Ўрунов, ўйнасанг Рой Кин ёки Гаттузодек ўйна!
“Спартак”да дебютини муваффақиятли ўтказган ўзбекистонлик легионер Остон Ўрунов футбол мутахассислари ва мухлислари диққат марказида бўлиб турибди. Россиялик журналистлар истеъдодли футболчи ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш, унинг маҳорати ва ўйин услубини билиб олиш учун Остон Ўруновга “Навбаҳор”да устозлик қилган Андрей Канчельскисга мурожаат қилиб, ҳамюртимиз ҳақида фикрларини сўради.
- Остон Ўруновнинг "Спартак"даги истиқболини қандай баҳолайсиз?
- У “Навбаҳор”да менинг қўл остимда ўйнаганку. Жуда истеъдодли бола. Баланд бўйли, бақувват, техникаси зўр, тезкор ва зарбаси кучли футболчи. Руҳияти баланд, ўйинда масъулиятни ўзига олишдан қўрқмайди, ҳайиқмай рақибни алдаб ўтади. Агар Ўруновни тактик жиҳатдан янада кучлироқ тарбиялашса, у “Спартак” жамоасига катта фойда келтиради.
- Қайси позицияда?
- Бизда ҳужумкор позицияда ўйнарди. У тўпни эгаллаб олиб, олдинга ташланган ҳолда икки-уч рақибини алдаб ўтиб, аниқ зарба берарди. Ёки жамоадошига зўр пас оширарди.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида уни майдон марказида ўйнатишди. Унинг эркин ҳаракат қилишига рухсат беришарди. Баъзан бу иш бермасди. Ўз дарвозасига яқин жойда рақибни алдаб ўтолмай, тўпни йўқотган пайтлар ҳам бўлган.
Мен Остонга катта футболда талаблар умуман бошқача эканини тушунтириб берганман. Мисол тариқасида, Рой Кин, Пол Инс, Стефан Шварц ва Женнаро Гаттузодек ўйнаши кераклигини келтиргандим. Бу йигитларнинг бошқалардан фарқи – улар майдон марказида ўта эҳтиёткор ва фантастик даражада ишончли ўйнар эди. Ва улар оддий вазиятда ҳам умуман тўпни йўқотмас эди.
Ўруновнинг бизнинг услубга кўникиши қийин кечаётганини билиб, уни ҳужум чизиғига яқинроқ позицияга қўйдим. Ҳужумкор футболчи сифатида ўйини очилиб кетди, ҳар бир учрашувда камида бир жуфт хавфли вазият яратадиган бўлди.
- У такаббур болами?
- Нималар деяпсиз! Аксинча, оғир-босиқ бола. Одамгарчилиги бўйича гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Режимга қатъий амал қилади. Бу борада Ўзбекистон футболчилари ўртасида қоидабузар шахслар умуман йўқ.
- Ўрунов “Спартак” билан шартнома имзолаганидан кейин қимматбаҳо харидлари суратини ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади...
- Мен нега шу суратлар учун унга осилишаётганини умуман тушунмайман. Бошқа футболчилар дўконларга бормайдими? Бренд маҳсулотларни харид қилишни истамайдими? Майли, Остон харидлар сонини ошириб юборгандир. Кўзи ёниб, кўпроқ нарса олгандир. Ёшликда шунақаси ҳам бўлади.
Андрей Канчельскис орада қисқа танаффусни ҳисобга олмаганда, 2018 йилдан буён “Навбаҳор”ни бошқариб келмоқда. Мураббий сифатида Россия ва Латвия клубларида ишлаган. Футболчилик фаолияти давомида собиқ Иттифоқ тарқалиб кетганидан кейин, “Манчестер Юнайтед”, “Эвертон”, “Фиорентина”, “Глазго Рейнжерс”, “Манчестер Сити”, “Саутгемптон”, “Ал-Ҳилол” жамоаларида легионер сифатида ўйнади. Кейинчалик Россияга қайтиб, “Сатурн” ва “Крилья Советов” шарафини ҳимоя қилди.
Андрей Канчельскис Англия ва Шотландия чемпиони, Европа Суперкубоги, СССР, Англия, Шотландия ва Саудия Арабистони кубоги соҳиби бўлган. У собиқ Иттифоқ, МДҲ ва Россия терма жамоаларида тўп сурган. Фаолияти давомида 500 дан ортиқ учрашувда 100 дан зиёд гол урган.
“Спартак” бир неча футболчилардан қутилмоқчи. Ўрунов нима қилади?
“Спартак”нинг энг қиммат футболчиси кетишига Ўрунов сабабчими?
Шомуродов, Жалолиддинов ва Ўруновга Европа эшиги очиладими?
Легионерларимиз кубок учун курашади. 20 миллион мукофоти ҳам бор!
Ўруновнинг ўйинини ўзгартирманг!
Фикрлар