ПСЖ - “Манчестер Юнайтед”: Превью

УЕФА Чемпионлар Лигасида оддий ўйинлар бўлмайди. Аммо барибир қайсидир беллашувлар қолган ўйинларнинг “гултожи” вазифасини ўтаб беради. Сешанба оқшомининг том маънодаги безагига айланиши кутилаётган ПСЖ ва МЮ қарама-қаршилиги бизга қизиқарли ўйин ва бедор тунни ваъда қилмоқда. 

Ушбу жамоалар иштирокидаги сўнгги ўйин ўз даври учун ҳақиқий драмага айланиб кетганди. Аммо ҳозирги футболда “қизил иблислар” намойиш этган камбек у қадар катта воқеага ўхшамай қолди. Сабаби, ўша мусобақанинг ярим финали эртакнамо ўйинлари билан нимчорак финал эйфориясини босиб кетди. 

Бироз эслаймиз, “Олд Траффорд”даги баҳсда Мбаппенинг ўзи барча масалани ҳал қилиб бўлганди. Аммо Парижда Буффоннинг хатоси ва баҳсли пенальти эвазига манкуниянлар 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Неймарнинг сарсон ва ҳайрон нигоҳлари анча пайтгача мемлар мавзусига айланиб кетганди. Жароҳатланган кўйи майдон четига чопиб тушган бразилиялик ўйиндан кейин билдирган фикрлари туфайли келгуси мавсум стартида дисквалификацияга ҳам учради. 

Бу оқшом бутун “Парк де Пренс” аҳли Сульшер шогирдларидан ўч олиш истагида ёнаётган бўлса, ажаб эмас. Бунга етарлича имконият ва сабаблар мавжуд. 

EkwPrh6XYAEGyGz

ПСЖ 

Парижликлар трансферлар масаласида анча тежамкор бўлишга урунишди. Икарди тўлиқ сотиб олинди, жамоани тарк этган Тома Менье ўрнига Флоренци ижарага олинди. Марказий ҳимояни йиллар давомида маҳкам тутган Тьягу Силва жамоани тарк этди ва таянч зонасида ҳаракат қилаётган Маркиньос мудофаа чизиғига қайтишга мажбур бўляпти. Вератти ва Паредеснинг таянч зонасидаги ўйинидан қониқмаётган Тухель жамоага Данило Перейрани олиб келди. Ҳужумда ранг-барангликни таъминлаш мақсадида Мойзе Кин билан ҳам шартнома имзоланди. 

Жамоа ҳимоясидаги муаммолар қолган чизиқларга нисбатан салмоқлироқ. Диалло қизил карточкага мойил футболчи эканини кўрсатиб улгурди. Маркиньос ва Кимпембе асосий дуэт бўлиши кутилмоқда. Аммо улардан бирининг жароҳат олмаслиги ва дисквалификацияга учрамаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

Европа ОАВда янграётган “узунқулоқ” гапларга қараганда, Мбаппе учун жорий мавсум Париж клуби сафидаги сўнггисига айланиши мумкин. 

Мавсум бошидаги 2 мағлубиятдан сўнг, ПСЖ кетма-кет 5 та ғалабани расмийлаштирди. Сўнгги икки беллашув ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас: 6:1, 4:0.

Тахминий таркиб: Навас, Флоренци, Маркиньос, Кимпембе, Курзава, Эррера, Данило, Рафинья, Ди Мария, Мбаппе, Неймар.

Иштирок эта олмайди: Бернат, Икарди, Паредес, Керер, Вератти.

Сўроқ остида: Маркиньос, Дракслер.

EkuacksW0AAVX1x

“Манчестер Юнайтед”

Ҳеч бир қийин тақвим манчестерликларнинг 4 та ўйинда 6 очко тўплаб, 14-ўринда боришини оқламайди. Мағлубиятлардан бири 1:6 ҳисобида, иккинчиси эса “Кристал Пэлас”га қарши учрашувда юз бергани эса янада шармандали. Жамоада ишлар росмана яхши эмас. Якунига етган турда Бруну Фернандеш илк маротаба пенальтидан адашди. Тасаввур қиляпсизми?! 

Сульшернинг курсиси қимирлай бошлаган. Массимилиано Аллегри номи яна “Орзулар театри” билан боғланяпти. Аммо ростдан ҳам хулоса чиқаришга эрта. Миллион-миллион сумма сарфлаб, энг серхаражат жамоага айланган “Челси”да ҳам натижа кўнгилдагидек эмас. Демак, норвегияликнинг манчестерликлардаги саргузаштлари энг камида қишгача давом этади. 

ПСЖга қарши принципиал ўйин олдидан Сульшер жамоасида шу қадар кўп йўқотишлар мавжудки, ушбу ҳолатда ижобий натижа қайд эта олган тақдирда, яна мураббийга бўлган ишонч қайтган бўларди. 

Тахминий таркиб: Де Хеа, Уан-Бисакка, Линделёф, Туанзабе, Шоу, Матич, Погба, Мата, Фернандеш, Рэшфорд, Марсьяль.

Иштирок эта олмайди: Магуайр, Гринвуд, Кавани, Байи, Лингард. 

Сўроқ остида: Туанзабе.

EksjsfeXYAA0BgL

Мураббийлар

Томас Тухель: “Биз ўтган мавсумда супер-кучли жамоа эдик. Энди янги мавсумда ҳам бу ишни такрорлай олишимизни исботлашимиз зарур. Кимпембедан жуда хурсандман. Катта ўйинларда яхши ўйнамоқда. У ўзидан кутилган футболни ваниҳоят намойиш этяпти. Чемпионлар Лигасида жуда хавфли жамоамиз. Ушбу даражамизда қолсак, бизга қарши вазият яратиш ва гол уриш қийинлашиб кетади. Маркиньос ва Дракслер ўйнай олишига ишонмоқдаман. Қолган 5 футболчи ростдан ҳам ЕЧЛ 1-турида майдонга туша олмайди”.

image_2020-10-20_13-41-31

Оле-Гуннар Сульшер: “Албатта, 2019 йилги ғалаба ўтмишда қолиб бўлди. Ажойиб тарих, аммо унинг бу галги ўйинга таъсири йўқ. Рақиб ҳам, биз ҳам ўзгардик. Мусобақа босқичида ҳам фарқ бор. 

Ҳамма ҳам Чемпионлар Лигасида ўйнашни хоҳлайди. Қуръада бизга ўтган мавсум финалчи ва ярим финалчилари рақиблик қилиши белгиланди. “Истанбул” Башакшехир сафида Рафаэлнинг “Олд Траффорд”га қайтиши ажойиб воқеа бўлади. Фантастик гуруҳ. Яхшигина катта синов бўлиши аниқ. 

image_2020-10-20_13-40-39

Хулоса ўрнида

Юқорида ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, ҳар иккала жамоа таркибида ҳам етарлича катта йўқотишлар бор. Сульшерда ҳатто иккинчи таркиб вакиллари билан ҳам муаммо борлиги кўриниб турибди. Эдинсон Каванининг айнан ПСЖга қарши ўйинда дебют қилишини кўриш ёқимли бўларди. Аммо футболчи анча вақтдан буён ўйин амалиётига эга бўлмай келаётганди. Биринчи ўйинданоқ амалдаги ЕЧЛ финалчисига қарши ўйнаш эса нотўғри. Тажриба ўз йўлига, жисмоний ҳолат бунга жавоб бермаслиги мумкин. 

Барибир, бугунги баҳсда ижрочилар салмоғи жиҳатидан парижликлар устун. Манкуниянлар ҳимоя чизиғининг шундоқ ҳам бўшашиб қолган ўйини Магуайрсиз бу қадар катта рақибга қандай дош беради, деб ўйлайсиз?! Барчасини 00:00 да билиб оламиз!

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар