Ўйин ҳали тугамади! "Насаф" ва "Навбаҳор"нинг ғалабалари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини биласизми?
Ўзбекистон кубогида ярим финал учрашувлари ўтказилди. Кутилганидек, ҳар икки баҳсда кичик фаворитларнинг қўли баланд келди. Аввалига "Насаф" ўз майдонида АГМКни мағлуб этган бўлса, кеча "лочинлар" Намангандаги футбол шоусида "бўрилар"ни енгиб, Бухоро чиптасини ўзиники қилди. Ғолиблар-ку, барчанинг диққат эътиборида. Биз ўз юришини финал остонасида тўхтатишга мажбур бўлган жамоалар ҳақида бироз фикр алмашамиз.
Келаси мавсум ўзбек клубларидан 4 нафари ОЧЛда иштирок этиши ҳақида жуда кўп ёздик. ОФК бизга 2+2 квота тақдим этган. Бу вазиятда Ўзбекистон Суперлигасида 4-ўрин соҳиби ҳам халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлади. Демак, кечагина кубокдан чиқиб кетган АГМК ва "Сўғдиёна" учун сўнгги чора айнан шу - чемпионатда кучли тўртликка кириш. Аслида, бу катта муаммо туғдирмаслиги мумкин, боиси бу жой учун курашаётган жамоалар сони учтагина холос. "Кончилар" ва "бўрилар"дан ташқари "Қизилқум" ҳам ОЧЛнинг сўнгги чиптасини ўзиники қилмоқчи. Ҳатто, Лазаревич шогирдлари рақобатчиларидан кўпроқ очко тўплагани учун кичик фаворит ҳамдир.
Яхшиси, эътиборимизни томонларнинг қолган 5 та учрашувдаги рақибларига қаратсак (нисбатан жиддийроқ рақиблар қорайтирилган ҳарфларда ёзилади).
"Қизилқум" 4-ўрин, 35 очко, рақиблари - "Насаф", "Сурхон", "Қўқон-1912", "Пахтакор", "Сўғдиёна".
Лазаревич шогирдлари тўғридан тўғри рақобатчиларидан кўпроқ очко тўплаган бўлиши мумкин, бироқ тақвим улар учун жуда оғир. Кўриб турганингиздек, жадвалда улардан юқорироқда бораётган клубларнинг ҳар учаласи навоийликларга қарши майдонга тушади. Чемпионлик кураши ўзининг қизғин палласига кирганини инобатга олсак, "акулалар"нинг бирортаси бўш келмаслиги ва аксинча, фақат ғалаба учун ўйнаши аниқ.
Ўз навбатида, "Сурхон" ва "Қўқон-1912" ҳам бўш келмаслиги эҳтимоли катта. Боиси, улар "хавфли ҳудуд"да боряпти ва одатда, чемпионат якунида мана шундай жамоалар кўпроқ муаммо туғдиради. Бу ҳам етмаганидек, "олтин қазувчилар" етакчиси, Суперлига тўпурари Темурхўжа Абдуҳолиқов кетма-кет иккита "воҳа дербиси"да майдонга туша олмайди. Унинг дисквалификация муддати ҳали тугагани йўқ.
"Сўғдиёна" 5-поғона, 33 очко, рақиблари - "Сурхон", "Қўқон-1912", "Локомотив", "Пахтакор", "Қизилқум".
Тақдир "бўрилар" билан шу қадар кўп ҳазиллашдики, унча-мунча жамоа бунга дош бериб, курашишда давом этамиз, дея олмайди. Муҳимроқ деб қаралаётган иккита фронтда ҳам финал остонасида жуда асабий ўйин ўтказиб, якунда ҳеч вақосиз қолиш футболчиларга психологик босим бўлиши аниқ. Аммо ҳозир эмас! Жиззахликларнинг дам олишга ҳаққи йўқ!
Агар "Сўғдиёна" халқаро майдонга йўлланма ололмаса, катта эҳтимол билан бош мураббий Улуғбек Бақоевга чиқиш эшиклари кўрсатилади. Менимча, буни мутахассиснинг ўзи ҳам тушуниб турибди. Юзага келган вазият бироз уларнинг фойдасига ишлаши мумкиндек таассурот қолдирмоқда. Яъни, таркибдаги жароҳат олган етакчилар муҳим беллашувларга қадар сафга қайтиши мумкин. Шунингдек, бир нечта баҳсга четлатилганлар ҳам "Пахтакор"га қарши учрашувга қадар қайтиб қолса керак.
АГМК 6-ўрин, 32 очко, рақиблари - "Бунёдкор", "Нефтчи", "Динамо", "Олимпик", "Навбаҳор".
Олмалиқликларни олдинда ўртача даражадаги ўйинлар кутиб турибди, бонусга қуйи лигага равона бўлиши деярли аниқ бўлган "Динамо" бор. Ягона қийин рақиб - "Навбаҳор". Қосимов кубок беллашувида "Насаф" тўсиғидан ўтишига шу қадар ишонди чоғи, шогирдлари Суперлигадаги сўнгги - принципиал рақиб "Қизилқум"га қарши баҳсда ўзига ўхшамади. Масалан, ўша кунги "кончилар" бир неча кун олдин "аждарлар"га қарши тенгма-тенг ўйин кўрсатган клуб эмасди.
Майли, бўлар иш бўлди. Энди АГМК ўзи билан тенг кучли ва охирги турларда бошқача футбол намойиш этаётган жамоалар - "Бунёдкор" ҳамда "Нефтчи"ни бир амаллаб мағлуб этса, буёғи анча осон кечади. Нега? Чунки кейинги рақиблардан самарқандликларда мотивация қолмаган бўлса, "олимпиячилар" Олмалиқдаги майдонда ўзлари истаган ўйинни кўрсатишга қийналади. "Навбаҳор"га қарши учрашувга ишониб бўлмайди, наманганликлар ўз майдонида нималарга қодирлигини кўп бор исботламоқда.
Юқорида Суперлига 4-ўрини учун том маънода жанг қиладиган 3 жамоа имкониятлари ҳақида фикр юритдик. Шу ўринда бир эҳтимолий ҳолатни эсдан чиқармаслик лозим: Агар қаҳрамонларимиз, айтайлик "Қизилқум" олдинда турган ўйинларнинг барчасида ғалаба қозонса, бронза учун даъвогарга айланади. "Пахтакор" билан орадаги фарқ атиги 4тани ташкил этмоқда. Хуллас, бу йилги мавсум узоқ эсланишига сабаблар етарлича.
Жавоҳир Азимов
Фикрлар