Ўзбекистонлик ёш таэквондочидан тарихий ғалаба!
Хитойнинг Нанкин шаҳрида таэквондо бўйича нуфузли “2026 Taekwondo Grand Slam Youth League Final” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур йирик халқаро мусобақада Ўзбекистон номидан тарихда илк бор ёш спортчи Рустамов Имрон иштирок этиб, мамлакатимиз таэквондоси тарихида муҳим натижани қайд этди.
Рустамов Имрон — MUHAMMADZIYO TAEKWONDO ACADEMY тарбияланувчиси. Спортчи мусобақага академия асосчиси ва бош мураббийи Ахрор Асроров бошчилигида ташриф буюрди. Имроннинг тайёргарлигида кичик устозлар Марифов Зубайр, Мирзаев Сардор ва Ташбаев Ғофуржон ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мусобақанинг дастлабки жангида Имрон Вьетнам вакили билан баҳс олиб бориб, рақибини 10:6 ҳисобида мағлуб этди.
Иккинчи жангда эса Корея вакилига қарши татамига чиқиб, кескин кечган баҳсда 7:5 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу натижа унга финал йўлланмасини тақдим этди.
ФИНАЛ — ТАРИХИЙ ҒАЛАБА
Ҳал қилувчи финал баҳсида Рустамов Имрон мезбон Хитойнинг тажрибали спортчисига қарши майдонга тушди.
Муросасиз ва юқори даражадаги курашга бой кечган финал жангида Имрон ўзининг техник маҳорати, жанговар руҳи ва катта иродасини намойиш этиб, тажрибали рақиби устидан ғалаба қозонди.
Шу тариқа Рустамов Имрон “2026 Taekwondo Grand Slam Youth League Final” мусобақасида 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль соҳиби ва мусобақа чемпионига айланди.
Ушбу ғалабанинг аҳамияти шундаки, Имрон мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон тарихида илк бор иштирок этган ёш спортчи сифатида нафақат мамлакатимиз байроғини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилди, балки энг юқори поғонани забт этди.
Бу натижа MUHAMMADZIYO TAEKWONDO ACADEMY жамоаси учун ҳам катта ютуқдир. Мазкур тарихий ғалаба спортчининг тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг фидокорона фаолияти ва изчил тайёргарлик жараёнининг самараси бўлди.
Рустамов Имроннинг ушбу тарихий ғалабаси Ўзбекистон таэквондосининг халқаро майдондаги салоҳияти тобора юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этди.




Фикрлар