“Реал Мадрид”нинг барча даврлардаги рамзий терма жамоаси

Эътиборингизга “Қироллик клуби”нинг барча даврлардаги энг яхши футболчиларидан тузилган рамзий жамоасини ҳавола этамиз.

Дарвозабон:

Икер Касильяс (Испания)

“Реал Мадрид”нинг ҳақиқий афсоналаридан бири. Ўн беш йилдан ортиқ вақт давомида “Реал” ва терма жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиб келди. “Қаймоқранглилар” билан йигирмага яқин совринларни, жумладан, 5 марта Испания чемпионлиги, 3 марта Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритган. Икер ХХI аср бошининг энг яхши дарвозабонларидан бири ҳисобланади. Терма жамоада эса Жаҳон Чемпионлиги ва Европа Чемпионлигини қўлга киритган.

Альтернатив дарвозабон: Хуанито Алонсо

Ҳимоячилар:

Серхио Рамос (Испания)

Албатта, Серхио Рамос ҳозирда марказий ҳимоячи. Балки, сиз Чендо, Сальгадо, Карвахаллар бу позитсияни бемалол эгаллай оларди деб ўйлагандирсиз. Фикрингиз тўғри. Аммо Рамосни ўнг қанотга қўймаганимизда, марказий ҳимояда Санчис ва Йеррога жой етмай қоларди. Уларни таркибдан тушириб бўлмайди. Шунинг учун ҳозирги жамоа сардори ёшлигини ёдга олиб, ўнг қанот ҳимоясида туради.

Мануэль Санчис (Испания)

Мануэль Санчис Мартинес 60 йилларда “Реал” таркибида 200 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган ва 4 марта Испания Чемпионлиги ва Чемпионлар Кубогини қўлга киритган. Унинг ўғли Мануэль Санчис Онтюэло эса отасидан ҳам кўпроқ ўйинда майдонга тушган. “Реал” таркибидаги 18 мавсуми давомида 711 та ўйинда майдонга тушган. 8 марта Испания Чемпионлигини, 2 марта Чемпионлар Кубогини, 2 марта УЕФА Кубоги ва яна бир қанча совринларни қўлга киритган. “Қироллик клуби” тарихидаги энг машҳур футболчилардан бири ҳисобланади.

Фернандо Йерро (Испания)

Йерро фаолиятини “Вальядолид”да бошлаган ва кейин “Реал Мадрид”га ўтган. Мадриддаги 14 йиллик фаолиятидан сўнг Қатар ва Англия жамоаларида тўп сурган. Йерро ўз универсаллигини кўрсатиб, марказий ярим ҳимоя ва марказий ҳимояда бемалол ўйнай олган. Кўплаб муҳим голларни урган. Аввалига, таянч ярим ҳимояда, кейинчалик ҳимояда тўп сурган футболчи учун 601 ўйинда 127 та гол ёмон натижа эмас. Йерро ва Маноло Санчис жуфтлиги ҳалигача “Реал” тарихидаги энг мустаҳкам ҳимоя тандем деб тан олиниб келади.

Роберто Карлос (Бразилия)

Чап қанот ҳимоясида Марсело бир неча мавсумдан бери ажойиб ўйин намойиш қилиб келяпти. Аммо унинг Ватандоши Роберто Карлосни бу позитсияга лойиқ кўрдик. “Реал” таркибида 527 ўйинда 69 та гол урган бразилиялик футболчи 3 марта Чемпионлар Лигаси ва 4 марта Испания Чемпионлигини қўлга киритган. 11 йил давомида “Қаймоқранглилар” шарафини ҳимоя қилган Роберто Карлос чап қанот учун курашда нафақат Марселони, “Реал” учун ҳаётини бағишлаган Хосе Антонио Камачони ҳам енгди.

Алтернатив ҳимоячилар: Чендо, Хосе Сантамария, Иван Эльгера, Марсело

Ярим ҳимоячилар:

Пирри (Испания)

Хосе Мартинес Санчес Пирри лақаби билан машҳур. У “Реал” билан ўтказган 16 мавсуми давомида 10 та чемпионлик титулини қўлга киритган. 1966 йилда эса Чемпионлар Кубогини ҳам қўлга киритиш насиб этди. “Реал”даги узоқ йиллик фаолияти давомида Пирри дарвозабонликдан ташқари барча позицияларда тўп суриб кўрган. Пирри 559 ўйинда 173 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Лука Модрич (Хорватия)

Модрич “Реал”га келганида 26 ёшда эди. Аввалига, хорватиялик футболчини йилнинг энг омадсиз трансфери дея аташди. Аммо Модрич гап-сўзларга қарамасдан, ўзига бўлган ишонч туфайли ҳозирда “Реал”нинг энг муҳим футболчиларидан бири бўлишга эришди. Лука “Қироллик клуби” билан 16 та соврин, жумладан, 4 марта Чемпионлар Лигасини қўлга киритди. “Деcима”ни қўлга киритишга энг катта ҳисса қўшган футболчилардан бири ҳисобланади. “Атлетико”га қарши ўйинда 93 дақиқада Рамосга тўпни оширган ҳам айнан Модрич эди.

Зинедин Зидан (Франция)

“Реал Мадрид” шарафини кўп йиллар давомида ҳимоя қилмаган бўлса-да, Зинедин Зидан жамоанинг афсонавий футболчиларидан бири бўлиб тарихда қолди. Унинг 2001/02 йилги мавсум Чемпионлар Лигаси финалида “Байер”га урган голи ёдингиздами? Зидан ҳозирги кунда мураббий сифатида ҳам ўз тарихини ёзишда давом этмоқда.

Альтернатив ярим ҳимоячилар: Хаби Алонсо, Тони Кросс, Мичел

Ҳужумчилар:

Альфредо Ди Стефано (Аргентина)

Агарда, Сантьяго Бернабеу “Реал”нинг отаси ҳисобланса, Альфредо Ди Стефано чўқинтирган отаси. Балки, бу ҳужумчи “Реал”да тўп сурмаганда, ҳозиргидек буюк жамоа бўлиб етишмасмиди?! Альфредо жамоага 8 марта Испания Чемпионлигини, 5 марта Чемпионлар Кубогини олишга ёрдам берган. Қирқ йилдан ошиқ вақт мобайнида, аввалига Рауль, кейинчалик Криштиану Роналду жамоага келгунга қадар энг яхши тўпурар номини сақлаб турган эди. Унинг ҳисобида 307 та гол мавжуд ва бу Мадрид тарихидаги энг яхши учинчи натижа ҳисобланади.

Криштиану Роналду (Португалия)

“Реал Мадрид”нинг барча рекордларини янгилаши учун Криштиану Роналдуга 9 мавсум кифоя қилди. “Қироллик клуби”да 438 ўйинда 450 та гол Роналдуни жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарга айлантирди. Роналду 9 мавсум давомида доимий сермаҳсул ўйинлари билан мухлислар қалбини забт этди. У нафақат жамоанинг, балки дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири.

Рауль (Испания)

Асосий таркибга Ференц Пушкашни эмас, 6 та Чемпионлар Кубогини ютган Франсиско Хентонимас, айнан Раульни олишга қарор қилдик. Гонсалес “Реал” билан барча совринларни қўлга киритди, Ди Стефанодан голлар бўйича ўтиб кетди (кейинчалик Роналду ундан ўтиб кетди), 7 йил давомида сардорлик боғичида ҳаракат қилди, ундан ташқари жамоада энг кўп ўйин ўтказган футболчи ҳисобланади (741 та ўйин). Мухлислар ва журналислар уни эркалаб “Рауль Мадрид” деб чақиришарди.

Алтернатив ҳужумчилар: Франсиско Хенто, Ференц Пушкаш, Карлос Сантильяна.

Мураббий:

Мигель Муньос (Испания)

Жаноб Муньосни бу рўйхатдан тушириб бўлмасди. Футболчи сифатида Мадрид жамоаси билан 11 та совринни қўлга киритган, кейинчалик мураббий сифатида эса ўз коллексиясига яна 15 та совринни қўшиб қўйди. Шунинг учун Мигель Муньосни рамзий жамоа мураббийи сифатида таркибга киритдик.

Алтернатив мураббийлар: Висенте Дель Боске ва Зинедин Зидан

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Alijon Gazarov
29/02/2020 14:30
Bu yerda Ozil ham bolishi shart edi u kop rekordlar qoygandi la ligada
Rasul Latipov
29/02/2020 22:50
????????????