Қувватов билан Хавини нима боғлаб турибди?

«Пахтакор» дарвозабони Санжар Қувватов охирги пайтларда катта ўсишга эришди. Айниқса, «Пахтакор»га ўтгач, ушбу посбоннинг ўйини ўсиб бормоқда. Яқинда Осиё Чемпионлар лигаси доирасида «Пахтакор» «Ал Садд»ни қабул қилди ва жанговор тарзда кечган баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Ўша учрашувда эса жаҳон юлдузи Хави Санжар Қувватов қўриқлаётган дарвозага икки бор чиройли равишда гол урди. Эътиборлиси, Хави ОЧЛ доирасида ҳаммаси бўлиб учта гол урган ва барчасини у Қувватов қўриқлаётган дарвозага киритган. Ўтган йили «Ал Садд» - «Насаф» ўртасидаги учрашувда ҳам Хави Санжарни ўз голи билан хафа қилганди. Бу албатта жуда қизиқ статистика. Олдинда эса Қатарда "Ал Садд" ҳамда "Пахтакор" жамоаларининг жавоб учрашуви кутиб турибди. Мазкур баҳсдан олдин Қувватов Хави билан боғлиқ қизиқарли ҳолатлар ҳақида гапирди.

Хавидан ўтказиб юборилган голлар хусусида

- «Ал Садд» таркибида ўйнаётган Хавининг нималарга қодирлигини ҳамма яхши билади, - дейди Қувватов. - Мен ўтган йили «Насаф» шарафини ҳимоя қилаётган пайтимдаёқ Хавига қарши ўйнагандим. Ўшандаёқ унинг ўйинига қойил қолгандим. Ваҳоланки, ўша пайтда Хавида жароҳат бор эди ва учрашувдан олдин ўзи ҳам «Насаф»га қарши баҳсга тўлиқ тайёр эмаслигини, фақат 40-50 фоизга тайёрлиги ҳақида гапирганди. Шунда ҳам у майдонда ўз маҳоратини кўрсатганди ва дарвозамга худди «Пахтакор» билан учрашувда киритган голга ўхшаш гол муаллифи бўлганди. Унинг қандай ўйинчилигини ва ҳозир ҳам юқори савияда ўйнаётганини ҳамма билади. Хавининг киритган голларига келсак, албатта унинг маҳорати яна бир бор кўринди. У шундай голлар урдики, мен ўша вазиятларда ҳаттоки жамоамга ёрдам бера олмай қолдим. Ўйинни четдан кузатган мухлислар ўтказиб юборилган голлар сенинг хатоинг бўлди деб айтишди. Майли, агар шу билан мухлислар ва шарҳловчиларнинг кўнгли тинчланадиган бўлса, мен ўтказиб юборилган иккала голни ўз зиммамга оламан. Лекин шуни ҳам тан олиш лозимки, ўша куни жамоадошларим жуда яхши ўйин намойиш этишди. Бунга қойил қослак арзийди. Чунки майдонда қандай ўйин намойиш этганимизни ҳамма кўрди. Менимча, Хавининг ўзи ҳам бизнинг футболчиларимизга қойил қолди. Албатта, ўтказиб юборилган ҳар бир гол учун биринчи навбатда дарвозабон айбдор бўлади. Бу йўлни ўзимиз танлаганмиз ва ҳаммасига охиригача чидашимиз керак.

Қувватов ва жаҳон юлдузи ўртасидаги ҳолат

- Албатта, Хавининг Осиё Чемпионлар лигасида шу кунгача киритган барча учала голини фақат мен қўриқлаган дарвозага киритганини эшитиб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг Хавига шу ҳақидаги маълумотни айтишганида унинг ўзи ҳам бундан ҳайрон бўлиб қолди. Бу чиндан ҳам ғаройиб статистика. Албатта, иккаламиз ҳам бу статистикадан хабар топганимиз яхши бўлди. Энди у яна менинг дарвозамга гол уришга ҳаракат қилади. Ўз навбатида мен ҳам дарвозам дахслсизлигини сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Тўғриси, менинг биринчи вазифам Хавидан гол ўтказиб юбормаслик бўлади ва бунинг учун жон-жахдим билан ҳаракат қиламан.

Хавидан гол ўтказиш шарафми?

- Тўғрисини айтсам, бу саволингизга жуда қизиқ бўлди. Бунга қандай жавоб беришни ҳам билмай қолдим. Тўғри, Хави жаҳон юлдузи ҳисобланади. Аммо ҳеч қачон дарвозабон қайси футболчидан бўлмасин ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбориши шараф ҳисобланмайди. Шуни ишонч билан айтаманки, Суперлигамизда, иккинчи лигамизда ёки Осиё Чемпионлар лигасида дарвозани қўриқлаётган посбонларга Криштиану Роналду ёки Хавидан гол ўтказиб юбориш ёқимли ҳисобланмайди. Биз нима учун бу касбни танлаганмиз? Дуч келган рақибдан гол ўтказиб юборавериш бизга ярашмайди. Майдонга тушганимдан кейин ўз дарвозамдан гол ўтказиб юбормаслик учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Ҳар қандай дарвозабон ҳам биринчи навбатда рақиби ким бўлишидан қатъий назар аввало ўз дарвозасидан тўп ўтказмасликка ҳаракат қилади.

«Ал Садд»га қарши жавоб учрашуви олдидан

- Тушуниб турибмиз, Қатардаги ўйинда бизга янада қийин бўлади. Чунки биз меҳмонда ўйнаймиз. Аммо «Пахтакор»нинг вазифаси битта: Қатарда чиройли ўйин кўрсатиб, ортга ғалаба билан қайтиб келиш. Бу билан ҳозирги турнир жадвалидаги ўрнимизни сақлаб қолмоқчимиз. Биз эса кейинги босқичга чиқмоқчимиз ва бу бизнинг вазифаларимиздан бири. «Ал Садда»га қарши бор кучимиз билан ўйнаймиз ва мухлисларимиздан ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришларини сўраб қоламан.

Кучайган «Пахтакор»

- Албатта, мухлислардан ва кўпчиликдан жамоанинг ўйини анча яхшиланганлиги ҳақидаги гапларни эшитяпмиз. Бу эса бизни хурсанд қилади, аммо бу билан асло тўхтаб қолмаслигимиз лозим. Лекин «Пахтакор» зўр ўйнаяпти деб бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Режамиз бўйича бундан ҳам яхшироқ ўйнашимиз керак. Таркибимиздаги футболчилар ҳам маҳоратли ва улар ўз ўйинлари билан мухлисларни хурсанд қилишни исташади. Шунинг учун ҳар бир футболчига ҳам бундай жамоада ва бундай таркибда ўйнаш шараф деб ўйлайман.

Қувватов иримларга ишонадими?

- Тўғри, кўпчилик мураббий ва футболчиларнинг ўзига яраша ирим-сирими ёки одатлари бор. Лекин менда бундай нарсалар йўқ. Чунки мен ирим-сиримларга умуман ишонмайман. Ҳар доим иримларга қарши бўлиб келганман. Агар кимдир, айтайлик, дўстимми ёки бошқасиними ирим қилаётганини кўрсам, дарҳол бу бўлмаган нарса эканлигини айтаман. Сиз майдонга чиқасиз ва ўйнайсиз холос. Ҳаммасини эса Худодан сўраймиз. Футболда эса кимдир ютади ва ютқазади. Лекин ирим қиладиганларни умуман тушунмайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Махбуба Хамидова
20/04/2019 21:29
Ирим буйича хакикий мусулмондай жавоб берди. Баракаллох Куватов. Аллох сенга мададкор булсин
Махбуба Хамидова
20/04/2019 21:29
Ирим буйича хакикий мусулмондай жавоб берди. Баракаллох Куватов. Аллох сенга мададкор булсин