Ўрунов мухлисларига хушхабар!

Ўзбек футболида бирдан порлаган Остон Ўрунов сўнгги бир йил ичида анча мураккаб кунларни бошдан ўтказганидан ҳаммамиз хабардормиз. Ёш футболчимизни бирданига юлдуз даражасига чиқариб қўйган “Спартак” трансфери амалда ўта муваффақиятсиз танлов бўлиб чиқди.

2020 йилнинг бошида рус заминига қадам босган Ўрунов ярим мавсум давомида креатив ўйин услуби, курашувчанлиги, кутилмаган қарорлари ва майдонда қўрқмай ҳаракат қилиши орқали кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди. Уни олишни истаган жамоалар сони бирданига кўпайиб кетди.

18058979_192_216_1744_1089_1920x0_80_0_0_a4aefa78f20afba9e43dc3423e4bdf54

Ўтган йилнинг ёзги трансферлар ойнаси Остон учун том маънода бурилиш нуқтаси бўлди. Лекин “Спартак” трансфери Ўруновни ҳамма кутганидек ижобий томонга эмас, балки ёш йигитнинг бошига кўп ташвишларни солган, иродаси ва сабр-тоқатини синаган қоронғулик тарафига етаклади.

Балки, Ўрунов ёш футболчиларга катта йўл очиб беришда улкан тажрибага эга бўлган ЦСКА, “Рубин” ёки “Зенит”га ўтганида ҳам юқори даражада ўйнаб кетиш имконига эга бўлиши мумкин эди. Лекин “Спартак”да  ундай бўлмади.  

“Спартак” ҳар доим мураккаб жамоа бўлган ва ҳозир ҳам вазият ўзгаргани йўқ. Чемпионликни даъво қилиб келаётган пойтахтнинг бу жамоасини россиялик, германиялик, португалиялик мураббийлар ҳам муваффақият сари етаклай олгани йўқ.

Тан олиш керакки, Остон Ўруновни “Спартак”га ўтишида бош ролни ўйнаган Шамиль Газизов қийин аҳволда қолиб кетган шогирдини ташлаб қўйгани йўқ. Ўзи ортидан Остонни ҳам “Уфа”га олиб келиш йўлини топди.

6f527e6a635cfacc2b7303b7c170d170

Ўрунов ҳам иродали йигит экан. Кўп танқидлар ва турли даражадаги босимларга парво қилмади. Жимгина яна имкони келишини кутди. Мана ўша дамлар келди. Ҳам психологик, ҳам жисмоний жароҳатларидан қутилди. Остон Ўрунов жароҳатидан фориғ бўлганидан кейин “Уфа” таркибидаги илк учрашувини 17 октябрда “Краснодар”га қарши ўтказди ва жамоасининг кучли клубдан бир очко олишига ҳисса қўшди.

Кейин футболчимиз кетма-кет учта учрашувни илк дақиқалардан бошлади. Остон ўйнаётган ўйинларда уфаликлар мағлубиятсиз сериясини тўртта учрашувга етказди. Улар “Ахмат”ни енгиб, “Рубин” ва “Арсенал” билан очко бўлишди. Натижада жамоа хавфли ҳудудни тарк этди ва премьер-лигада жон сақлаб қолишига умид пайдо бўлди.  

Мутахассислар Остон Ўрунов ички рақобатда россиялик ярим ҳимоячи Владислам Камиловни асосий таркибдан сиқиб чиқарганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Остон рақиб футболчиларини алдаб ўтиш ва ҳужумчиларга қулай пас ошириш борасида қисқа фурсатда жамоа етакчисига айланди.

Тулада “Арсенал”га қарши ўтказилган сўнгги ўйинда легионеримиз олти марта рақиб футболчиларини алдаб ўтишга муваффақ бўлди. Қизиғи, “Арсенал”нинг барча ўйинчилари биргаликда 7 марта алдамчи ҳаракатлардан унумли фойдалана олди холос.

Мутахассислар Остон Ўрунов аввалги даражасига кўтарила бошлаганини ва ҳақли равишда бошланғич таркибдан жой олаётганини таъкидламоқда. “Уфа” мураббийлари ҳам футболчимизнинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўйиб беряпти ва уни жамоанинг креативлигига масъул қилиб тайинлашган.

Ўрунов ўйнаган учрашувларда “Уфа”нинг ҳужуми сезиларли даражада тезлашаётгани эътироф этиляпти. Энди ҳамюртимиз барқарорликни йўлга қўйиб олса, яна аввалгидек порлайди.

2db112b5_9c60_4725_a034_e8b6b340de55_jpg_crop1596687208_ejw_1142

Биз Остон Ўруновга муваффақият тилаган ҳолда, тез орада унинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтишига умид қиламиз.

Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Моуриньо эшитяпсанми, бу футболчи Римга бормайди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Shavkat Pardaev
07/11/2021 11:55
Остонга фақат омад тилаймиз.