Рашид Ғофуров:
Ads

Наманган футболи тарбияланувчиси Рашид Ғофуров ўз вақтида таниқли ўйинчилардан бири бўлган ва ўзининг позициясида энг яхшиларидан бири эди. Миллий терма жамоада ҳам тўп сурган Ғофуров кейинчалик ўзини мураббийликка бағишлашга қарор қилганди. Айниқса, ўзи учун қадрдон ҳисобланган «Навбаҳор»га бош мураббий этиб тайинланган ва илк бор у бундай лавозимда ишга киришганди. Афсуски, Рашиднинг бош мураббийликдаги дебюти ўзи истаганчалик чиқмади ва Наманган клубида узоқ вақт қолмади. Шундан бери Ғофуровни бирор-бир клубда учратмадик. Натижада уни футболдан узоқлашиб кетганини пайқаш қийин эмасди. Ишлаган кезларида доим эсга олинарди, аммо футболдан узоқлашгач, уни унутиб юбориш ҳам тўғри бўлмасди. Шу боис у билан бир қатор масалаларда суҳбатлашдик. Айтиш керакки, Ғофуров дилида йиғилиб қолган бир қанча муҳим фикрларини айтди.

- Сўнгги вақтларда сизни футболда учратмай қўйдик. Айтинг-чи, ҳозир қаердасиз ва нима иш билан бандсиз?

- Тошкентдаман. Бола-чақамни ўқиши шу ерда бўлгани учун яшашимиз ҳам пойтахтда. Лекин вақти-вақти билан Наманганга, Чортоққа бориб келиб юрибман. Ўзим эса тадбиркорлик ишлари билан шуғулланиб юрибман. Шунинг учун ҳозирги пайтда футболдан бироз четроқдаман.

- Футболдан йироқлашишингиз нима билан боғлиқ? Зерикдингизми ёки нимадир ёқмай қолдими? Бўлмаса соҳангизни ўзгартирмоқчи бўлдингизми?

- Зерикдим дея олмайман. «Навбаҳор»дан кетганимдан кейин футболдан бироз кўнглим қолди. Тажрибасизлигимиз учун бирданига клубга бориб, яна кўп ўтмай у ердан кетдик. Шу боис ишлашга ҳам иштиёқим қолмаганди.

- Демак, ўша пайтда «Навбаҳор»нинг бош мураббийлигини қабул қилиб олишингиз ўзингиз учун хатомиди?

- Хато бўлди. Бунга қадар бир жойда анча вақт ишлаб юрган инсон сифатида у ерга бориб бирданига қайтиб кетганимиз ёмон бўлди.

- Қачондир сизни яна мураббий сифатида кўрамизми? Ё футболдан бутунлай узоқлашдингизми?

- Буни ваъда қила олмайман. Бутунлай кетдим деб ҳам айта олмайман. Ҳамманинг ўз вақти келади. Футболдан кетганим билан узоқлашганим йўқ. Ўйинларни кузатиб юрибман. Қаерда хато ва камчиликлар бўлаётганини билиб, кўриб юрар экансиз.

- Сир бўлмаса, айни пайтда қандай тадбиркорлик билан машғулсиз?

- Одамлар шуғулланадиган тадбиркорлик-да. Ҳаммаси асосан майда-чуйда ишларда. Бунинг айнан нима ишлигини айтиш шарт эмас.

ғофуров

- Наманган фарзанди сифатида барибир «Навбаҳор»нинг ўйинларига ҳам бефарқ бўлмасангиз керак. Клубдаги воқеаларга нима деган бўлардингиз?

- «Навбаҳор»га бефарқ эмасмиз. Нимагаки, у ерда укам – Мирзоҳид Ғофуров ҳам ўйнаб юрибди. Шунинг учун қанча ғалаба қозонса, шунча хурсанд бўламиз. Лекин ҳозирги эгаллаб турган ўрнидан нафақат мен, балки барча мухлислар ҳам рози бўлишмаса керак. Шунчалик яратиб берилган шароит-у, имкониятларга яраша 7-8-ўринларда юриши тўғри келмаса керак деб ўйлайман. Мен борган пайтдаги шароитга ҳозирги ўринда юрсак арзирди. Лекин четдан кўриб, эшитиб юрибмиз, бундай шароитларга клуб чемпионлик учун курашса арзийди. Ҳомийлар яхши, вилоят ҳокимининг эътибори кучли, стадиондаги муҳит ҳам зўр. Таркиб ёмон эмас, яхши. Сафардаги учрашувларни ҳисобга олмаганда, ҳеч бўлмаганда ўз уйидаги барча ўйинларни ютиб турганида ҳам ҳаттоки меҳмондаги натижалар ҳам у қадар шарт бўлмасди ва «Навбаҳор» бемалол 2-ўринда бўлиши ҳам мумкин эди. Яъни, мен меҳмондаги ўйинларни ҳали ҳисобга олмаяпман. Лекин клубда нима бўлаётганини мен билмайман. Хоҳлаганда ўзгаришлар бўлади, биттаси келади, биттаси кетади…очиғи, тушунмадим. Авваламбор, «Навбаҳор»нинг биринчи хатоси Илҳом Мўминжоновни қўйиб юборгани бўлган. Уни ҳам инсон, ҳам мураббий сифатида ҳурмат қиламан. У «Навбаҳор»га мендан кейин бориб ишлаган мураббийдир. Одатда кўпчилик ўзидан кейин бориб ишлаган мураббийнинг салбий натижалар қайд этишини кутишлари мумкин. Лекин мен бунинг тескарисини айтаманки, клубни лигада олиб қолиб, кейин кўтарганига хурсанд бўлдим. Биринчи навбатда «Навбаҳор»нинг мавқеини кўтариб, иккинчидан ўзининг номини ҳам янада танита олди. Ўша пайтда клуб бир неча йилдан бери 3-ўрин нималигини билмай келарди. Шу бола келиб, жамоани ўша 3-ўринга олиб чиқиб қўйди. Аслида у ишлаган барча йилларида натижа кўрсатди. Бундай натижа кўрсатиш ҳаммага ҳам эмас. Россия, Туркманистон ва бошқа ерлардан келиб ишлаб кетишди. Аммо ўзимизнинг маҳаллий мураббий шунчалик клубни юқорига олиб чиқиб қўйганди. Аммо мен тушунмадим, уларга яна нима керак эди? Хўп, менга ўхшаган мураббийни олайлик, натижа қила олмадик, ўз уйимизда ютқаздик, яхши ўринларга кўтарилмадик. Ҳаммасини тўғри тушундим, натижа бўлмаганидан сўнг ўзимдан айбни қидирдим. Лекин Мўминжоновнинг нима учун ишдан бўшатилганига тушунмаганман. Мураббийлар аслида нима сабабдан истеъфога чиқарилади? Қачонки, натижа бўлмаса, ана шунда ишдан бўшатишади. Биласиз, ютса жамоа ютади, ютқазса доим мураббий ютқазиб, айбдорга чиқарилади. Бироқ Илҳом ютди-ку! Ютганда ҳам қандай ютди? Икки, икки ярим йил мобайнида Наманганда мағлубиятсиз ўйнаб ғалабалар қозонди. «Пахтакор»ми, «Локомотив»ми, «Бунёдкор»ми ҳаммасини ер тишлатди. Ҳозир-чи? Кетма-кет мағлубиятлар, очко йўқотишлар! Мен мураббийларни айбдор қилмоқчи эмасман. Бироқ тушунмаганим шундаки, ишлаётган тайёр мураббийни нима қиларди, ишдан бўшатиб?! Ёки бир йилдаёқ Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиб, чемпион қилиб бериш керакмиди? Ҳа, кимлардир ўйинни сотди, у қилди, бу қилди дейишди. Мени фикрим шундайки, у натижа қилдими, демак, қолганига ҳеч кимнинг иши бўлмаслиги керак, тамом! Хўп майли, Илҳомни ёмон кўриб қолишди ва уни бўшатишини сўрашди. Лекин ундан кейин келадиган мураббий яхши натижа кўрсатиши керак эди-да! Балки айтишлари мумкин, ҳалол, адолатли ўйин бўлсин, бизга учинчи ўрин бўлмаса ҳам, саккизинчи ўринда юрсак ҳам фақат «тоза» ўйнашсин дейишлари мумкин. Лекин ўз вақтида биз ўша «тоза» ўйинни ҳам қилиб кўрдик. Бизга ҳам тезда натижа бўлмаса-да, муҳими чиройли, мухлисларга ёқадиган ўйин қилинглар дейишганди. Лекин бу бўлмаган нарса экан, қуруқ гап экан! Биласизми, ўша 2016 йилда биз чиройли, ҳамма ҳавас қиладиган ўйин кўрсатдик. Керак бўлса, ҳамма жамоани икки тайм «босардик», лекин кераклигича гол ура олмасдик. Демак, бундай ўйинни кераги йўқ экан. Ундан кўра 90 дақиқа керак бўлса ҳимояда ўйнаб, битта гол уриб, ютиб кетган минг марта афзал экан. Ана шунда натижа бўларкан. Ваҳоланки, натижа бўлмаса ҳам чиройли, мухлисларга ёқадиган ўйин бўлсин деган гаплар, шунчаки шиорга ўхшаган сўзлар экан холос. Нима бўлганда ҳам барибир ҳамма жойда биринчи ўринда натижа керак экан. Чиройли ўйнаб туриб, ютқазиб турсангиз мухлислар иккита ўйингача сабр қилишлари мумкин, аммо учинчисига келиб, йиғиштир, бизга натижа керак дейишади. Шунинг учун майдонга чиққанда чиройли ўйнайсанми, қўпол ўйнайсанми, нима бўлишидан қатъий назар якунда таблода сизнинг жамоангиз ютиб чиқиб кетса, муҳими шу экан. Айнан шу нарсани Мўминжонов кўрсатиб берганди. Агар ўша мураббийга яна бир йил қўйиб беришганида, янада тажрибаси ошиб, жамоани бундан-да кучайтирган бўларди. Мен доим «Навбаҳор»нинг ютишини истайман. Бир вақтлар Илҳом Мўминжонов билан «Бунёдкор»да бирга ўйнаганман. Тўғри, у билан «ош-қатиқ» бўлмаганмиз. Лекин ишлаб натижа кўрсатганидан кейин шундай мураббийларга имконият бериш керак эди-да. Агар бундан олдин ишлаган мураббий 2-ўринни эгаллаб, Мўминжонов келиб 3-ўринни олганида, йўқ бу бизга тўғри келмади, жамоамиз ўтган йили 2-ўринни олганди, бу йил эса чемпион бўлиш керак эди, дея уни ҳайдаб юборса, майли тушунардик. Лекин неча йилдан бери 7-8-поғонадан тепага кўтарила олмаётган жамоани 3-ўринга кўтариб қўйди-ку! Билмадим, ундан яна нимани хоҳлашади? Ҳаммасини вақт кўрсатади. Аммо Мўминжонов четда туриб бўлса-да, ўзини исботлаб юрибди. Агар ҳозир ишлаётганида «Пахтакор» билан чемпионликни талашаётган бўларди.

- Лекин ўша пайтда Илҳом Мўминжонов тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар пайдо бўлди, ЎФА эса уни келишилган ўйинларга алоқадор деб беш йилга футболдан четлаштирди. Бу воқеаларга нима дейсиз?

- Ҳа, сиз гапирганингиз сингари мен ҳам бундай гап-сўзларни четдан туриб эшитдим. Аммо уни яхши билганим учун бундай ишларга алоқадор бўлмаса керак деб ўйлайман. Яна билмадим, барчасини Худо билади. Бироқ қўпол қилиб айтганда, у ана шундай учрашувларда қатнашдими-қатнашмадими, муҳими натижа кўрсатиб, учинчи ўринни олиб бердими, унга фақат омадини берсин дейиш керак. Негаки, бўрини оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам қон. Клубда ишлаганимизда 15-ўринда юрсак ҳам биз ҳақимизда роса пул топишди, деб бўлмағур гапларни айтиб кетказишган. Ваҳоланки, ўша жойга керак бўлса чўнтагимдан сарф-ҳаражат қилганман. Барибир есак ҳам, емасак ҳам номимиз булғандими? Айтмоқчиманки, Мўминжонов нима бўлганда ҳам натижа қилиб қўйдими, четда турганлар унинг ишига аралашиб нима қиласизлар? Нима, у келиб текинга ишлаши керакми? Бу билан уни келишилган ўйинларда қатнашсин демоқчи эмасман. Лекин у қилган меҳнатига яраша ҳокимдан ҳам муносиб рағбатни олди. Агар сен шунча келишилган ўйинларда қатнашибсан, қани натижа деса унда бошқа гап эди. Илҳом эса натижа қилди, қолган икир-чикирлари нима бўлганини эса мен билмайман.

- Бу йил ҳам «Навбаҳор»да яна ўзгаришлар бўляпти. Аслида-ку, раҳбарлар алмашавериб, уларнинг саноғидан адашиб кетганмиз. Мураббийларнинг алмаштирилиши ҳам одат тусига кирган. Канчельскиснинг ўрнига Журжевич ва яна унинг ўрнига Канчельскисни олиб келишди ва шу тариқа ўзлари қимматни вақтларни бой беришди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Илҳомдан кейин Канчельскисни олиб келишдими, бўлди унга тўлиқ имкониятни бериш керак эди-да. Масалан, мен бошқа мураббийнинг ўрнига борсам, у йиққан таркибга мен жавоб бермайман-да! Бу дегани бировнинг таҳоратига намоз ўқиш дейилади-да! Шунинг учун Канчельскис йиққан таркибга қандай қилиб Журжевич жавоб беради? У келди, пулимни берсанг ишлайман, бўлмаса кетаман, менда йўқотадиган нима бор, уйимда дам олиб ётган одам эдим, деб қўя қолади-да. Ундан кўра ўша Канчельскисга тегмасдан охиригача имконият бериш керак эди. Хўп, уни роса ишдан бўшатишни исташса, унда мавсум якунигача сабр қилиб туришлари лозим эди. Қўпол қилиб айтганда, уч ой қолганида Моуриньони олиб келсангиз, ўйнаётган 11 нафар футболчи Роналдуга айланиб қолмайди-ку! Масалан, Канчельскис келгани билан ўша йигитлар бирданига Европага тортадиган футболчиларга айланиб қолишмайди. Бир-иккита мағлубиятдан кейин мураббийни алмаштираверса, футболчилар ҳам сарсон бўлишади. Энди Канчельскиснинг тактикасига мослашганда, уни бўшатиб Журжевичнинг услубига мослашгунича яна тўртта мағлубият…Шунинг учун битта мураббий олиб келиндими, тамом унга охиригача қўйиб бериш керак. Биз эса четдан кузатиб ичимиздан ўтганини ўзимиз билган ҳолда томоша қилиб юрибмиз холос. Бизнинг гапимизни ким эшитарди, шунчаки сиз сўраганингиз учун айтяпман. Шунча шароит ва имкониятга яраша ўйинчилардан ўйнашни талаб қилишади. Лекин футболчилар қайси мураббийнинг кўзига қарашади? Бояги айтган гапим – биттасига мослашса, иккинчиси келади, энди унга кўникдим деса кейин учинчиси келади. Ёки энди битта раҳбарнинг ишлаш тизимига ўрганишса, ўрнига бошқаси келиб турган бўлади.

- Чемпионатимиз ҳақида нима дейсиз? «Пахтакор» муддатидан олдин чемпион бўлди. Ҳеч бир клубнинг бу жамоага кучи етмай қолди.

- Савиямиз зўр эмас. Сизга савол бераман: менга Ўзбекистонда айни пайтда ҳимоячилар қўрқадиган битта зўр ҳужумчини кўрсатинг-чи? Кимни айтасиз?

- Очиғи, бундай даражадаги ҳужумчини кўрмаяпман.

- Ҳа, ўлманг! Олдинги футболимиздан кўра ҳозирги футболимиз кучайди деганларга айтмоқчиман: ака-ука Дўрмоновлар, Қуттибоевлар, Бозоровлар, Ни, Шквирин, Ирисметов, Шацких, Мақсудов, Абдураимов…бундайларни санаб саноғига ета олмасдик. Ҳозир эса улар каби ҳужумчиларни кўрмаяпман. Ҳаттоки, мураббийларга қайси бир ҳужумчини асосий таркибда туширсам экан, деган бош-оғриқ бўларди. Ёши ўтиб қолган Бикмаевни гапирамиз. Сергеев ҳам бир гуриллаганди. Кейин бақир-чақирлардан сўнг «йўқолиб» қолганди, яна ҳозир бироз кўриниб қолгандек бўляпти. Лекин ҳозир чемпионатимизда зўр ҳужумчини кўрмаяпман. Бошқаларнинг «Пахтакор»га кучи етмай қоляпти эмас. «Пахтакор»да шундай таркиб йиғилганки, бу керак бўлса Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таркиби. Ўта кучли. Бундай таркиб билан академияда ишлаётган мураббий ҳам футболчиларни тўғри жойлаштирса, бориб ютиб келаверади. Балки мен қаердадир хато гапираётгандирман. Лекин бундай таркиб билан ўзимиздаги мураббийлар ҳам чемпион қила олишади. «Пахтакор»нинг захирасида ўтирган футболчилари бошқа жамоада ҳақиқий етакчига айланади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
FarruxFarrux
28/09/2019 19:36
Рашид Гофуров Наманганлик булса Аччик хакикатларни айтиптими
Муминжонов 15 йилдаги Навбохорни яна бошкаттан кашф килиб берганди
Баттар бул Навбохор яна 15 йилда 3 уринди оласанлар ношукр одамлар
Бу йил Сурхон 2-3 чи уринди олади Чунки у ерда Муминжонов бор!!!!!!!!
&
FarruxFarrux
28/09/2019 19:36
Рашид Гофуров Наманганлик булса Аччик хакикатларни айтиптими
Муминжонов 15 йилдаги Навбохорни яна бошкаттан кашф килиб берганди
Баттар бул Навбохор яна 15 йилда 3 уринди оласанлар ношукр одамлар
Бу йил Сурхон 2-3 чи уринди олади Чунки у ерда Муминжонов бор!!!!!!!!
Абдусамат Жураев
26/09/2019 09:20
Гап Рашид ака чиройли жавоблар сухбат учун рахмат Канчельский алмаштириб катта хато КИЛИНДИ хозир аник уйдаги уйинларини ютганимизда локодан тепада турардик эхх эсиз булар иш булди сабр энди
&
26/09/2019 10:07
Канчелскийга яна 3 йил мудат бериб у хохолаган футболчиларни олиб келинса хам
10 Канчелский 1 та Муминжонов булолмайди
Муминжонов жуда кучли Мураббий буни эркак тан олади
Латта га ухшаб оркадан чайнамайди
Абдусамат Жураев
27/09/2019 13:35
Олга КАЕЧЕЛЬСКИЙ екмаса навбахор ва Канчельский хакида гапирма сан бирон марта машгулот вактида майдонда туриб курганмисан КАНЧЕЛЬСКИЙ футбол мухлислар учун маглуб бул лекин мард булиб эркакча уйнаб маглуб булсан хам Халк ва мухлислар олкишлайверади деб хар сафар машгулотда айтади Сан айтяпкан Илхом мухлислар икки соат сен билан уйин тугагач сани унитади сенлар мени айтнанимни кил деб айтган Илхом учун мухлис бир пул эди ман учун Жизахда ва Андижонда кубокда алам килган маглуб буганни ютибтуриб шунча йул босиб сафарга балет киганни борсагг маглубият карочи Лучший КАНЧЕЛЬСКИЙ
Абдусамат Жураев
27/09/2019 13:36
Олга КАЕЧЕЛЬСКИЙ екмаса навбахор ва Канчельский хакида гапирма сан бирон марта машгулот вактида майдонда туриб курганмисан КАНЧЕЛЬСКИЙ футбол мухлислар учун маглуб бул лекин мард булиб эркакча уйнаб маглуб булсан хам Халк ва мухлислар олкишлайверади деб хар сафар машгулотда айтади Сан айтяпкан Илхом мухлислар икки соат сен билан уйин тугагач сани унитади сенлар мени айтнанимни кил деб айтган Илхом учун мухлис бир пул эди ман учун Жизахда ва Андижонда кубокда алам килган маглуб буганни ютибтуриб шунча йул босиб сафарга балет киганни борсагг маглубият карочи Лучший КАНЧЕЛЬСКИЙ