Моуриньо эшитяпсанми, бу футболчи Римга бормайди!
Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Рома” мухлислар ишончини йўқота бошлади. Ҳатто Норвегиядаги 1:6 ҳисобида аламли мағлубиятдан кейин ҳам португалиялик мутахассисни ҳеч иккиланишсиз қўллаб-қувватлаб келган римлик футбол ишқибозлари “Олимпико” аренасидаги “Будё-Глимт”га қарши иккинчи баҳсда яна бир мағлубиятдан базўр қутилиб қолган Жозе Моуриньога ҳуштакбозлик қилишди.
Футбол мутахассислари Жозе Моуриньо аввалги мавқеидан узоқлашиб кетганини таъкидлай бошлади. Португалиялик мутахассис мағлубиятлар сабабини ўзидан, қўллаётган услубидан қидириш ўрнига ҳакамларни айблаш ва таркибда юқори малакали ўйинчилар етишмаётганидан нолиш билан банд.
Моуриньо жанговар жамоа тузиш учун қимматбаҳо юлдузларни олиб келишни талаб қилмоқда. Хусусан, у клуб раҳбариятидаг “Челси” ўйинчилари Антонио Рюдигер ва Томас Тухель қўл остида ўйини очилиб бораётган Рубен Лофтус-Чикни олишни сўраяпти. Лекин Жозенинг бу истакларини амалга ошириш осон бўлмайди.
Германиялик ҳимоячи “Челси” билан ҳали янги битим имзоламади. Шунга қарамай, “Рома”дан бир неча баравар бақувват ва бадавлат клубларнинг бир нечтаси Рюдигерни катта маош борасидаги сўровларини қондиришга тайёр турибди. Моуриньо бу борада Антонио аввал Римда ўйнагани боис, уни олиб келишнинг имкон бор, деб ҳисоблаяпти. Рюдигер 2015-2017 йиллари “Рома” аъзоси бўлган ва айнан шу жамоадан “Челси”га трансфер қилинган.
Моуриньо иккинчи нишон – Рубен Лофтус-Чик итальянча футбол услубига мос тушишини таъкидламоқда. У Рубен ёрдамида майдон марказини сезиларли даражада кучайтирмоқчи. Жозе эски алоқалари орқали бу трансферни уддалашни режалаштирган. Режага кўра, Лофтус-Чик январь ойида Римга олиб келиниши керак.
Португалиялик мутахассис Тэмми Абрахам трансфери муваффақиятли амалга оширилгани боис, “аристократлар”дан яна ўйинчи олиш имкони бор, деб ўйлайди. Лекин Абрахам ҳам кейинги пайтда ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмаяпти. Худди шу гапни Элдор Шомуродов ҳақида ҳам айтиш мумкин. Моуриньонинг ҳужумга олган ўйинчилари ишончни оқламай қўйди.
Дарҳақиқат, “Челси” мутасаддилари Моуриньо уларнинг ўйинчиларига “кўз олайтираётгани”ни яхши билади. Жамоа мухлислари бу ҳақида хабар тарқалганидан кейин ўз даврида “Челси”ни уч марта чемпион қилган Моуриньодан норози бўлмоқда.
Лондоннинг ашаддий фанатлари ижтимоий тармоқлар орқали Моуриньога мурожаат йўлламоқда. The Chelsea Chronicle нашри бу масалада ўрганиш ўтказди. Унга кўра, “Челси” мухлислари ижтимоий тармоқларда “Лофтус-Чик ҳеч қаерга кетмайди!”, “Жозе эшитяпсанми, биз Лофтус Чикнинг трансфер қилинишига йўл қўймаймиз!”, “Рубен кетмайди, у бизга керак!” , “Жозе, Рубендан бошқасини топ!” қабилидаги фикрларни илгари сурмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, бунгача ўз олдига қўйилган вазифаларни қисқа фурсатда уддалаб келган Жозе Моуриньо “Рома”ни гранд клублар қаторига қўшишга қийналмоқда. А Серияда римликлар ўзи тўқнаш келган асосий рақобатчилари – “Ювентус”, “Лацио”, “Милан”га ютқазди, “Наполи” билан очко бўлишишга мажбур бўлди.
Халқаро миқёсдаги турнирда Норвегиянинг камтаргина клуби “Будё-Глимт”га икки учрашувда ҳам бас кела олмади. Бу кетишда Конференциялар лигаси бош соврини ҳам армон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки, Моуриньо вазиятдан чиқиш йўлини топа олгани йўқ. У масалани қимматбаҳо ўйинчиларни олиб келиш орқали ҳал қилмоқчи. Бироқ, Европанинг бошқа гранд клубларидан тинмай таклиф олаётган Антонио Рюдигер, Луис Диас, Денис Закария, Эдинсон Кавани, Начо Фернандес, Дани Себальос каби юлдузлар характери оғир, қайсар ва фикри бирдан салбий томонга ўзгариб қолиши мумкин бўлган Моуриньонинг таклифини қабул қилармикин?
Азиз мухлислар сиз нима деб ўйлайсиз, Моуриньо “Рома”ни катта мақсадлар сари етаклай оладими? Захирага ўтириб қолган Элдор Шомуродовнинг “Рома”да келажаги борми?
Фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиринг...
Фикрлар
Тактикаси ескирди буни хамма корип турипди тотехимданам тактикаси иш бермагани учун кеткан тогироги халдалган буни рома дериктирлари корип билип турип чакиришди шомуродов келсак ромага мосмас менга колса севилья га отишини хохлардим испания боп ойинчи романи ойинини корип мазза кимиман бе тартиб хужимга отади вактида пас беришни билишмеди кизганиш бор а испания да бошкача мухид уларди ойинини корсез арзиди
зур хужимчи унга пас берадиган уйинчилар
йук. Хамма уйинчилар
узи гол уришни хохлагани учун, узи учун узи харакат киляпти. Захирадан
10мин.тушрилиши кам
деб хисобламан. Темми
эса 70.80 дакикада уйнаб узини курсата олмаяпти.