Паулу Бенту: "Қизилдан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди, пенальти белгиланишига сабаб кўрмадим"
"Жаҳон чемпионати-2026" саралаши доирасидаги Ўзбекистон - БАА учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг илк қисмида амирликлар бош мураббийи Паулу Бенту иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:
- Авваламбор, ҳаммага хайрли кеч! Яхши ўйин бўлди, рақобатбардош жамоага қарши ўйин ўтказдик. Бизда бир қанча вазиятлар бор эди, аммо қизилдан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди. Рақиб пенальти ишлади ва биздаги муаммолар икки баробар кўпайиб кетди.
Умуман олганда, биз яхши ҳаракат қилдик. Тезкор қарши ҳужумлар уюштира олдик. Лекин омад келмаса, қийин эканига гувоҳ бўлдик.
Бугун кучли, сифатли ва креатив футболчиларга эга жамоа билан куч синашдик ва бир киши кам қолганимиздан кейин ҳолатни назоратимиздан чиқардик. Ўзбекистон хатодан унумли фойдаланди ва ўзи учун керакли натижани қўлга киритди.
Учрашув икки қисмга бўлинди, қизилгача ва қизилдан кейин. Бу катта таъсир қилди. Бироқ об-ҳаво ҳақида бундай демаган бўлардим. Ёмғир табиий жараён ва бунга биз ечим топа олмаймиз. Кўникишга ҳамма мажбур, рақиб ҳам шундай шароитда ҳаракат қилди.
Четлатиш бўлган ҳолатни кўрмадим. Шунга қарамай, пенальти белгиланишига сабаб кўрмадим. Ҳакамнинг ўйин давомидаги қарорларидан қониқиш ҳосил қилмадим. Нимага у баҳсли вазиятлар юзага келганда, ВАРга мурожаат қилмади? Ёрдамчи ҳакамлар ҳам бош ҳакамга ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмади. Умумий қилиб айтганда, мен ҳакамларнинг ҳаракатига яхши баҳо қўймаган бўлардим.
Олдин ишлаган терма жамоаларим билан ҳозиргисини солиштириб бўлмайди. Жанубий Кореяда ҳам, Португалияда ҳам, умуман ҳамма ерда футбол ўзгармоқда. Шундай экан, вақт чўзишга мен тўла жавобгар эмасман. Бош мураббий сифатида тактик ишланмалар, жамоавий футбол ва шу каби жараёнларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Вақт чўзиш бўйича ҳам ишлар олиб борамиз, аммо бу энг муҳими эмас!
Эрон - Осиёдаги энг кучли термалардан бири. Улар гуруҳда ҳам буни исботлашмоқда. Шунингдек, Қатар ҳам етарлича қудратга эга. Бу жамоа кетма-кет икки марта Осиё чемпиони бўлди.
Ўзбекистон ҳақида ҳам илиқ фикрлар айта оламан. Улар 10 очко тўплашга муваффақ бўлди, Эронга қарши ҳам ютқазмасдан келяпти. Қолаверса, Осиё кубогида ҳам муносиб иштирок этди. Бу жамоаларни таққослашни эса жуда қийин, деган бўлардим. Уларнинг барчаси ўз услуби ва салоҳиятига эга.
Фикрлар