“Реал” бир футболчи билан хайрлашадиган бўлди
“Реал” ярим ҳимоячиси дани Себальос қишки трансферлар вақтида Испания чемпионатининг бошқа жамоасига ўтиб кетадиган бўляпти.
Todofichajes нашрининг маълум қилишича, мадридликлар сафида ўзи етарли даражада ўйин амалиётига эга бўла олмаётган ярим ҳимоячига “Бетис” иш беришга тайёр.
28 ёшли футболчи учун “Бетис” бегона эмас. Айнан мана шу клуб Себальосни тарбиялаб 2017 йили 16,5 миллион евро эвазига “Реал”га трансфер қилган.
Себальос Мадридга келганидан бери асосий таркибга кира олмаяпти. Ҳатто 2019-2021 йиллар давомида Лондоннинг “Арсенал” клубида тажриба ошириб келгани ҳам унга ёрдам бермади.
Дани Себальос янги мавсумда Испания чемпионатида икки марта майдонга тушиб 70 дақиқа, УЕФА Суперкубогида бир дақиқа ҳаракат қилди.
“Реал” билан ҳамкорлиги 2027 йилнинг ярмигача давом этадиган футболчининг трансфер суммаси бугунги кунда 4 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Фикрлар