Ўзимизнинг Максим Шацких билан суҳбат

  • 29 сентябрь, 2019, 23:27
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 2
  • Футбол
CHERY AUTO

Сиз-у, бизга жуда яхши таниш бўлган, Киевнинг «Динамо» клуби тарихидан жой эгаллаган ўзбекистонлик Максим Шацкихни ҳалигача ширин хотиралар билан эсга оламиз. Унинг футболчилик фаолияти чиндан ҳам ажойиб воқеаларга, унутилмас муваффақият-у, ўйинларга бой бўлган. Айниқса, Европа Чемпионлар лигасидаги ўйинлари ҳали ҳамон ёдимизда.

Tecno

Гарчи ўзбекистонлик бўлса-да, у бирор марта ўзимизнинг клубларда тўп сурмаганини ҳам билсангиз керак. Шацких ҳар доим биз учун алоҳида мавзу бўлиб келган. Айниқса, марҳум футбол «даҳоси» ҳисобланган Валерий Лобановский қўл остида тўп сургани ҳам биз учун фахрли эди.

Максим Александрович ўзини мураббийликка бағишлаганидан хабарингиз бўлса керак. У бунга қадар «Динамо» (Киев)да Александр Хацкевич бошчилигидаги мураббийлар штабида ишлаб келаётганди. Бироқ клуб Европа Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга кирита олмаганидан сўнг Хацкевич бошчилигидаги мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди.

Шу тариқа, Шацких ҳам клубдан кетди. Биз Максим билан доим суҳбатлашишни истардик. Ниҳоят, яқинда ушбу истагимиз амалга ошди. Шацкихга ўзимизни Ўзбекистондан эканлигимизни таништирганимиздан сўнг ҳамюртимиз саволларни юборишимизни айтди, лекин ўз ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўта жиддий ва камгап бўлган Шацких юборган саволларимизга асосан қисқа жавоблари билан чекланди. 

шацких

- Максим, сизга Ўзбекистондан алангали салом. Охирги бор Тошкентга қачон келганингизни эслай оласизми?

- Охирги марта ўзимнинг хайрлашув учрашувимда келгандим.

- Биламиз, сиз бунга қадар Киев «Динамо»сининг мураббийлар штабида ишлаётгандингиз ва яқинда у ердан кетишингизга тўғри келган. Айни пайтда қаерда яшапсиз ва қандай иш билан машғулсиз?

- Ҳозир бирор-бир иш билан машғул эмасман. Дам оляпман. Яшаш жойим эса доимгидек Киевда.

- Ўзбек футболида ўзига яраша обрўга эгасиз. Ўзбек футболини ҳам кузатиб боряпсизми?

- Имкониятдан келиб чиққан ҳолда кузатишга ҳаракат қиламан. Аммо ҳамма нарсани топишнинг иложи йўқ. Албатта, маълумотларни имкон қадар интернетдан ва дўстларим билан гаплашган пайтларимда ҳам билиб тураман.

- Яқинда миллий терма жамоамизда бош мураббий ўзгариб, Эктор Купернинг ўрнига Вадим Абрамов тайинланганидан хабарингиз бўлса керак. Бу борада фикрингиз қандай?

- Ҳаммасини олий ҳакам вақт ҳамда қайд этиладиган натижалар кўрсатади. Мураббий учун эса энг асосий нарса – бу натижадир! Айнан ўйинларда юз берадиган натижалар мураббийнинг тақдирини белгилаб беради.

шацких11

- Сизнингча, терма жамоамиз Қатар мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқа оладими?

- Бу каби саволнинг жавобини саралаш босқичи охирида олиш мумкин холос.

- Эҳтимол, миллий футболимиздаги муаммолар ичкаридан қараганда ўзимизга яхши билинмас. Лекин ташқаридан кузатаётган одам сифатида футболимиздаги оғриқли нуқталар ҳақида нима дея оласиз?

- Муаммонинг асосий сабабларидан бири чемпионатда бир ёки иккита жамоанинг яққол устунлик қилишида деб ҳисоблайман. Ўз навбатида бундай паллада ёшларнинг ўсиши қийинлашиб боради. Биринчиликда кучли рақобат бўлиши даркор.

- Мураббий сифатида ўзингизни миллий чемпионатимизда синаб кўрган бўлармидингиз?

- Агар мана шундай таклиф билан чиқишса албатта ўйлаб кўраман.

- Умуман олганда, ўзбек клублари томонидан сизга таклиф бўлмаганми?

- Йўқ, бўлмаган.

- Ўз вақтида Киев «Динамо»сида жуда яхши тўп сургансиз. Айниқса, клуб таркибида Еврокубокларда иштирок этган пайтингизда Ўзбекистондан эканлигингиз учун бундан фахр туйғусини туярдик. Афсуски, сиздан сўнг «иккинчи Шацких» чиқмади. Тўғри, охирги пайтларда Элдор Шомуродов рус премьер-лигасидаги ўйинлари билан барчамизда илиқ таассурот қолдиряпти. Унинг рус футболи элитасидаги натижаларига қизиқиб турибсизми?

- Бундай гапларни хушомат сифатида қабул қиламан. Албатта, кучли чемпионатлар доирасидаги ўйинларни кузатиб бораман. Шомуродовнинг Россия чемпионатида тўп сураётгани жуда яхши. Бундай имконият бор экан, футболчи бор кучи билан ўйнаши керак. Ана шунда унда ҳаммаси ўхшайди.

шацких6

- Мураббий сифатида ёш ўйинчиларни кузатиб борсангиз керак. Истъедодли футболчимиз Азиз Ғаниев ҳақида эшитишимизча, унинг «Насаф»да қандай ўйнаётганини кузатган экансиз, шу ростми?

- Ҳа, бу рост! У жуда ҳам ақлли йигит. Ўйлайманки, Ғаниевда ўзини бошқа кучлироқ чемпионатда синаб кўриш пайти келди.

- Ўзбекистонда қолган дўстларингиз билан алоқани ушлаб турибсизми?

- Албатта, доим бир-биримиз билан гаплашиб турамиз.

- Ўзбекистон терма жамоаси сафида ўтказган ўйинларингиз орасида қайсиниси жуда бошқача чиққан?

- Бундай яхши ўйинлар жуда кўп бўлган. Назаримда, шундай савол билан ишқибозларга мурожаат қилиш тўғрироқ бўларди. Чунки биз футболчилар айнан улар учун ўйнаганмиз…

- Шунга қарамай, миллий терма жамоамиздаги ўйинларнинг қайси бири унутилмас даражада бўлган?

- Терма жамоа иштирокидаги ўйинларни жуда яхши эслайман. Афсуски, жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олиш насиб этмаган. Айниқса, плей-оффда Баҳрайнга қарши кечган ўйин жуда аламли бўлган!

шацких8

- Бугунги ўзбек футболининг савияси қандай?

- Ҳозирда «Пахтакор» билан бошқаларнинг тенгма-тенг рақобатлаша олмаётгани жуда ёмон. Футболга катта маблағ ажратиш билан чекланиб қолмай, уни яхши ўйнашга ҳам ҳаракат қилиш керак. Ахир бу спорт. Спорт эса – ҳаёт демакдир.

- Афсонавий мураббий Валерий Лобановскийнинг шогирдларидан бирисиз. У бошқарган «Динамо»да қандай пайдо бўлиб қолганингизни тез-тез эслаб турасизми?

- Бўлмасам-чи! Мана шундай ажойиб мураббий қўл остида ўйнаш бахтига эга бўлганимни умримнинг охиригача унутмайман.

- «Динамо»да сермаҳсул ўйин кўрсатаётганингизда клубни Юрий Сёмин бошқаришга тушганида асосий таркибдаги ўрнингизни бой бергансиз. Нима деб ўйлайсиз, айнан у фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатганми?

- Ҳар бир мураббийнинг футбол борасида ўз қараши, фалфасаси бор. Бу унинг қарори эди. Шундай экан, бирор нарсадан афсусланмайман.

- «Динамо»да киритилган голлар сони бўйича энг яхши натижалардан бирини кўрсатгансиз. Табиийки, кўча-куйда юрган пайтингизда мухлислар «Ана, Максим Шацких кетяпти», деб қўллари билан кўрсатишса керак…

- Албатта, танишади. Қолаверса, Украинада футболни ҳаддан зиёд яхши кўришади.

шацких5

- Гол киритган пайтингизда муваффақиятингизни жуда бошқача – худди самолёт учаётгандек нишонлашни ёқтирардингиз…

- Ҳа, гапингиз рост. Бундай паллаларда қўлларим бамисоли  қанотларга айланарди.

- Бўш пайтингизда қандай ишлар билан шуғулланяпсиз?

- Имкон қадар оилам даврасида бўлишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, балиқ овлашни яхши кўраман!

- Сизда футболга алоқадор бўлмаган бирор-бир ҳунар ёки мутахассислик борми?

- Йўқ, ўзимни тўлалигича футболга бахшида қилганман!

- Олег Шацкихни ҳам мухлисларимиз тез-тез эсга олиб туришади. У фаолиятини сиздан анча олдин якунлаган. Акангиз ҳақида бирор нима дея оласизми?

- У анчадан бери Москва вилоятида истиқомат қилади. Олегда ҳаммаси жойида.

- Оилангиз ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз. Фарзданларингиз ҳозир қаерда ва қандай иш билан банд?

- Катта қизим турмушга чиққан ва куёвим билан бирга Майямида яшаяпти. Кичик қизим ўзимиз билан бирга. У Киевдаги халқаро муносабатлар институтида таҳсил олмоқда.

шацких9

-  Охирги пайтларда «Динамо» нима сабабдан чемпионлар лигасининг асосий босқичига чиқа олмаяпти?

- Демак, клуб бунга тайёр эмас. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор!

- Максим, ўзбек ишқибозларига қандай тилакларингиз бор?

- Миллий терма жамоани ва ёқтирган клубингизни ҳар доим қўллаб-қувватланг ва футболни айнан ўзинглар учун ўйлаб топилган ўйин эканлигини асло унутманг!

- Қачондир Ўзбекистонга бутунлай қайтасизми?

- Бу ҳақида олдиндан бир нарса дея олмайман. Ҳаммасини ўз фурсати бор.

- Табиийки, клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир саналадиган Европа Чемпионлар лигасини кузатиб борсангиз керак. Сизнингча, жорий мавсумда қайси клуб ёки клублар асосий фаворит саналишади?

- Мен «Манчестер Сити», «Барселона» ҳамда ПСЖни ғолиблик йўлидаги асосий фаворитлар деб ҳисоблайман.

шацких7

- Киев «Динамо»сидан ташқари ўзингиз ўйинини севиб кузатидаган яна бир клуб ҳам борми?

- Бор албатта. Бу «Барселона»дир.

- Ўз вақтида Роналудга қарши ўйнагансиз. Ҳозиргача мухлислар орасида Роналду ёки Мессидан қайси бири кучли эканлиги ҳақида тортишувлар давом этади. Сизнингча, уларнинг қайси бири кучлироқ?

- Месси, албатта. У жаҳоннинг энг зўр футболчисидир!!!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Behzod
30/09/2019 00:53
uzimizdi eldordan quymasin bundanham zur buladii shatskx mish uriskiu bu milliy terma jamomas terma jamomiz buladi shatskxxxx ?!
&
Behzod
30/09/2019 00:49
oliptalin qaring buniii sandan boshqa futbolsla chiqadi hali uzbek begonaku buuuu gaprotgan gapin qreng uzbe mas buu oliftaku bu hirt hudi uzbekistonn tanmagande gapiradi vatan shani yuq bulaga !
&
Murodbek2380
30/09/2019 08:03
Шаских тугри килади колок Узбекистанда кура украинани ёки россияни афзал куради