"Ўзингдан чиққан бало", "прайм Левандовски" ва Хавига қарши чорасиз қолувчи Симеоне! "Атлетико" - "Барса" ўйинида нималар содир бўлди?
Ла Лига 29-туридан ўрин олган марказий учрашувда "Барселона" "Атлетико"ни йирик ҳисобда мағлуб этди - 3:0. Ажабланарлиси, мазкур натижа "матрасчилар" майдонида содир бўлди.
Биринчи тайм
Учрашувни Симеоне шогирдлари устунлик билан бошлади. Кучли прессинг, яратилган хавфли вазиятлар ва ҳимоядаги ишончли ҳаракатлар то "кўк-анорранглилар"нинг биринчи голига қадар давом этди. 36-дақиқага қадар рақиб дарвозаси томон аниқ зарба бера олмаган "Барса" қисқа вақт ичида кескин ҳужумлар уюштирди. 38-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Гюндоган майдон марказида феноменал ҳаракатларни амалга ошириб, тўпни жарима майдони ичида турган шериги Левандовскига етказиб берди. Чап қанотда Роберт тўпни қабул қилганини кўрган Феликс дарҳол польшалик ҳужумчининг жойига қараб югурди ва Левандовски тўпни унга етказиб берди. Мана шу учликнинг чиройли комбинацияси эвазиза 38-дақиқада Жоау ҳисобни очди. Ҳали трансфер ҳуқуқи "Атлетико"га тегишли бўлган ва Каталония клубида ижара асосида тўп тепаётган португал иккинчи учрашувда ҳали қайтиши мумкин бўлган клубни ранжитяпти. Умуман олганда, қисқа вақт ичида Мадрид клуби ҳимоясида палапартишликлар вужудга келди ва биринчи бўлим меҳмонларнинг ҳисобдаги кичик устунлиги билан якунланди. Қайд этиш лозим, Хави тайм якунланиши арафасида кетма-кет иккита сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Бироқ энди унинг ёрдамисиз ҳам жамоа иккинчи бўлимни анча юқори темпда ўтказди.
Иккинчи тайм
Иккинчи тайм биринчи бўлимдаги тартибсизликнинг мантиқий якуни бўлди, десам адашмаган бўламан. Ҳимояда пас бериш чоғи "Атлетико" футболчиси хатога йўл қўйди ва ўнг қанотда ҳаракат қилаётган Рафинья тўпни қабул қилиб олди ҳамда ҳужум вакили Левандовскига икки рақиб ҳимоячиси орасидан оҳиста ҳаволатиб етказиб берди. Тўпни тўхтатиб олишда бироз ноқулай ҳолатга тушиб қолган страйкер дарвоза томон зарба йўллашнинг йўлини топди. Тўп устунга теккан ҳолда, Облак дарвозасидан жой олди. 47-дақиқага келиб ҳисоб 2:0 кўринишига келди.
Шундан сўнг каталонияликлар ўйинни сокинлаштиришга ҳаракат қилди. Симеоне кетма-кет ўзгаришларга қўл урган бўлса-да, мазкур ўзгаришлардан қандайдир наф чиқара олмади. Фақатгина Депайнинг хатти-ҳаракатлари бирозгина жамоа ўйинига темп қўшди. 65-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Кунде қанотдан катта тезликда олдинга қараб борди ва тўпни энди ўнг қанотда пайдо бўлган Левандовскига етказиб берди. Роберт бу сафар жарима майдони ичига тўпни ҳаволатиб етказиб берди ва энди майдон марказида Фермин пайдо бўлди. Ўта қулай етказиб берилган узатмани Облак дарвозасига ортиқча қийинчиликсиз йўллаган Лопес ҳисобни йирик 3:0 кўринишига келтириб қўйди. Бу учрашувдаги мантиқий якун эди. Шундан сўнг ҳар иккала жамоада ҳам қатор хавфли вазиятлар бўлди. Жумладан, тер Штеген айрим паллаларда жамоаси жонига оро кирган бўлса, Кубарси ва Араухонинг мудофаадаги ишончли ҳаракатлари ҳам "Барса"ни "қуруқ" ўйинига сабаб бўлди. Баҳс якунланиши арафасида захирадан майдонга тушган Роке дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган паллада "матрасчилар" ҳимоячиси Молина уни ушлаб қолди ва қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Дарвозага яқин нуқтадан зарба йўллаш вазифаси яна ўша Левандовски зиммасида эди, аммо бу сафар унинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Бироқ шусиз ҳам "Атлетико"ни "Барса" етарлича савалаб улгурганди. "Атлетико" - "Барселона" 0:3.
Умуман олганда, ўйинни эпизодлардаги фаоллик ва совуққонлик ҳал қилди, десам муболаға бўлмайди. Илк голга қадар "Атлетико"да ҳаммаси яхши кетаётганди. Шунчаки, ҳозирги "Барселона"нинг ҳужумдаги креативи анча юқори. Бундан ташқари, Робертнинг яхши спорт формага кириб бораётгани "Барса"нинг сермаҳсуллигига анча таъсир ўтказди. Шунингдек, Симеоне шошилинчда кўплаб ўзгаришларга қўл урган бўлса, Хави янги футболчиларни майдонга туширишда у қадар шошилмади ва хотиржам қарорлар чиқарди.
Статистикалар
Эътиборли жиҳати шундаки, "Атлетико" "Метрополитано"да илк бора гол урмаган ҳолда, йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Бундан ташқари, "кўк-анорранглилар" Симеоне жамоасининг 25 ўйинлик уй ўйинларидаги мағлубиятсиз сериясига чек қўйди. Уларнинг ўз майдонидаги бундан олдинга мағлубияти ҳам айнан "Барселона"га қарши бўлганди. "Атлетико" учун яна бир нохуш анъана бор. Мадрид клуби 4 учрашувдан буён "Барса" дарвозасига йўл топа олмаяпти. Сўнгги бора улар 4:2 ҳисобида Хави шогирдларига мағлуб бўлганда, гол уришга муваффақ бўлган. Сўнгги гол муаллифи - Луис Суарес.
Шунингдек, Симеоне ва Хави қарама-қаршилигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Бу икки мутахассис ўзаро беш бор тўқнаш келган бўлса, уларнинг барчасида Хавининг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 10 - 2.
Балки бу икки жамоанинг мавсумдаги сўнгги ўйини эмасдир...
Кўриниб турибдики, "Атлетико" Хавининг "Барса"си учун энг қулай рақиб. Бироз аввал якунланган баҳс ҳам бундан мустасно бўлгани йўқ. Хави мавсум якунида "Барса"ни тарк этиши аниқ бўлиб улгурган ва унинг "Барса"даги энг ёрқин хотиралари "Атлетико"га қарши ўйинлар бўлса, ажаб эмас. Қизиқарлиси, айни дамда ҳар икки клуб Чемпионлар лигасида ўз юришини давом эттиряпти. Агар ҳар иккиси чорак финалдан ўтиб олса, ярим финалда бу икки клуб ўртасидаги яна бир баҳсни кўришимиз мумкин. Балки Симеоне Хавини кетиш олди бир марта бўлса ҳам хафа қилишга улгурар ёки Хави ҳамда унинг "Барса"си учун бу клуб "ўлжа" бўлишда давом этар. Ҳозирча ҳар икки версия ҳам содир бўлмаслиги эҳтимоли бироз баланд. Кўрамиз, кузатамиз!
Карим Худайқулов
Фикрлар