Пеп, қоласанми ё кетасанми?

“Манчестер Сити” раҳбарияти расман бош мураббийи Хосеп Гвардиоладан у 2027 йилнинг 30 июнигача тузилган шартномасини охиригача бажаришни режалаштираяптими ёки йўқлигини сўради.

Бир неча ойдан бери Гвардиола жорий мавсум охирида “Сити”ни тарк этиши ҳақида турли ахборотлар тарқалмоқда.

Мавҳумлик нафақат мухлисларни, балки “Сити” раҳбариятини ҳам безовта қиляпти. Жумладан “шаҳарликлар” спорт директори Угу Виана ҳам бу борада аниқ маълумотга эга эмас.

“Манчестер Сити” ҳар қандай сценарийга тайёр, аммо клуб Гвардиоланинг ўз келажаги ҳақида имкони қадар тезроқ аниқлик киритишини афзал кўради. Клуб расман Хосепдан буни ҳал қилишни сўради ва жавобни, ҳатто шахсий тартибда бўлса ҳам, тезроқ олишга умид қилмоқда.

Talksport нашрининг ёзишича, агар Гвардиола кетса, “Сити”га нафақат янги мураббий қидиришга тўғри келади, балки бу ҳолат клубнинг трансфер режаларига ҳам таъсир қилади. Чунки Хосеп билан ишлаш имконияти “Ноттингем Форест”дан таклиф этилаётган  Эллиот Андерсон каби  футболчилар учун муҳим омил ҳисобланади.

Қарийб ўн йилдан бери жамоани бошқараётган Хосеп Гвардиола жами 19 та совринни қўлга киритди. У “Этихад”даги фаолиятини юқори нотада, яъни соврин билан якунлашни муҳим ҳисоблайди. Ҳозирча, бунақа ютуқнинг биттаси тайёр. Жамоа Лига кубогини ўзиники қилди.

Сўнгги маълумотларда айтилишича, Гвардиола ўрнига асосий номзодлардан бири сифатида январь ойида “Челси”ни тарк этган Энцо Мареска кўрилмоқда, у илгари фаолияти давомида “Сити”да Хосепнинг ёрдамчиси сифатида бир мавсум ишлаган.

Қолаверса, “Челси”да ишлаган вақтида Мареска шартномага мувофиқ равишда клубни ўзига “Сити” ва “Ювентус”дан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабардор қилган эди.

Шунингдек, Гвардиоланинг эҳтимолий ўринбосари сифатида эндигина “Тоттенхэм”ни бошқаришни бошлаган Роберто Де Дзерби, “Бавария”да муваффақиятли ишлаётган Венсан Компани ва “Реал”нинг собиқ бош мураббийи Хаби Алонсо номлари ҳам тилга олинган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!