Ўзбекистон ғалабасига Европадан қандай муносабат бўлди?
Легионерлар аксарият вазиятларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий кучи бўлиб келган. Хорижда тўп тепадиган футболчиларнинг халқаро майдондаги тажрибаси кўпинча терма жамоага қўл келиши ҳам сир эмас.
2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирида Е гуруҳининг дастлабки учрашувида ЎЗбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Туркманистонга қарши ўтказилган сафар учрашувида беш нафар легионерни бошланғич таркибда майдонга туширди.
“Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов, “Фатиҳ Карагюмрюк” ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров, “Ризеспор” вакили Ҳусниддин Алиқулов, “Ланс” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳамда “Рубин” ўйинчиси Рустам Ашурматов анча фаол ўйнади.
Бутун беллашув давомида Алиқулов, Ҳусанов, Ашурматов ҳимояни мустаҳкам ушлашга ҳаракат қилган бўлса, Элдор ва Отабек биргаликда учта гол уриб, терма жамоамиз ғалабасини таъминлади.
Франция оммавий ахборот воситалари Абдуқодир Ҳусанов туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинини кузатди ва ғалабага ўз муносабатини билдирди.
Футболга ихтисослашган le11hdf.fr сайти бу борада қуйидаги маълумотни чоп этди.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида октябрь ойидаги ўртоқлик ўйинларда муваффақиятли қатнашган Абдуқодир Ҳусанов бу гал ҳам Ўзбекистон билан ғалабага эришди.
Биринчи бўлим охирларида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган ўзбеклар ўйиннинг иккинчи ярмида натижани ўзгартира олди. Улар 57-дақиқадан бошлаб, учта гол урди.
Абдуқодир Ҳусанов беллашувни ҳимоя марказида бошлаб, терма жамоадаги олтинчи учрашувида тўлиқ ўйнади, - деб хабар тарқатди le11hdf.fr сайти.
- 2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидаги саралаш турнири доирасида Ўзбекистон илк ўйинда биринчи ғалабасини қўлга киритди.
Туркманистонга қарши баҳсда Сречко Катанец шогирдлари танаффус олдидан кутилмаганда гол ўтказиб юборди ва мезбонларни ҳисобда қувишига тўғри келди. Абдуқодир Ҳусанов ва унинг жамоадошлари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишни уддалади. Отабек Шукуровдан дубль ва Элдор Шомуродов якуний нуқтани қўйди.
“Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт ҳимоячисидан бири бўлди ва ўйинни тўлиқ ўтказди.
Ғалаба эвазига Сречко Катанец шогирдлари Е гуруҳида пешқадамлардан бирига айланди. Энди навбат Ўзбекистон – Эрон ўйинига. Бу баҳс 21 ноябрь куни бўлади, - деб ёзди нуфузли манбалардан бири – lensois.com сайти журналисти Элоиза Де Местер.
Саралаш гуруҳида биринчи турдан кейин учтадан очко жамғарган Эрон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари пешқадамлик қилмоқда. Эронлик футболчилар ўз майдонида Гонгконг терма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди ва тўплар нисбатига кўра, ҳозирча гуруҳ жадвалида биринчи ўринга жойлаштирилди. Навбатдаги турда икки пешқадам Тошкентда ўзаро тўқнашади.
Туркманлар Шомуродовнинг зарбаларидан "безиллаб" қолди
Файзуллаев бразилияликларни ҳайратга солди
Фикрлар