"Париж-2024"да эркаклар ва аёллар тенг миқдорда рақобатлашади
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитаси "Париж-2024" ўйинларига спортчилар учун тадбирлар дастури ва квоталарни тасдиқлади, шунингдек, Токио Олимпиадасида коронавирусга қарши курашиш йўлларини муҳокама қилди.
Гендер тенглигига эришиш ва ёш аудиторияни жалб қилиш учун Франция пойтахти мезбонлик қиладиган ўйинлар рўйхатига скейтбординг, серфинг, қояга чиқиш ва брейк-данс спорт турлари расман киритилди.
Тарихда биринчи марта "Париж-2024"да эркаклар ва аёллар тенг миқдорда иштирок этади, аралаш жамоавий мусобақалар сони эса 18 тадан 22 тага кўпаяди.
Гарчи спорт турларида ўзгаришлар бўлишига қарамай, ўйинлар иштирокчиларининг умумий сони ва медаллар жамланмаси камаяди. Умуман олганда, Парижда 329 медаллар жамланмаси ўйналади – бу Токио-2020никидан ўнтага камроқ деганидир.
“Олимпия ўйинларининг янгиланган дастури коронавирусдан кейинги фаолиятимизда ҳаётга татбиқ этилади,” – деди ХОҚ президенти Томас Бах. “Биз мусобақа харажатлари ва ўтказиш мураккаблигини камайтирмоқдамиз. Токио ўйинларида гендер тенглиги принципларига деярли амал қилганимизга қарамай, Парижда биринчи маротаба эркак ва аёл спортчилар бир хил миқдорда иштирок этадилар. Ёшларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.”
Франция пойтахтида ўтказиладиган енгил атлетика, бокс ва велоспорт мусобақаларида ҳар икки жинс вакиллари бир хил миқдорда иштирок этишади. Натижада, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган 32 спорт туридан 28тасида гендер тенглиги тўлиқ таъминланади.
Токио билан таққослаганда, 2024 йилги ўйинларда иштирокчилар сони 592 нафарга камайтирилади, яъни 11092 нафардан 10500 нафарга туширилади. Бу делегациялар ва расмийлар сонини камайишига олиб келади, беллашувларни ихчам ва камхарж ўтишига ёрдам беради.
Квоталарнинг энг муҳим ўзгариши оғир атлетикада рўй берди: Японияда 10 та, Францияда 6 та медаллар жамланмаси ўйналади. Вазн тоифаларининг якуний рўйхати IWF томонидан 2021 йилнинг тўртинчи чорагида аниқланади. ХОҚ вакиллари, шунингдек, агар допинг билан боғлиқ вазият ёмонлашса, ушбу спорт тури мусобақалар дастуридан умуман чиқарилиши мумкинлигини таъкидладилар.
Боксга келсак, Парижда эркаклар учун 7 та, аёллар учун 6та медаллар жамланмасини ўйнаш режалаштирилган ва вазн тоифалари рўйхати ХОҚ томонидан 2021 йил охирида тасдиқланади.
Халқаро федерациялар томонидан 41 та қўшимча йўналишни 2024 йилги Ўйинлар дастурига киритиш тўғрисидаги талабларига қарамай, ХОҚ Ижроия Кенгаши мусобақаларнинг амалдаги сонини сақлаб қолишга қарор қилди. Бу пандемия туфайли юзага келган молиявий қийинчиликлар ва Олимпиада ўртасидаги уч йиллик қисқа циклга ҳам боғлиқ.
Шунга қарамай, мусобақалар жадвалида бир қатор ўзгаришлар рўй берди: эркаклар ўртасида 50 км масофадаги марафон ўрнига спортчилар аралаш жамоавий мусобақада медал учун кураш олиб боришади, каяк-кросс ўрнини икки кишилик каноэ-спринт эгаллайди, парус спорти вакиллари 3 та янги медаллар жамланмаси учун кураш олиб борадилар, стендда отиш баҳсида аралаш трап ўрнига микст-скит жорий этилади.
Енгил атлетика бўйича мусобақанинг янги формати ХОҚ томонидан тасдиқланиши учун 2021 йил 31 майгача World Athleticsга юборилади. Кенгаш, шунингдек, Халқаро парус спорти федерацияси томонидан унинг қиймати ва хавфсизлигини баҳолаш учун таклиф қилинган ўзгаришларни ўрганишда давом этади. Келишув келаси йил баҳорнинг охирига режалаштирилган.
Шунингдек, Ижроия қўмита йиғилишида "Токио-2020" ташкилий қўмитасининг Японияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида коронавирусга қарши кураш бўйича янги чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботи тақдим этилди. Хусусан, мусобақа бюджетини ошириш, шунингдек, Олимпия шаҳарчаси ҳудудида фаолият юритадиган ягона қоидалар масалалари кўтарилди.
Ташкилот ижрочи директори Тосиро Мутонинг сўзларига кўра, спортчилар ва мансабдор шахсларнинг касалликни юқтирмаслик усулларидан бири уларнинг Кунчиқар мамлакатда бўлиш муддатини қисқартиришдир. Шундай қилиб, Миллий олимпия қўмиталарига спортчиларни мусобақа бошланишидан беш кун олдин Токиога жўнатиш ва баҳслари тугаганидан кейин энг кўпи билан икки кун ўтиб уйларига қайтариш тавсия этилади.
«Ушбу ҳужжат ХОҚ спортчилар комиссияси билан яқин алоқада ишлаб чиқилган”, – деди Томас Бах. “- Бу Японияда бўладиган барча 206 МОҚ учун асосий қоидага айланади. Бу жуда зарур, чунки биз учун Олимпия шаҳарчаси аҳолиси ва маросимлар иштирокчиларини минималлаштириш жуда муҳимдир. Бу инфекция хавфини камайтиришнинг ягона усули. Биз спортчиларни ушбу ноёб мусобақадан маҳрум қилишни ва уларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатишни истамаймиз.”
Фикрлар