Мадриднинг “Реал” клуби раҳбарияти жорий мавсум якунлангач жамоа ҳужумчиси Гарет Бэйлни трансферга қўймоқчи. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.

Юқоридаги нашрнинг ёзишича “қироллик клуби” вакиллари аллақачон уэльслик футболчининг ўрнига муносиб номзод қидиришни бошлаб юборишган.

Айтиш керакки, Бэйлнинг “Реал” машғулотларидаги олган сўнгги жароҳати клуб раҳбариятининг сабр косасини тўлдирди. Боиси, футболчи 2013 йилда жамоага келиб қўшилган бўлса, ўтган вақт мобайнида нақд 19 марта жароҳат олди. Натижада эса жамоанинг 45% учрашувларида майдонга туша олмади.

Эслатиб ўтиш лозимки, ўтган ёзги трансферлар даврида Бэйлга “Манчестер Юнайтед” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо жиддий қизиқиш билдирган эди. Бироқ, “Реал” унга яна бир мавсум имкон беришга қарор қилган эди.