«Рома» янги стадион қуришга рухсат олди
«Рома» клуби Римнинг шимолида жойлашган Пьетралате туманида қурилиши режалаштирилган янги стадион лойиҳаси бўйича келишувлар тўлиқ якунланганини маълум қилди. Жамоа раҳбарияти бу босқични янги арена барпо этиш йўлидаги «тарихий қадам» сифатида баҳолади.
Маълумот учун, «Рома»нинг янги стадионига оид лойиҳа 2022 йил октябридан бери ишлаб чиқилиб, зарур расмий идоралардан ўтиш жараёнида эди. Энди клуб кейинги босқичга ўтмоқда. Режага кўра, қурилиш ишларини 2027 йил март ойида бошлаш ва 2031 йилга қадар якунлаш кўзда тутилган. Янги арена Италия ва Туркияда ўтказилиши режалаштирилган "Евро-2032" мусобақаси мезбон стадионлари рўйхатига киритилиши учун ҳам даъвогар ҳисобланади.
Клуб таъкидлашича, янги стадион фақат «Рома» ва унинг мухлислари учун уй майдони бўлиб қолмай, балки янги имкониятлар яратадиган, атроф ҳудуд ривожига туртки берадиган, бутун шаҳар ва унинг аҳолиси учун узоқ муддатли фойда келтирадиган йирик спорт ва ижтимоий лойиҳага айланиши кутилмоқда.

Фикрлар