"Рақиблар "Барселона" ёки "Манчестер Юнайтед" эмас"! ёхуд Бухорода ўйин қаҳрамонига айланган дарвозабон охирги сонияда пенальтини қандай қайтарди? Бу ерда сир бормиди?
“Андижон” клуби сафардан 100 фоизли натижа билан қайтди. Айниқса, “Бухоро” майдонидаги учрашув қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Ғолиб чиққан жамоанинг ҳар бир футболчиси ўйин қахрамонига муносиб.
Аммо дарвозабон Элдор Адҳамов энди алоҳида мавзуга айланди. У жамоадошларининг меҳнатини муносиб қадрлади ва охирги сонияда белгиланган пенальтини қайтариб “Андижон”нинг ғалабасини сақлаб қолди.
Ўйин мобайнида ҳам Адҳамовдан яхши сейвларни кўрдик. Беллашувнинг энг яхши футболчисига айланган Элдорга бир қатор саволларни ўртага ташладик.
- “Бухоро”га қарши учрашув жуда ҳиссиётларга бой бўлди. Бундай ўйиндан кейин нималарни айта оласиз?
- Рақиб кучлилигини билардик. Биз бир ҳафтада учинчи ўйинимизни ўтказаётгандик. Йигитлар катта куч йўқотишганди. Шунинг учун чиройли ўйиндан кўра натижа муҳим эди. “Бухоро” бошида ҳужумлар қилди. Ўз майдонида мухлислари қаршисида ўйнаётганди. Улар ютқазиб қўйса, биз анча илгарилаб кетишимизни ҳамма биларди. Биринчи бўлим ярмида ўзимизга келиб, ўйин тизгинини қўлимизга олдик ва бурилиш қилдик. Муҳими, уч очкони қўлга киритдик.
- “Андижон” 3, 7 ва мана 10 сентябрда оғир ўйинларни ўтказди. Айтинг-чи, “Бухоро” билан баҳсга жамоа қаердан куч топди?
- Ҳаммамиз бирдамлик билан меҳнат қилдик. Машғулотларда ҳам тўғри режимда ишладик. Аллоҳ куч-вувват берди. Охирги қолган кучимиз билан ҳаракат қилдик. Қўллаган тактикамиз иш берди. Тўғри ҳимояландик ҳамда вазиятларимиздан фойдаландик. Тактикамиз орқали ютиб кетдик.
- “Андижон” дарвозасига бир эмас, иккита пенальти қўйилди. Биринчисида тўп устунга тегди. Иккинчисида жамоани қутқардингиз. Агар “Бухоро” гол урса мағлубиятдан қутулиб қоларди, аммо бунга йўл қўймадингиз. Ўша вазиятдаги ҳолатни гапириб берсангиз.
- Пенальти белгиланган пайтда биринчи навбатда дарвозабон ўзини йўқотиб қўймаслик керак. Чунки пенальти бу ҳали гол дегани эмас. Шунинг учун жарима зарбаси тепилишидан аввал бутун эътибор ва мувозанатимни бир жойга йиғиб вазиятни кузатдим. Ҳумоюнмирзо қандай йўл тутяпти, зарбага қандай яқинлашяпти...Худога шукр, бу учрашувда Аллоҳ пешонамизга ғалабани ёзган экан. Омад ҳам биз тарафда бўлди. “Бухоро” ҳам яхши ўйнади. Биз бунга қарши икки ҳисса куч билан тўп сурдик.
- Зарба йўналишини қандай топдингиз ёки таваккал ташландингизми?
- Ҳумоюнмирзо Иминовни ҳаракатларидан кузатишни бошладим. Ўзига яраша дарвозабонларга хос сирлар бор. Ким қайси пайт қанақа тепади, кузатамиз. Иминов зарбага яқинлашаётганида доим ўзи тепадиган тарафга тепди. Мен тахмин қилдим ва ўзим кутган жойга ишонч билан ташландим. Худога шукр, тахминим тўғри чиқди.
- Пенальти белгиланганида дарвозабон ўйинчининг кўзига қараб қайси томонга тепишини билиб олиши мумкин, дейишади. Бу қанчалик тўғри?
- Биласизми, футболчи ҳам сизни қараб турганингизни билади. Кўзи билан алдашга ҳам ҳаракат қилади. Шунинг учун кўзига қарашдан фойда йўқ деб ўйлайман. Мисол учун биринчи пенальти бўлган вазиятда мен рақиб ўйинчисининг кўзига қараб тургандим. Аммо у бошқа тарафга тепди, мен эса бошқа томонга ташландим. Пенальти тепаётган футболчи ҳам дарвозабон қаерга қараётганини билади. Шу боис барчаси ички ҳиссиёт ва топилма билан боғлиқ ва албатта омад.
- Пенальтини қайтарган вазиятингиз ижтимоий тармоқларда ҳам роса “айланди”. Сиз ҳам такрорий вазиятни кўрдингиз ва қайта кузатганингизда нималарни ўйлаяпсиз?
- Такрор кўрганингиз барибир ўша вазиятдаги ҳиссиётни бермайди. Лекин кўриш завқли ва ёқимли. Ростини айтганда, рақиблар “Барселона” ёки “Манчестер Юнайтед” эмас. Нимадандир қўрқиш ёки ортиқча хурсанд бўлганимиз йўқ. Ютишимиз керак эди, ютдик. Тепага интилаётган жамоа рақиб ажратмаслиги керак. Кучли бўлса буни майдонда исботлаб қўйиши керак, шу холос.
- Муҳими, “Андижон” ғалабага эришди. Энг яқин таъқибчисидан 5 очкога илгарилаб кетди. Жамоани неча фоизга Суперлига масаласини ҳал қилди деб ўйлайсиз?
- Ортиқча эйфорияга берилмасдан бу ўйиндан хулоса чиқарамиз. Яхши эмас, балки ёмон эпизодларни таҳлил қиламиз. Чемпионатни энди бошланяпти деса ҳам бўлади. Ҳеч нима ҳал бўлмаган. Агар бир бор бўшашиб қолсак, зараримизга ишлаб қолиши мумкин. Барчаси олдинда. Жамоалар иккига ажралди ва барча клуб бор кучини ташлайди. 8 та ўйин қолган бўлса, қачонки ўша учрашувдаги якуний ҳуштак чалинганидан сўнг Суперлигага чиққанимиздан хотиржам бўлиш мумкин. Унгача бўшашишга ҳаққимиз йўқ.
- “Бухоро”га қарши энг яхши ўйинчи бўлдингиз. Буни ўйладингизми?
- Барча футболчиларимиз яхши ўйнашди. Масалан, ҳимоячиларимиз кўп вазиятларни қайтариб рақибга имкон беришмади. Ҳамма лойиқ эди. Пенальтини қайтарганим учун шундай эътироф топишгандир.
- Дарвозабон ярим жамоа деган гап ҳам бор-да...
- Албатта, дарвозабон ярим жамоа. У ишончли ўйнаса, жамоаси ҳам ишончли ўйнайди. Дарвозабон жисмоний эмас, руҳий тарафдан асқотади. Масалан, “Бухоро” босим қилган пайтларда руҳий жиҳатдан тайёр туриш керак эди ва биз диққат-эътиборимизни йўқотмадик.
- Кўпчилик сизни де Хеага қиёслашади. Балки бундай ўхшатишлик ҳам сизга қўшимча мотивация бераётгандир...
- Давид де Хеа 18-19 ёшида чиққанди. Дебют ўйини 2009-2010 йиллари бўлган. Илк ўйинини кўрибоқ ёқтириб қолгандим. Ёш бўлишига қарамай, ўйини ажойиб эди. Табиийки, унга ўхшатишлари ёқимли. Лекин мен ҳеч кимга тақлид қилмайман. Чунки тақлид меъёрида бўлиши керак. Ҳа, де Хеа ёқади, аммо айнан унга ўхшашга ҳаракат қилмайман. Ўзимни ўйиним ва услубим бор. Ўз ўйинимни устириш ва ривожлантиришга ҳаракат қиламан.
- “Бухоро”га қарши учрашувдан кейин сизни биринчи бўлиб ким табриклади?
- Ота-онам. Футболни 11 ёшимдан бошлаган бўлсам, Тошкентдаги ҳар бир ўйинимга келишарди ва ҳатто машғулотларимгача кузатишарди. Дадам доим менга маслаҳатини ва камчиликларимни айтиб туради. Ҳамма вақт қўллаб-қувватлайди. Ота-онамдан сўнг опам, акам ва қариндошларим табриклашади.
Фикрлар