уриши бизни ҳеч қачон ҳайратда қолдирмаган. Инглиз форварди кўз ўнгимизда юзлаб голлар уриб, рекордларни қалаштириб ташлаганини сезмай қолдик. “Уч шерлар” тарихида камдан-кам учрайдиган кичик жуссали ҳужумчилардан ҳисобланган Руни ўз фаолияти давомида энг сермаҳсуллар қаторидан ўрин олган. 

У Англия футболида пайдо бўлган иккинчи “олтин авлод”нинг энг ёрқин вакилларидан бири эди. Аниқроғи, у мана шу таркибнинг энг ёш ва сўнгги “қалдирғочлар”идан эди. Футболга ватан бўлган инглизлар халқаро мусобақаларда кўп ҳам катта ғалабаларни қўлга кирита олмаган. Асримиз бошида шаклланган таркибнинг ҳеч бўлмаса, яна бир маротаба мундиал ғолиблигини қўлга киритишини жуда кўпчилик кутганди. 

Ўз миллатининг том маънодаги фарзанди ҳисобланган Уэйн бошқа ҳар қайси даврда, камида, битта “Олтин тўп” ютган бўларди. Ҳақиқий омадсиз! Келинг, унинг кўзга кўринмас, лекин улкан рекордларига назар ташлаймиз. 

xtkldqrq35dxuxqm1ccv

Энг зўр “иккита”нинг бири

Англия Премьер-лигаси тарихида фақат 2 та футболчи 200 дан ортиқ тўп киритишга муваффақ бўлган. Уларнинг бир Алан Ширер (260) бўлса, иккинчиси Уэйн Руни (208). Алан ҳам Уэйн каби ўз футболчилик даврида етарлича қадр топмаган топ-ҳужумчи. Улар нақадар буюклигини натижалар кўрсатиб турибди.

PA-9644489-650x433

“Манчестер Юнайтед” тарихидаги энг яхши тўпурар

Манчестерликлар тарихида жуда кўплаб афсонавий тўпурарлар фаолият олиб борган. Жорж Бест, Бобби Чарлтон ва Денис Лоу каби футболчилар орасида Уэйннинг пешқадам мақомида эканлиги қувонарли. Чарлтонга ажойиб ўйинлари учун келажакда “Сэр” унвони берилган. Ажаб эмас, тез орада Британия қироллиги Рунининг узоқ йиллик самарали фаолиятини олий совринга муносиб кўрса…

GettyImages-633004876_1

Терма жамоа тарихидаги энг зўр “страйкер”

35 ёшли собиқ футболчи терма жамоадаги йиллари мобайнида 53 маротаба гол уришнинг уддасидан чиққан. Бу борада жамоага Жаҳон чемпионлигини тақдим этган ҳужумчилар ҳам Руни олдида мақтана олмайди. Чарлтон (49), Линекер (48) ва бошқа кўплаб катта номлар Уэйн қайд этган рекорднинг соясида қолиб кетган. Бугун Харри Кейн 32 та гол билан уни таъқиб этиш имконига эга бўлиб турибди. Кўрамиз, “Тоттенхэм” сардори ушбу маррага ета олармикан.

wayne-rooney-manchester-united-manchester-city-premier-league-12022011_yv59t8i6tu1n1qgg92qfapjda

Энг кўп асосий таркибдан ўрин олган юлдуз

Питер Шилтон 125 та ўйинда “уч шерлар” шарфаини ҳимоя қилишга муваффақ бўлган ва бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Уэйн Руни ундан 5 тагина кам учрашувда майдонга тушган. Аммо самарадорлик масаласи қай ҳолатда экани сизга маълум бўлиб улгурган бўлса керак. 

Руни узоқ йиллар мобайнида терма жамоа йиғинларидан мунтазам ўрин олиб келган. У майдонда ҳақиқий етакчи бўлиб, ўз терма жамоасини олға бошлай оларди. 

unnamed_1

Ғолиблик руҳи

Уэйн Руни майдонга тушган учрашувларда Англия терма жамоаси жуда катта фоиз билан ғалаба қозонган. Унинг иштирокидаги 71 та баҳс инглизларнинг ғалабаси билан якунланган. Бу терма жамоа тарихидаги энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди. 

_104303710_rooneywcgetty

Энг ёш тўпурар

2003 йилнинг сентябрида Англия терма жамоаси либосида гол киритган Уэйн Руни ўша пайтда 17 ёш-у 317 кунлик бўлган. Эмиль Хески бошчилигидаги жамоа ўша ўйинда Македония устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Ҳали-ҳануз ушбу рекордни ҳеч ким янгилай олмайди. 

Шунингдек, у Европа чемпионати саралаш босқичи тарихидаги энг ёш тўпурар унвонини ҳам ҳеч кимга бермай келмоқда. 

2556

Мундиал “рельс”идаги “локомотив”

Уэйн Руни Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида инглизлар учун энг кўп гол киритган футболчи сифатида ўз миллий терма жамоаси тарихидан ўрин олган. У “уч шерлар” либосини кийган ҳолда мундиал квалификациясида энг кўп гол урган (16 та) футболчи саналади. 

england-wayne-rooney

Барқарор жангчи

У майдонда ҳаракат қилган ва рақиб постини ишғол қилган ўйинларнинг аксарияти финал мусобақаларига тўғри келади. Фаолияти давомида 71 маротаба Жаҳон чемпионати, Европа чемпионати каби расмий мусобақалар финал босқичларида ҳаракат қилган Руни ушбу тўқнашувларда 37 та гол уришга эришган. 

wayne-rooney-m

Унинг рекордларини яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин эди. Роналду ва Месси эрасида пайдо бўлиб қолган Уэйн Рунини футбол олами етарлича эъзозламади. Испания гегемонияси остидаги футболда порлаган инглиз афсонаси етарлича юқори парвоз қила олмади. “Барселона” “тики-така”си етилган пайтда ўзининг авж палласига чиққан юлдуз ўзи муносиб бўлгандан кўра камроқ совринлар билан чекланди. Ҳа, у футболдаги ноёб омадсизлардан бири. Аммо барчамиз уни яхши кўрардик. Шу ўринда, футбол мухлиси сифатида, сенга бетакрор болалик хотираларида муҳрлаган беназир голларинг учун раҳмат айтамиз, Руни! Омад сенга ёр бўлсин!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!