Олег Зотеев: Корея - футболдаги "умримни" узайтиради

Кўп йиллар давомида “Локомотив” клубида муносиб ўйинлар кўрсатган қанот ҳимоячиси Олег Зотеев энди Жанубий Кореянинг Кей-2 лигасида «Чоннам Драгонс” жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

Натижада у билан суҳбатлашишни ният қилиб қўйгандик. Аммо, у Жанубий Кореяга етиб боргач, дастлаб икки ҳафталик карантинган олинганди. Шу боис футболчи карантин муддати тугашини кутиб туришимизни сўраганди.

Ниҳоят, карантиндан чиқиб, янги клуби билан шартнома тузганидан сўнг унинг ўзи Sports.uz мухбирига қўнғироқ қилди.

- Салом Олег, сизни янги клуб аъзосига айланганингиз билан табриклайман. Тўғриси, янги мавсумни “Локомотив”да бошлаганингиз сабабли сизни легионер мақомига эга бўлишингизни кутмагандик. Айтинг-чи, воқеалар ривожи олдиндан жиддий тус олаётганмиди ёки барчаси тўсатдан юз бердими?

- Авваламбор барчага ассалому алайкум. Табрик учун раҳмат. Биласизми, Жанубий Корея клуби билан февраль ойида музокараларга киришгандик. Лекин коронавирус ҳамма жойга ёйилиб кетди. Натижада корейслар билан 27-28 февраль кунлари музокаралар тўхтаб қолди. Шундай қилиб, музокаралар тугади ва мен “Локомотив”да ўйнашда давом этдим. Апрель ойида эса улар яна алоқага чиқишди. Жанубий Кореяда чемпионат май ойида бошланган ва ҳозиргача бешта тур ўтган. Хуллас, иккинчи марта музокаралар бошлангач, “Локомотив” раҳбарияти билан гаплашдим ва менинг кетишимга рухсат беришди. Менинг Жанубий Кореяга кетишим шундай юз берди.

- Тушунарли. Аммо пандемия туфайли авиарейслар ҳам тўхтатилганди. Қизиқ, сиз қандай қилиб Кореяга жўнаб кетдингиз?

- 10 июнь куни Жанубий Кореяга алоҳида рейс бор эди. Қолаверса, клубдагилар менга виза юборишди ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришганди. Шундай қилиб, 10 июнь куни кетдим ва 11-куни манзилга етиб келдим. Шу заҳотиёқ икки ҳафталик карантинга кирдим.

- Сизни у ерда қандай қарши олишди? Шунингдек, қанча муддатга шартнома тузилди? Умуман олганда, янги клубингиздаги дастлабки таассуротларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз.

- Ҳаммаси яхши. Клуб билан 1,5 йилга мўлжалланган шартномага имзо чекдим. Кўриниб турибдики, янги жамоамда ҳамма мамнун – мураббийлар, футболчилар ва раҳбарият менинг келганимдан хурсанд бўлишди. Шароитлар ҳам кўнгилдагидек. Жамоамнинг мақсади эса жиддий. Ҳозир Кей-2 лигасида иштирок этяпти, лекин асосий вазифа Кей-1 лигага йўл олишдан иборат. Ўтган йилги мавсумда ҳам “Чоннам Драгонс” Кей-1 лигага қайтиш учун роса ҳаракат қилган, бироқ мақсадига эришишига фақат уч очко етмай қолган экан. Ҳозиргача мен янги клубимда иккита машғулотда иштирок этдим.

зотеев_1

- Дарвоқе, у ерда корейслар билан қандай гаплашяпсиз? Тил масаласида қийналиб қолмаяпсизми?

- Улар билан инглиз тилида мулоқот қиляпман. Чунки оз-моз билардим, шу сабабли ўзаро мулоқот жараёнида бемалол гапларимни тушунтириб бера оляпман.

- Билишимча, сиз янги жамоангизда ҳам 33-рақамда ўйнар экансиз. “Локомотив”да ҳам шу рақамда ўйнардингиз...

- Аслида 3 рақамларини ёқтираман (кулади). Шу боис эътибор берган бўлсангиз, асосан 13 ва 33-рақамларда ўйнаганман...

- Тўғри, миллий термада сизни 13-рақам остида кўрардик...

- Ҳа, тўғри. Терма жамоа ва “Олмалиқ” клубида айнан 13-рақамда тўп сурганман. “Бунёдкор”га ўтган пайтимда Лутфулла Тўраев у ерда 13-рақамда ўйнарди. Мен эса 33 ни танлаганман. Шундан бери ушбу рақам остида тўп суриб келяпман. Қизиғи, “Локомотив”га келган пайтимда ҳам Лутфулла Тўраев ўша ерда эди ва 13-рақам унда эди. Натижада мен яна 33 ни олгандим.

зотеев2_1

- Сиз билан бунгача ҳам бир неча бор гаплашганмиз ва ўшанда легионер сифатида четда ўйнаш ниятингиз борлиги ҳақида айтгандингиз. Бу борада сизга Россия, Эрон ва яна бошқа мамлакатлардан чақирувлар бўлганини ҳам биламиз. Ниҳоят, мана энди хориждан легионер бўлиб тўп суриш имкониятига эга бўлдингиз. Лекин 31 ёшда четда ўйнашингизни инобатга олсак, сиз учун кеч эмасми?

- Кеч ёки кеч эмаслигини фақат вақт кўрсатади. Нимага Жанубий Кореяга кетдим? Чунки менга у ердаги фаолиятим давомида жисмоний тайёргарлик, тактика томонлама ёрдам бериши керак. Чунки менинг ниятим шундайки, Кореядаги фаолиятимдан кейин ҳам яна беш йилча футбол ўйнамоқчиман. Масалан, 1,5 йилдан кейин Ўзбекистонга қайтсам ҳам ўзимизнинг чемпионатга яхши спорт формасида қайтмоқчиман. Бир нарсани тан олишим керак, 5 июль куни 31 ёшни қарши оламан. Сезяпманки, ўйинимда пасайиш юз бераётганди. Кореядан тушган таклиф эса мен учун айни муддао бўлди. Чунки менинг янги ниятларим бор эди. Жанубий Кореяда эса футболчилар жисмонан кучли. Менга эса мана шундай янги чақирув керак эди. Аслида бундай ёшда камдан-кам футболчи легионерга айланади. Мен эса у ерга қўрқмасдан кетдим. Энди эса бу ёғи нима бўлишини фақат Худо билади. Лекин бу мен учун янги чақирув эди. Шу боисдан бошқа мамлакатда ҳамма нарса менга янгича бўлиб туюлмоқда. Бемалол айта оламанки, бу олдинга ташланган қадам бўлди. Билсангиз, ўз вақтида Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих сингари футболчиларимиз ҳам Жанубий Кореяда ўйнаб, тажрибаларини ошириб, 32-33 ёшларида Ўзбекистонга қайтиб, ўзимизнинг чемпионатда хотиржам равишда ўйнашган. Балки мен ҳам 33 ёшимда Ўзбекистон чемпионатига қайтиб уч йилча юқори формада ўйнарман.

- Сиз Жанубий Кореядаги илк легионеримиз эмассиз. Чунки айни пайтда у ерда бир нечта ҳамюртларимиз тўп суришмоқда. Кореяга кетишдан аввал ўша чемпионатда ўйнаётган ҳамюртларимиз билан маслаҳатлашдингизми?

- Тўғрисини айтсам, бу масалада ҳеч кимдан маслаҳат олганим йўқ. Шунчаки, улар билан салом-алик қилиб, гаплашиб тураман холос. Биласизми, менинг қарорим қатъий эди ва Жанубий Кореяга кетишга аҳд қилиб қўйгандим.

- Дастлабки ўйинингизни кутиб ҳаяжонланмаяпсизми?

- Ҳаяжон бироз бор, йўқ эмас. Лекин, биласизми, мен уч ой давомида футбол ўйнаганим йўқ. Охирги марта ўзимизнинг чемпионатимизда 15 март куни расмий учрашувда тўп сургандим. Тўғри, янги клубимда машғулотларда қатнашишга киришдим. Бироқ барибир машғулот бошқа, расмий ўйин бошқа. Бу мен учун синов эканлигини ҳам яхши тушуниб турибман. Чунки янги мамлакат, янги клуб, янги тактика...мослашишимга вақт керак. Эртага расмий ўйинимиз бор, менимча 1 июль куни бўладиган учрашувда майдонга тушсам керак. Нима бўлганда ҳам 3-4 та ўйин менга қийин бўлишини билиб турибман. Ахир уч ой футболсиз юрдим ва бу жуда катта танаффус. Кореяда эса 8 та тур ўтказиб бўлинган. Табиийки, футболчилар яхши спорт формасида ва кучлари ҳам кўп. Шу синовдан ўтиб олсам ҳаммаси яхши бўлади. Аслида ҳар қандай легионер учун бошқа мамлакатда тўп суриш бу катта синов ҳисобланади. Боз устига мен 31 га кирдим ва энди ёш ўйинчи эмасман. Демак, менга ўйлаганимдан ҳам кўра, икки баробар кўпроқ қийин бўлади. Менга бошқа бундай имконият бўлмайди. Шундай экан, бу ерда ё ўйнашим керак ёки аксинча.

зотеев5

- Жанубий Кореяда ҳам футболчиларга яхши ҳақ тўлашади. Бу борада “Локомотив”даги ойлик маошингиз билан солиштирганда фарқи катта бўлса керак-а?

- (Кулади) Бу саволга кейинги йили ҳам Кореяда қолсам, кейин айтаман. Ахир бу ерга эндигина келдим. Мен футболни севаман. Кўпчилик эса менинг бу танловимни у қадар оқлашмади. Нега кетдинг, у ерда қийин бўлади, сенга шу керакмиди, “Локомотив”да асосий таркибнинг 100 фоизлик ўйинчиси эдинг, у ерда ўйнаб юрсанг бўлмасмиди, деган гапларни айтишди. Хуллас, кўпчилик бу қароримни таваккал деб ҳисоблашмоқда. Албатта, янги жамоамда ўзимни кўрсатишим ва нималарга қодирлигимни исботлашим керак. Қани, ярим йил ўйнаб кўрайчи, кейин тўғри ё нотўғри йўл тутганимни вақт кўрсатади. Олдимизда яна 20 та тур бор.   

- Собиқ клубингиз – “Локомотив”нинг ишлари яхши эмас. Улар кетма-кет учта ўйиндан бери ютқазаётганини биласиз. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

- Фикримни айтадиган бўлсам, “Локомотив” беш йил ичида 3 марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2 тадан Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубогини ҳам қўлга киритди. Бу йил эса жамоадан 8-9 нафар етакчи футболчилар кетишди. Тажрибали ўйинчилардан эса 2-3 нафари қолган. Таркибга эса янги ўйинчилар қўшилишган. Уларнинг клубга мослашиб кетишига бироз вақт керак. Масалан, “Реал”да ҳам Европа Чемпионлар лигасини уч марта ютганидан кейин пасайиш бўлди. “Барселона”да ҳам шундай ҳолат кузатилди. Айниқса, Хави, Иньеста каби етакчилар кетишгач, “Барса”да муаммолар бошланди. Шундай экан, “Локомотив”га ҳам вақт зарур. Чунки клубга Осиё Чемпионлар лигаси ва миллий терма жамоада ўйнамаган ёш футболчилар келишган. “Локо”да кўпни кўрган етакчилардан Игнатий Нестеров, Вадим Афонин ҳамда Кахи Махарадзе бор. Шу боис бундай пайтда барибир жамоага қийин бўлиши турган гап. Аммо “Локомотив” ҳали қайтади.

- Шунингдек, бош мураббий Андрей Фёдоровнинг ҳам истеъфога чиқиши мумкинлиги борасида эшитиб турибмиз. Бу ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Унга ҳам вақт керак. Нимага? Чунки “Локо” унинг бошчилигида янгича тактикада ўйнаяпти. Таркибда эса боя айтганимдек, ёш ўйинчилар кўп. Фикрим шундайки Фёдоров клубда қолиши керак. Чунки у “Локомотив”ни яхши билади. Янги мураббий келса, унинг тактикасига ва фалсафасига мослашишига ҳам яна вақт керак бўлади. Оқибатда шу таркиб билан натижа кўрсата олмайди. Ҳозирги йигитларни эса Фёдоровнинг ўзи яхши билади. Аслида ҳар қандай мутахассиснинг ўзига яраша тактик услублари мавжуд. Андрей Фёдоровнинг ҳам ўйлаганларини амалга татбиқ этиши бирданига юз бериб қолмайди, бироз вақт бериш керак.

зотеев4_1

- Яна миллий терма жамоамизга қайтишингизга ишонасизми? Балки легионер сифатида фаолият олиб боришингиз бу борада ёрдам берар?!

- Буни ҳам вақт кўрсатади. Октябрь ойида ФИФА кунлари. Агар Жанубий Кореяда яхши ўйнаб кетсам, демак тўғри қилган бўламан. Агар захирада қолиб кетсам, мен учун нотўғри бўлади. Лекин ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Ҳали октябрда терма жамоамиз ўйнайдими-йўқми, буни билиб бўлмайди. Ҳали Жанубий Корея чемпионатида ҳам ўйнай оламанми ё йўқми, буниси ҳам номаълум. Чунки эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Тўғриси, Жанубий Кореяда футболчилар жуда тез. Жамоамнинг машғулотларида ҳам ўйинчиларнинг текзорлиги яққол билиниб турибди. Бу борада Ўзбекистон чемпионатидан фарқи кўриняпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!