Осиё чемпионатига тайёрмизми? Равшан Эрматов жавоб беради
Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳозирда жуда қизғин иш жараёнида. У билан жуда кўп масалаларда суҳбат қуриш мумкин, аммо иш билан бандлиги ҳамда вақт тиғизлиги сабабли доим ҳам Эрматовни безовта қилавермаймиз.
Албатта, уни ҳам тўғри тушунамиз, негаки олдимизда ҳали қиладиган ишларимиз бисёр. Қолаверса, олдинда бизни янги марралар ва мусобақалар кутмоқда. 14-31 октябрь кунлари эса Ўзбекистон 19 ёшли футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.
Айни пайтда эса нуфузли мусобақани ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкиллаштириш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Яқинда эса ўйинлар қайси стадионларда ўтказилиши ҳам белгилаб олинди. Бу борада Эрматовнинг фикрларини билиш биз учун муҳим эди. Равшан Сайфиддинович эса вақти тиғизлигига қарамай, Sports.uz учун бир қатор масалалар бўйича ўз муносабатини билдирди.
- Осиё футбол конфедерацияси томонидан Осиё чемпионатининг Ўзбекистонда ўтказилиши эълон қилинганида биз яхши бир режа ишлаб чиққандик, - дея гап бошлади Эрматов. - Унга кўра, гуруҳ баҳсларини биттадан водий, воҳа ва Тошкентда ўтказишни мўлжаллаб тургандик. Лекин ОФКнинг ҳар бир мусобақага ўзининг ишлаб чиққан регламенти ҳамда тақвими бор. 19 ёшли футболчилар ўртасидаги мусобақада эса иккита шаҳардан ошириш мумкин эмас, деган талабни қўйишди. Бу албатта ҳозирги шароитдан келиб чиқиб шундай йўл тутилмоқда. Қолаверса, қайси стадионда энг кўп мухлислар ташрифи кузатилаётган бўлса, ўйинларни ушбу ўйингоҳларда ўтказиш бўйича ҳам тавсия берилганди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўтган мавсумда энг кўп томошабин ташрифи Наманганда бўлди. Натижада битта гуруҳ ўйинлари Намангандаги стадионда ўтказиладиган бўлди. Осиё чемпионати давомида ўйинлар бирин-кетин ўтказилади. Биз эса майдонларнинг ҳолатини яхши ҳолатда сақлаб қолиш учун ОФКга ўйинларни учта эмас, балки тўртта стадионда ташкил этишни сўраб илтимос қилдик. Натижада “Локомотив”, “Бунёдкор” ва АГМК стадионлари танлаб олинди. ОФКнинг талабларига айнан Олмалиқдаги стадион ҳам тўғри келди. Шу боис юқоридаги стадионларда ўйинларни ўтказадиган бўлдик.
- Кўпчилик эса Қаршидаги стадионни ҳам Осиё чемпионати ўйинларига мезбонлик қилишини кутишганди...
- Ҳа, биз ҳам ўйинларни Қаршида ўтказишни жуда хоҳлагандик. Бироқ ОФКнинг талабларига тўғри келмагани учун бошқаларини танлашга мажбур бўлдик. Лекин ҳали олдимизда ФИФА ҳамда ОФК мусобақаларини ўтказиш бўйича режаларимиз кўп. Албатта, Қаршида ҳам халқаро ўйинларни ўтказиш имконини бериш режамизда бор.
- Умуман айтганда, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз вақтида ўтказилиши ОФК томонидан тасдиқланди. Лекин пандемия туфайли мусобақага тайёргарлик кўриш борасида муаммоларга дуч келмаяпмизми? Осиё чемпионатининг бошланишигача муносиб тайёрланишга улгурамизми?
- Пандемия бўлгани сабабли ЎФАнинг ўзида Осиё чемпионатининг махсус ташкилий қўмитаси тузилган. Улар пандемия пайтида ҳам бир кунга бўлса-да, ишни тўхтатишгани йўқ. Меҳмонхоналар, майдонлар, стадионларнинг ҳолати, ечиниш хоналари, умуман ОФКнинг қандай талаблари бўлса, ташкилий қўмита аъзолари доимий равишда улар билан онлайн равишда иш олиб бормоқдалар.
- Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олдига аниқ мақсад қўйилдими?
- Албатта. Терма жамоамиз олдига жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилган. Бу борада мусобақагача терма жамоалар бўлими, мураббийлар штаби, ҳаммамиз маслаҳатлашиб режалар ишлаб чиққанмиз. Мана, 19 ёшли термада Тимур Кападзе, 16 ёшли термамизда эса Олим Шокиров бошчилигидаги мураббийлар штаби машғулотларни бошлаб юборишган. Иккала терма жамоамиз олдига жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси аниқ қилиб қўйилган. Бу борада терма жамоаларимизга барча зарур шароитлар яратилган.
- Суперлигамизнинг яна давом эттиришга рухсат берилгани мухлисларни хурсанд қилди. Ҳозирча ўйинларнинг томошабинларсиз ўтиши табиий эди. Лекин бу ҳолат мавсум охиригача давом этадими ёки вазиятга қараб кейинчалик стадионга мухлисларнинг келишига рухсат бериладими?
- Ҳаммамиз футболни соғиниб қолгандик ва чемпионатимиз давом эттирилаётганидан бери ҳар куни футбол кўряпмиз. Масалан, Жиззахда “Сўғдиёна” ва “Пахтакор” ўйини ажойиб ўтди. Қаршида “Насаф” билан “Навбаҳор” ўртасидаги баҳс ҳам жуда қизиқарли кечди. Аслида мухлисларсиз футболни тасаввур қилишнинг ўзи имконсиз. Яна бир неча турни ўтказайлик ва кейин, балки махсус комиссияга илтимос билан мурожаат қилармиз. Барибир стадионга ишқибозларнинг келиши билан унинг файзи ҳам бошқача бўлади. Балки мухлисларнинг ташрифи бўйича ҳам янгича ёндашувлар ишлаб чиқармиз. Мисол учун ишқибозларнинг ёнман-ён ўтирмасдан, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда футбол кўришлари учун қандайдир йўл-йўриғини қилармиз.
- Шунингдек, миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги ўйинларининг тақвими ҳам тасдиқланди. Кўпчиликни эса унгача бош жамоамизнинг қачон йиғин ўтказиши ва кимларга қарши ўртоқлик баҳсларини ўтказиши қизиқтирмоқда.
- Кўплаб миллий терма жамоалар билан музокаралар олиб боряпмиз. Лекин ҳали қайси мамлакатга рухсат бўлиши-ю, қай бирига рухсат берилмаслигини билиб бўлмайди. Яъни, мамлакатлар ўзидаги вазиятга қараб қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга киради. Биз эса параллел равишда бир нечталари билан музокаралар ўтказяпмиз. Лекин ўша пайтга келиб қайси мамлакат яшил ёки қизил ҳудудда бўлишини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун бу борадаги режаларимизни олдиндан айта олмаймиз.
Фикрлар