“Реал”: Ишончи оқлай олмадинг, кетасан!
Мадриднинг “Реал” клуби ўтган ёзда трансфер қилинган ҳимоячи Дин Хёйсенни жорий мавсум якунлангач сотиб юборишни истисно қилмаяпти.
Fichajes маълумотига кўра, 21 ёшли марказий ҳимоячи унга боғланган умидларни оқлай олмади. У мадридликлар сафига 60 миллион евродан ортиқ суммага ўтган бўлса-да, дебют мавсуми кўпроқ саволлар қолдирди.
Футболчининг жамоага мослашиши осон кечмади. Унинг ўйини барқарор бўлмади: яхши эпизодлар хатолар билан алмашиб турди ва бу баъзан очколар йўқотилишига олиб келди. Айниқса, ҳал қилувчи вазиятларда концентрация ва қарор қабул қилишда муаммолар кузатилди.
Қўшимча омил сифатида “Реал”даги кучли медиа босими ва юқори талаблар ҳам таъсир қилди. Бу клубда ҳар бир ҳаракат қаттиқ назорат остида бўлади.
Шунга қарамай, футболчининг бозор қиймати ҳали ҳам юқори. Клуб унинг ёши ва салоҳияти сабаб бошқа жамоалар учун қизиқарли эканини тушунади. Аллақачон бир нечта клублар унинг ҳолатини кузатмоқда ва ёзги трансфер ойнасида таклиф билан чиқиши мумкин.
“Реал” раҳбарияти турли вариантларни кўриб чиқмоқда: бир томондан, футболчини сақлаб, унинг ривожи устида ишлаш мумкин; иккинчи томондан, фойдали таклиф келиб тушса, сотиш қарори қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
Қайд этилишича, эҳтимолий трансфер жамоа ҳимоя чизиғини янгилаш стратегиясининг бир қисми бўлиши мумкин. Хёйсенни сотиш янги трансферлар учун ресурслар очади.
Футболчининг келажаги бўйича якуний қарор ёзда қабул қилинади. Бу ҳолат юқори талаблар шароитида ёш футболчилар билан ишлаш қанчалик мураккаб эканини яна бир бор кўрсатмоқда.

Фикрлар