Олисе учун курашга янги гранд қўшилди
Мюнхеннинг «Бавария» жамоасида ёрқин ўйини билан ном қозонган вингер Майкл Олисега Лондоннинг «Арсенал» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, «Арсенал» бош мураббийи Микель Артета француз футболчисини ўз жамоасида кўришни истамоқда. Унинг режаларига кўра, агар трансфер амалга ошса, Олисе «Арсенал» ҳужумида марказий ўрин тутадиган асосий фигурага айланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 24 ёшли вингер ўйинини «Реал», «ПСЖ» ва «Ливерпуль» скаутлари ҳам кузатишни давом эттирмоқда.
Хабарда таъкидланишича, «Бавария» Олисе билан шартномани узайтириш ва унинг маошини сезиларли даражада ошириш ниятида. Бироқ томонлар келишувга эриша олмаса, 2027 йил ёзида «Арсенал» футболчини қўлга киритиш бўйича фаол ҳаракат бошлаши мумкин.
Жорий мавсумда Олисе барча мусобақалар доирасида тўққиз ўйинда майдонга тушиб, саккизта гол урди ва тўртта голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 180 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Фикрлар