Раҳим Давронов: "Клубда қолишни хоҳламаяпман, бир йил захирада ўтириш кимга ҳам ёқарди?"
Наманганнинг “Навбаҳор” клуби янги мавсумда янада кучайиши кутиляпти. Мураббийлар таркибдаги ўзларига керакли ўйинчиларни олиб қолмоқчи ва яхши савиядаги янги футболчиларни таклиф қилишмоқчи.
Шундоқ ҳам жамоанинг таркиби чакки эмас. Бошқа жамоаларнинг ўйинини кучайтира оладиган футболчилар жамланган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам етарлича ўйин амалиётига эга бўла олмадилар.
Масалан, иқтидорли дарвозабон Раҳим Давронов деярли ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Мавсум бошида “Машъал”дан харид қилинган посбон катта мақсадлар билан Наманганга келганди. Аммо у фақат захирада ўтирди. Куни кеча Давронов Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.
- Раҳимжон, аввало ортда қолган 2021 йилги мавсум сиз учун қандай ўтгани ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- 2021 йилги чемпионат унчалик ёмон ўтгани йўқ. Лекин қаердадир ёмон жиҳатлари ҳам бўлди.
- “Навбаҳор”да асосан захирада ўтирдингиз. Бу клубга ўтиш орқали нимага эришдим, деб ўйлайсиз?
- Ҳа, тўғри. Асосан захирада ўтирдим. Лекин бу ердаги фаолиятим орқали мен ҳаётий тажрибага эга бўлдим, деб айта оламан. Тўғрироғи, кўзим “очилди”. Бир томондан шунақа бўлгани ҳам яхши бўлди, деб ўйлайман.
- “Навбаҳор”ни янги мавсумда энди Самвел Бабаян бошқаради. Шундай экан, келаси йили клубни нималар кутяпти?
- Тўғрисини айтсам, Самвел Бабаян жуда кучли мураббий. Бу мураббий келганидан кейин жамоа 100 фоизга ўзгарди. У футболчиларни ўйинларга қандай тайёрлашни ва қай тариқа мотивация беришни биладиган мураббий. “Навбаҳор”ни кейинги йил бемалол чемпионлик кутяпти, деб айтсам бўлаверади. Бу ҳар йили чемпионлик учун курашадиган жамоа.
- Кейинги мавсум учун режаларингиз қандай? Клубни ўзгартирасизми ёки қоласизми?
- Албатта, Худо хоҳласа, келаси йили ўйнайдиган жойга ҳаракат қиламан. Кимга ҳам ёқарди, бир йил захирада ўтириш? Ҳеч кимга!
- Хизматингизга қизиқаётган клублар борлиги турган гап. Айнан қандай таклифлар мавжуд?
- Ҳали 100 фоиз аниқ эмас. Ўзимга алоқага чиқишмаган. Балки, яқин орада кўп масалага ойдинлик киритилиб қолар.
- “Навбаҳор” клуби ўйинчилар билан шартномаларни узайтиришни бошлади. Жамоа сизга ҳам қолишингиз учун таклиф билдирдими?
- Ҳа, мени олиб қолишмоқчи бўлишяпти. Лекин мен буни хоҳламаяпман. Чунки ҳозир айни ўйнайдиган ёшдаман. Захирада эса етарлича ўтирдим. Энди ўзимни кўрсатадиган вақт келди.
- Кўпчилик футболчилар “Навбаҳор”да тўп суриш ўзига яраша оғир бўлишини, мухлисларнинг босими ҳам таъсири қилиши ҳақида гапиришади. Чиндан ҳам шундайми?
- Ҳа, тўғри, шунақа гаплар айтишади. Лекин мен ўйнаб кўрмадим. Агар ўйнаб кўрганимда бу ҳақида бирор-бир фикр билдирардим.
- Ўзингиз ўйнашни орзу қиладиган жамоа қандай бўлишини истайсиз?
- Ўзим хоҳлаган жамоа – энг муҳими, ички муҳит зўр бўлса, қолгани ўз-ўзидан яхши бўлиб бораверади. Мабодо, ички муҳит кўнгилдагидек бўлмаса, унда жуда оғир бўлади. Бундай ҳолатда натижа бўлиши ҳам қийин.
- Суперлиганинг даражаси бўйича ҳам турли баҳс-мунозаралар йўқ эмас. Сиз учун чемпионатимиз мавқеи қандай кўриняпти?
- Суперлигамизда йилдан-йилга ўзгаришлар катта бўляпти. Худо хоҳласа, унинг савияси ва мавқеи бундан ҳам яхшироқ бўлади, деган умиддаман.
Фикрлар