Ойбек Рустамов: Барча жиҳатларни солиштириб кўрганимдан сўнг "Насаф" варианти келажагим учун энг тўғри қарор, деб ҳисобладим!
"Насаф" аъзосига айланган Ойбек Рустамов сайтимизга қисқа интервью берди. Тажрибали футболчи режалари ва илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
Авваламбор, ассалому алайкум. Янги жамоага ўтганингиз билан табриклайман. Нима сабаб айнан "Насаф" жамоаси вариантини танладингиз?
Ва алайкум ассалом, раҳмат. "Насаф" Ўзбекистонда ўз олдига катта мақсадлар қўядиган, доим чемпионлик ва халқаро мусобақалар учун курашадиган жамоа. Клубнинг барқарорлиги, мураббийлар штаби ва қўйилган ишонч мен учун асосий омил бўлди. Шунингдек, "Насаф"да ўсиш ва ўзимни янада ривожлантириш имкониятини кўрдим.
"Насаф"дан бошқа таклифлар ҳам бормиди?
Ҳа, бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлди. Аммо барча жиҳатларни солиштириб кўрганимдан сўнг "Насаф" варианти менинг келажагим учун энг тўғри қарор, деб ҳисобладим.
ОКМКда 3 мавсум ўтказдингиз ва мана шу йилларда қайси томондан ўсдим деб ўйлайсиз?
ОКМКда ўтган йиллар мен учун катта мактаб бўлди. Айниқса, тактик жиҳатдан, жисмоний тайёргарлик ва масъулият ҳисси томондан анча ўсдим. Катта ўйинларда тажриба орттирдим ва ўзимга бўлган ишонч ошди.
Олмалиқда сиз учун энг ёдда қолган ўйин ёки мавсум ҳақида гапириб берсансиз?
Энг ёдда қолган мавсум жамоа билан юқори ўринлар учун курашганимиз ва ҳал қилувчи ўйинларда яхши натижалар қайд этганимиз бўлди. Айниқса, мухлислар олдида ўтган муҳим ғалабалар ҳеч қачон эсдан чиқмайди. Мана шу жонкуяр мухсиларга раҳмат!
Ушбу мавсумда нималар кутмоқдасиз?
Олдимизга катта мақсадлар қўйилган. Чемпионлик учун курашиш, кубок ва халқаро майдонда яхши натижаларга эришишни истаймиз. Шахсан ўзим жамоага максимал фойда келтиришни мақсад қилганман.
"Насаф" билан ўтган мавсум 3 марта тўқнаш келдингиз, Сизга ушбу жамоадаги қайси футболчиларнинг ўйни кўпроқ ёқади?
"Насаф"да тажрибали ва ёш иқтидорли футболчилар уйғунлашган. Айрим етакчи ўйинчиларнинг майдондаги ҳаракати, жамоани олиб чиқиб кетиш қобилияти ҳар доим менга ёққан. Умуман олганда, жамоавий ўйин кучли.
Жамоага қўшилганингиздан кейинги илк таасуротлар қандай бўлди, янги жамоадошларингиз анча чиқишимли эканми?
Илк таассуротлар жуда яхши. Жамоада муҳит ажойиб, барча футболчилар очиқкўнгил ва ёрдам беришга тайёр. Қисқа вақт ичида жамоага мослашиб кетаман, деб ўйлайман", - дея фикр билдирди 28 ёшли хавбек.
Эслатиб ўтамиз, Рустамов "аждарлар" билан 3 йиллик шартнома имзолади.
Ойбек Юлдошев суҳбатлашди



Комментарии