Ўруновнинг ўйинини ўзгартирманг!
Ўзбекистонлик Остон Ўруновнинг “Спартак”даги дебюти мутахассислар томонидан яхши қабул қилинди. Таниқли экспертлар ҳамюртимизнинг ўйинини баҳолашда давом этмоқда.
“Спартак” фахрийси, тажрибали футбол мутахассиси Евгений Ловчев ҳам дебютант футболчининг ўзига хос жиҳатини илғай олганини таъкидлади.
- Ўрунов – ажойиб футболчи. Техникаси ҳақиқатан кучли экан. Шу билан бирга индивидуалист. Айнан мана шу хусусияти керак. Энг муҳими, мураббийлар “Тўпни қабул қилиб олдингми, дарров жамоадошингга узат!”, - деб Остоннинг ўйин услубини ўзгартиришга ҳаракат қилмаслиги керак. Унга ўзи истаганча ўйнаш имкониятини яратиб бериш лозим. У майдонга ўзгача иштиёқ билан тушганини кўрдик, - деди Евгений Ловчев.
Дарҳақиқат, ўйин таҳлили билан шуғулланувчи мутахассислар ҳам Ўруновнинг дебюти муваффақиятли бўлганини таъкидламоқда. Учрашувда жами 25 дақиқа ҳаракат қилган ҳамюртимиз майдоннинг рақиб томонида ишончли ҳаракат қилди, дриблингларини муваффақиятли амалга оширди ва тўп узатишларда бирор марта хато га йўл қўймади. У тўпни ўз жамоадошларига 15 марта узатди ва уларнинг ҳаммаси мўлжалга аниқ етиб борди. Бу бошланишига зўр натижа.
Ўз вақтида “Спартак”да мураббий лавозимида ишлаган футбол мутахассиси Валерий Гладилин ҳам ушбу жамоанинг ўйинларини мунтазам таҳлил қилиб боради. Айнан мана шу мутахассис яқинда янги ўйинчилар – Александр Кокорин ва Остон Ўруновнинг “Спартак” жамоасида ўзгариш қилишини кутаётганини айтганди.
- “Спартак”нинг ўйинида айтарли ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Таркиб ўша, тактика ўша. Еврокубокларда ўйнаш иштиёқи қўшилган бўлиши мумкин. Лекин кўзга ташланадиган ўзгариш, янгиланиш йўқ. Энди янги ижрочилар, яъни Остон Ўрунов ва Александр Кокорин ўйинга қўшилса, нималардир ўзгаришига умид қилса бўлади. Улар “Спартак” ўйинига мотивация ва сифат олиб киради, - деган эди Гладикин.
Унинг гаплари бежиз эмаслиги Остон “Арсенал”га қарши ўтказилган илк учрашувида қисман исботлай олди. Шу ўринда, бош мураббий Доменико Тедеско ҳам ўзбек футболчисига ўзининг услубида ўйнаши кераклигини айтгани ҳам қўл келди.
- Дебютимдан ўзимда яхши таассурот қолди. Бош мураббий менга ўз ўйинимни намойиш этишимни, тўпни олиб, рақибларни алдаб, олдинга интилишимни тайинлади, - дейди Остон Ўруновнинг ўзи.
Албатта, битта ўйин билан Остон Ўруновнинг бор истеъдодига баҳо бериб бўлмайди. Муҳими, унинг шаклланиб бўлган ўз ўйин услуби бор. Остоннинг ўйини креативлиги билан ажралиб туришини россиялик мутахассислар ҳам эътироф этмоқда ва мураббийларни ўзбек футболчисининг ўзига хос жозибадор ўйин услубини сақлаб қолишга чақирмоқда.
Фикрлар