Ўзбекистон Суперлигаси. "Навбаҳор"дан супер кўрсаткич ёхуд "лочинлар" 4 ойдан бери мағлуб бўлмаяпти

Бугун Суперлига 19-тури доирасида "Навбаҳор" - "Қизилқум" ўйини бўлиб ўтади. Мазкур баҳс олдидан биз сизга айрим қизиқ фактларни келтириб ўтамиз.

"Қизилқум" сўнгги 5 та ўйиндан бери "Навбаҳор"ни мағлуб эта олмаяпти. Бу баҳсларда "олтин изловчилар" атиги 2 очко тўплашга муваффақ бўлган. Тўплар нисбати 6:2 наманганликлар фойдасига.

Шунингдек, бу жамоалар ўртасидаги тўқнашувда мухлислар кўпи билан 3 та гол гувоҳи бўлиб келишмоқда. Охирги марта 2017 йилги мавсум иккинчи давра ўйинида голларга бой беллашув бўлиб ўтган. Наманганда ўтган ўйин 3:2 ҳисобида мезбонлар фойдасига якун топган. 

Эътиборлиси, "лочинлар" Суперлигада 13 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Клуб сўнгги бора 26 апрель санасида Жиззахнинг "Сўғдиёна"сига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Шундан сўнг ўтказилган 13 учрашувда Бабаян шогирдлари 7 ғалаба ва 6 дуранг қайд этди. 

Шу билан бирга наманганликлар 3 ўйиндан бери дуранг ўйнаб келаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. "Қўқон-1912", "Пахтакор" ҳамда "Сўғдиёна"га қарши ўйинларда водий жамоаси 1 очкодан тўплашга муваффақ бўлди. 

Мазкур жамоаларнинг Суперлига (олий лига)даги ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташлайдиган бўлсак, клублар 45 марта ўзаро рўбарў келишган. Ушбу баҳсларда “Навбаҳор” 18 марта, “Қизилқум”  эса 14 марта ғалаба қозонган. 13 та учрашувда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик наманганликлар томонида -  58:47.

Ўзаро ўйинларда “лочинлар” 67, Лазаревич шогирдлари эса 55 очкони қўлга киритган. 

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!