«Реал» Мбаппенинг гаплари учун узр сўради
«Реал» Килиан Мбаппе Мао Цзэдун меми ҳақидаги сўзлари ортидан Хитой халқига етказилган ранжиш учун расман узр сўради.
Мадриднинг «Реал» клуби расмий сайтида жамоа ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг сўзлари учун узр сўраб баёнот эълон қилди.
Аввалроқ француз футболчисидан уни диктатор қиёфасида тасвирлаган мемлар ҳақида сўрашган. Мбаппе ўзини Мао Цзэдун образида акс эттирган мем унга энг кулгили туюлганини айтган ва дўстлари билан мулоқотда ундан тез-тез фойдаланишини тан олган. Интервью эълон қилинганидан сўнг Хитойнинг учта компанияси Мбаппе билан ҳамкорликни тўхтатди. Шунингдек, мамлакатда Испания чемпионати ўйинлари трансляцияси ҳам вақтинча тўхтатилди.
«Реал» клуби футболчимиз Килиан Мбаппенинг яқинда билдирган фикрлари туфайли Хитой халқи бошдан кечирган салбий ҳиссиётлар учун узр сўрайди. Клуб Хитой, унинг тарихи, маданияти ва фуқароларига, шунингдек, «Реал»ни меҳр ва ҳавас билан қўллаб-қувватлайдиган миллионлаб хитойлик мухлисларга чуқур ҳурмат билан қарайди. Клуб Килиан Мбаппенинг омма олдида билдирган узрини қўллаб-қувватлайди. Футболчи ўз сўзларидан афсусда эканини билдириб, Хитой халқига ҳурматини тасдиқлади», — дейилади «Реал» расмий сайтидаги баёнотда.
Мбаппенинг ўзи ҳам айтган гаплари учун узр сўраган. Ҳозирча Хитой томонидан билдирилган муносабат ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳлар (0)