Ўрта Осиё футболига биринчилардан бўлиб кўчиб ўтган африкалик легионер футболчилар кимлигини биласизми? Уларнинг ҳеч бири 30 ёшга ҳам етиб бормаган! Ачинарли ҳикоя
1989 йилда Собиқ Совет мамлакати африкалик легионерлар учун ўз футбол эшикларини очади. Замбиялик Дерби Макинка, Виздом Чанса ва Пирсон Мванза биринчилардан бўлиб СССР клублари таркибидаги хорижлик футболчи мақомини олади. Бугун, SPORTS.uz айнан шу йигитларнинг аянчли ҳаёти ҳақидаги ҳикояни тақдим этади.
1983 йил эндигина мураббийликни бошлаган россиялик таниқли мутахассис Юрий Сёмин Тожикистонга йўл олади. У биринчи лигада тўп сураётган Душанбенинг “Помир” клуби бош мураббийи этиб тайинланади. Келажакда Россиянинг “Локомотив” жамоаси афсонасига айланадиган мутахассис 1986 йилга қадар “Помир” бошқарувида фаолият олиб боради. У қурган фундаментни маҳаллий мутахассис Шариф Назаров мунисоб давом эттирди. Шу тариқа, 1988 йилда жамоа Олий лигага йўл олди. Кейин, иш юзасидан Миср томонларга кетиб қолди. Бўш қолган ўринни Олег Хаби эгаллади. Айтишларича, айнан шу мураббийнинг истагига кўра Душанбе шаҳрида 3 та африкалик легионер футболчи пайдо бўлган. 24 ёшли ярим ҳимоячи Макинка ("Профунд Уорирорз"), 21 ёшли Мванза ("Пауер Дайнамоз") ва 25 ёшли Чанса ("Пауер Дайнамоз") катта умидлар билан Тожикистонга кўчиб келади.
Шу ўринда, бу трансферлар шунчаки амалга оширилмаганини алоҳида эътироф этиш лозим. Улар кўчада қолган африкаликлар эмас, 1988 йилги Олимпиадада Замбия термаси сафида Италияни гуруҳда қолдириб кетган юлдузлар эди. Кейинчалик, улар ортга қайтиб, Замбия терма жамоаси сафида Африка Миллатлар кубогининг бронза медалларига эга чиққани сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Содда қилиб айтганда, Олег Хаби бу йигитлар Ўрта Осиё жамоасини кучайтиришга қодир деб ҳисоблаган.
“Помир” 1989 йилги мавсумда бор кучи билан элитада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб боради. Янги келган футболчилар яна биринчи лигага равона бўлмаслик учун клубга ёрдам бериши кўзда тутилган эди.
Замбиялик йигитлар иссиқ ўлкалардан анчагина совуқ иқлимга кўчиб келгани боис, спорт формасини тиклашда катта қийинчиликка дуч келди. Октябрь ойининг ўрталарига келиб, спорт форма тикланди, аммо…
Ўша жамоанинг собиқ дарвозабони Андрей Мананников кейинчалик “SPORTS Express” нашри учун берган интервьюсида вазиятни батафсил сўзлаб берганди:
“Замбияликлар ғаройиб эди. Ичкилик ичишни жуда яхши кўришарди. Интурист меҳмонхонасига жойлашиб олгач, деярли бардан чиқмай қўйишди. Куз келиши билан, совуқ ҳавода футбол ўйнашдан бош тортишди. Кейинчалик, уларнинг барчаси анчагина семириб кетди. Футболчига ҳам ўхшамай қолди”.
Макинка ва Чанса илк бор “Помир” сафида Олий лиганинг 27-турида майдонга тушди. Москвада “Торпедо”га қарши баҳсда йигитлар 90 дақиқа ҳаракат қилди, аммо меҳмонлар 0:4 ҳисобида енгилди. Ўша беллашувда иштирок этган футболчи Алимжон Рафиқов шундай хотирлайди:
“Уларга бу ерда қийин бўлгани рост. Ёдимда бор, асосий устунлиги жисмоний тайёргарлиги ва тўп учун кескин курашадиган ҳимоячиларида бўлган “Торпедо” билан меҳмонда ўйнадик. Учрашувни асосий таркибда бошлаган замбияликлар 15-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда оқариб кетди. Улар асосан техник томондан кучли бўлгани боис, курашлардан қочишга интилар, бироқ рақиб биринчи имкон бўлиши билан легионерларимизни туртиб кетишни канда қилмасди. Шунга қарамай, африкаликларнинг таркибимизда борлиги бизни янада машҳур қилиб юборди. Москвадаги машғулотларимизга мухлислар келиб томоша қилганини ҳеч ҳам унутмайман”.
Санкт-Петербургнинг “Зенит” клуби билан лигада қолиш учун "жанг" сўнгги турларга қадар давом этади. Айниқса, томонларнинг Тожикистондаги тўқнашуви ҳали-ҳамон маҳаллий футболчиларнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Ўша баҳсда майдон эгалари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Мванза ўйин якунланишига 15 дақиқа қолганда майдонга тушади, аммо ҳисобга таъсир кўрсата олмайди. Макинка ва Чансе эса, кун жуда совуқ бўлгани боис беллашувда иштирок этишдан бош тортади. Ўша куни ҳаво ҳарорати +22 бўлганини инобатга олсак, замбияликларнинг қандай иссиқ ўлкадан келганини тасаввур қилиш мумкин.
Олий лигадан тушиб кетмаслик учун жон-жаҳди билан кураш олиб бораётган “Помир” 29-турда “Ротор” меҳмони (0:1) бўлади. Бу сафар Мванза 79, Чанса 11, Макинка эса, 16 дақиқа майдонда тўп суради. Сўнгги турда "Помир" элитада жон сақлаб қолиш учун “Металлист” билан куч синашади. Майдон эгаларини дуранг ҳам қаноатлантиргани учун ўта эҳтиёткор ўтган ўйин 0:0 натижасида ниҳоясига етади. Мванза 90, Макинка 52, Чанса 38 дақиқа ҳаракат қилади.
Айнан шу баҳсдан сўнг Замбиядан келган уч оға-ини ботирларнинг Тожикистондаги саргузаштлари якунланади. Учаласи бир бўлиб ҳам бирорта гол урмаганига қарамай, Макинка фаолиятини Польшанинг “Лех” клубида давом эттирди. Қолганлар, иссиқ ўлка – Замбия томонларга равона бўлди.
Шу ерда ҳикояни тугатиш мумкин, аммо унинг бош қаҳрамонлари тақдири қандай кечгани барчага қизиқ. Ачинарлиси шундаки, қаҳрамонларимизнинг бирортаси 30 ёшга ҳам кирмай, оламдан ўтади. Макинка ва Чанса авиаҳалокат сабабли вафот этади.
1993 йилда Замбия терма жамоаси "ЖЧ-94" учун жиддий курашга киришади. Биринчи босқич муваффақиятли якунлангач, улар Марокаш ва Сенегал термаларига қарши йўлланма учун курашга киришди. Гуруҳ ғолибигина АҚШда ўтадиган мундиал иштирокчисига айланишини ҳисобга олсак, кураш шавқатсиз кечгани аниқ. Аввалига, ўз уйида Марокаш 2:1 натижасида доғда қолдирилади. Иккинчи ўйин 1993 йилнинг 2 май санасида, Сенегалда бўлиши режалаштирилган эди.
Замбия қашшоқ мамлакат бўлгани боис, Сенегалга етиб бориш учун транспорт масаласи ўртага ташланади. Натижада, ҳарбий самалёт ҳисобланган “DHS-5D Buffalo”дан бошқа вариант йўқ эканлиги маълум бўлади. Техника анча эскиб бўгани туфайли техник кўрикдан ўтказилмаган эди. Боз устига, Замбиядан Сенегалга қадар учиб келиш учун 3 маротаба ёқилғи қуйиш учун тўхташ лозим эди.
Аввалига, Конгога қадар ҳеч қандай муаммосиз етиб келинди, бироқ борт механиклари ўнг қанотдаги двигателда муаммо борлигини маълум қилади. Пилот Фонтен Моне эса, кейинги манзилга қадар етиб олиш кераклигини айтиб, парвозни давом эттиради. Афсуски, самолёт 500 метр баландликка чиққанида, ўнг қанотда ёнғин чиқади. Пилот двигателни ўчириш ўрнига ортга бурилмоқчи бўлади, аммо шамолнинг кучли эсиши сабабли Атлантика океанига қулаб тушади. Орадан 10 йил ўтганидан сўнг эълон қилинган маълумотларга қараганда, учувчи бир сутка давомида рулда бўлгани боис, ёнғин чиққан двигателни эмас, чап қанотдаги двигателни ўчирган экан…
Макинка ва Чансадан ташқари бортда яна 16 футболчи ҳам бор эди. Умумий ҳисобда 30 инсон бу омадсиз парвоз қурбонига айланади.
Мванза эса, Замбия терма жамоасидан бошқа чақирув олгани йўқ. Бироз муддат футбол ўйнагач, бутсаларини михга илишга қарор қилди. 1997 йилда номаълум кассалликдан вафот этади. Шу тариқа, Собиқ Совет мамлакатида тўп сурган илк легионерларининг ҳикояси ўз якунига етади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев таржимаси.
Фикрлар