Самвел Бабаян - Хитойдан нега кетгани, "Навбаҳор" ҳамда "Пахтакор" билан боғлиқ гап-сўзлар, янги режалар ва бошқа мавзуларда катта интервью берди
Анчадан бери Самвел Бабаян билан суҳбатлашишни режалаштириб юргандик. Айниқса, Хитойда туппа-тузук ишлаб турган жойидан кетганидан сўнг, у билан мазкур масала юзасидан суҳбат уюштириш иштиёқимиз янада ортганди.
Бу борада ўзи билан алоқада бўлиб, таклифимизни етказганимизда, бироз вақт ўтгач, албатта интервью беришга ваъда берган. Ниҳоят, куни кеча Самвел Бабаян ўз ваъдасига мувофиқ суҳбатлашиш учун sports.uz мухбирига вақт ажратди.
- Самвел Вячеславович, Хитойдаги олиб борган фаолиятингиз у ердан кетишингизга сабаб бўладиган даражада юз бермади. Ҳолбуки, натижалар яхши эди. Нима сабабдан кетишга қарор қилдингиз?
- Авваламбор барча ватандошларимизни кириб келган янги йил билан табрикламоқчиман. Кириб келган йилда ҳаммага бахт-саодат, соғлик ва барча ўйлаган яхши ниятларига эришиш насиб қилсин! Ўтган йили чемпионатга тайёргарлик 2019 йилнинг 1 декабрдан бошланди. Биз декабрь ойининг илк саналаридан Хитойга учиб боришимизга тўғри келди. Шунинг баробарида қисқа фурсатлар оралиғида жамоанинг ўйинини йўлга қўйиш устида иш бошладик. “Чанчунь Ятай”да илгари амал қилиб келинган тамойилларни ҳам бир четга сурмаган ҳолда иш олиб бордик. Клуб фалсафасига таянган ҳолда катта кўламдаги ишларни амалга оширдик, деб ўйлайман. Буларнинг бари пандемия шароитида олиб борилгани ҳам ишимизни бир мунча мураккаблаштириб юборди. Ҳаммаси Хитойдан бошланганини барча билади. Биз, қолаверса бу пайтга келиб Хитойда иш бошлаганимиз сабабли коронавируснинг нақадар хавфли касаллик эканлигидан билвосита ва бевосита хабардор бўлиб турдик. Бу касаллик нафақат бутун мамлакат, балки бутун инсоният учун хавфли эканлигини энди ҳамма билади. Албатта, юзага келган шароит ишимизга халақит бермасдан қолмади. Буни қуйидаги мисол орқали ҳам билиб олиш мумкинки, Анталияга катта қийинчилик билан етиб бордик. У ерда қатор тестлардан ўтдик. Чунки барча инфекция Хитойдан тарқалгани боис ишончсизлик юқори эди. Аммо Хитой қудратли давлат саналишини яна бир бор исботлаб берди. Хитойда ҳокимият, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш – бу барча ишлар жуда яхши йўлга қўйилган. Хитойни дунёдаги бошқа давлатлар учун бемалол намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Чунки Хитой касалликни тезда жиловлашга муваффиқ бўлди. Касалликнинг ўчоғи бир қанча минтақаларда аниқланган бўлса ҳам улар ҳаммасини назорат остига ола билдилар. Шундай бўлса-да, биз кўп нарсадан чеклангандик. Устига-устак йиғин атиги 10 кун давом этди холос.
Бизга чемпионатнинг бир неча ойдан кейин бошланишини айтишганди, ўшанда. Аммо биринчилик фақат сентябрь ойига бориб (!) бошланди. Шу сабаб истасак-истамасак, жамоадагиларни руҳлантириш учун сабабларни топишимиз керак эди. Тайёргарлик дастурини бир бошдан қайта кўриб чиқиш, футболчиларни руҳлантириш жуда зарур вазифага айланганди. Вақт бу қадар чўзилиб кетган маҳалда жамоадаги ишчи муҳитни бир маромда сақлаш ҳаддан ташқари мураккаб ишдир. Бу барча жабҳада – функционал ва эмоционал тарафдан ҳам оғир кечди. Айтишим керакки, шундай шароитда ишлаганимизга қарамай, биз жанговор жамоани шакллантира олдик. Асосийси, клуб Суперлигага чиқди. Мен Хитойдаги фаолиятим давомида академияда ҳам, жамоа скаутлар бўлимида олиб борилаётган ишларга ҳам вақт ажрата олдим. Биз селекция ишлари билан ҳам шуғулланишни унутиб қўймадик. Бизга қадар клубда ишлаганлар ўз фалсафаларидан келиб чиққан ҳолда йўл тутгандилар. Жамоа амал қилиб келадиган ўйин тамойиллари асосий ва ўринбосарлардан тортиб то академиядаги клубларга қадар йўлга қўйилганди. Бизда вақт кўп бўлгани учун ҳам болалар жамоаларидан тортиб асосий клубга қадар бўлган ишларга эътибор қаратдим. Айниқса, академияга кўпроқ вақт ажратишимга тўғри келди. Биз жамоага хитойлик 5-6 нафар футболчиларни жалб этдик. Шунингдек, уч нафар легионер таклиф қилинди. Улар ўз навбатида жамоани кучайтирдилар. Бир сўз билан айтганда, клубда олиб борган ишимдан уялишимга ҳожат йўқ.
Мен Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Боз устига Хитойга Ўзбекистондан келган дастлабки мураббий бўлганим учун бу менга икки ҳисса масъулият юклади. Гарчи мен бошқарган жамоа биринчи лига иштирокчиси саналган бўлса-да, юртим шаънига доғ туширмасликни асосий мақсад қилгандим. Жамоа жуда кучли инфратузилмага эга. Буни қуйидаги бир мисол ёрдамида ҳам кўриш мумкин. Клуб машқ ўтказиши учун база бир неча ой ичида қуриб битказилди ва бунинг учун 100 миллион доллар сарфланди. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, бу жаҳондаги энг яхши базалардан бири саналади. Ҳатто Хитойнинг ўзида мана шундай базани учратмайсиз. “Шанхай СИПГ”, “Бейжинг Гоан”, “Гуанчжоу Эвергранд” сингари етакчи клублар ҳам мана шундай базага эгалик қилишлари мумкинлигини айтиб мақтана олмайдилар. Акционер клуб ривожи учун жуда катта маблағ сарфлайди. Чунки у футболни жуда яхши кўради. У ерда ҳаммасини зўр ҳолатга келтира олган. Мен иш жараёнида асосий акционер билан кўп гаплашдим. Биз клубни ривожлантириш йўлида кўп суҳбатлашдик. Чемпионат ҳам бошланди. Айтишим керакки, бу пайтга келиб жамоа анча яхши даражага етганди. Тўғри, биз дастлабки ўйинда рақибдан кўп жабҳада устунлик қилган бўлсак-да, вазият тақозосига кўра ютқаздик. Кейин икки бор дуранг ўйнадик. Сўнгра, жуда муҳим ўйинда 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, охир-оқибат биринчи ўринга кўтарилиб олдик.
Биз биргаликда раҳбарият билан қарор қабул қилдик. Бу икки томонлама обдон муҳокама қилинган қарор бўлганлигини айтмоғим даркор. Яъни, биз ўртадаги шартномани бекор қилдик. Албатта, нега деган ўринли савол туғилмасдан қолмайди. Ахир бирор-бир мураббий ихтиёридаги жамоа билан мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилишга эришган бўлса бу ердан ҳеч қаёққа кетмаган бўларди. Бунақаси тарихда кузатилмаган. Хитойнинг ўзида ҳам бу қарорим ҳайрат билан қабул қилинди. Пешқадам сифатида ҳар қандай чемпионатда ҳеч бир мураббий бу тариқа шартномани бекор қилмаган бўларди. Вазифалар бажарилиб, жамоа аста-секинлик билан илдамлаб боришга тушганди. Таъбир жоиз бўлса, ўйин пайтида биз рақибларни йўлимиздан супуриб ташлайдиган ҳолатга кўтарилгандик. Бу ерда асосий гап натижада ҳам эмас. Менда касб ва ҳаётдан келиб чиққан ҳолда ўзим амал қиладиган тамойиллар бор. “Чанчунь Ятай”да режаларимни бундан кейин ҳам амалга оширишга имкон бермасликни бошлаганлари учун кетишга қарор қилдим. Битимни бекор қилиш таклифи мендан чиқди. Нима сабабдан ҳам у ердан кетганим турли саволларни туғдириши табиий. Лекин ҳаммасини бирма-бир гапириб беришни истамасдим. Бундай қилсам этикага тўғри келмайди. Фақат шуни айтмоғим керакки, мени Хитойга таклиф қилишди ва ишлаш имконини бердилар. Билдирилган юксак ишончни оқлашга ҳаракат қилдим. Раҳбарият билан ўртадаги келишувни бекор қилганимиз сабабини ошкор этмаслик борасида ҳам келишув бор. Ҳаётий ва касбий тамойилларимдан чекинмасликка қарор қилганим учун ҳам у ердан кетиш тўғри йўл бўлишини тушуниб етдим. Бу биринчи навбатда ўзимга тааллуқли бўлган масаладир. Табиийки, клубдагиларнинг истеъфом борасида ўзига яраша қарашлари бор. Биз стол атрофига жойлашиб, ҳаммасини бамаслаҳат ҳал қилганмиз. Шуни айтишни истардимки, раҳбарлар олиб борган ишимдан хурсанд эдилар. Қолаверса, мен таклиф этган легионерлар ҳам жамоани кучайтириб яхши ўйнай бошлагандилар. Умуман, мен таклиф қилган футболчилар жамоада ўйнаб кета олдилар. Улар мен кетгандан кейин ҳам ўйнаб натижани таъминлай олдилар. Таркибга ёш ўйинчиларни ҳам жалб этдим. “Циньзян” жамоасидан таклиф қилинган уйғур футболчи ҳам “Чанчунь Ятай”да ўйнаб кета олди. У билан ўзбекча гаплашиш нақадар ёқимли бўлганини билсангиз эди. У билан доим гаплашиб турдим. Ўйинчи бошқа клублардан ўзига таклифлар борлигига қарамасдан шу жамоага кўчиб ўтишни истаганини алоҳида таъкидлаганди. Айтишига қараганда, отаси унга Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган Бабаян ишлаётган клубда тўп суришни маслаҳат берган экан. Умуман айтганда, у жуда кучли ўйинчи. 1999 йилда туғилган бу йигитнинг келажаги порлоқ бўлишига ишончим комил. Шу билан клубга ўринбосарлар жамоасидан ҳам бир қанча футболчиларни жалб этгандим. Илгари маҳаллий мухлислар ҳам танимаган ва билмаган ўша ўйинчилар энди бугунги кунда клубнинг асосий таркибидан мустаҳкам жой олишга улгурган ижрочилар даражасига кўтарилишган. Ўз штабим билан у ерда амалга оширган ишларимизга фақат яхши баҳо беришим мумкин. Парадоксни қарангки, раҳбарият менинг ишимдан хурсанд эди. Бироқ ўзим айтишни истамаган бир қанча сабаблар борлиги учун кетишга қарор қилдим. Буларнинг асосий қисми бевосита ўзимга тааллуқли бўлган масаладир. Шуни билиб қўйишингиз керак. Умуман, ярим соат давомида иложи борича юқоридаги саволингизга жавоб қайтаришга ҳаракат қилдим.
- Сиз барибир у ердан кетдингиз, “Чанчунь Ятай” эса охир-оқибат Суперлигага кўтарилди. Бундай бўлишида албатта ҳиссангиз катта. Айтинг-чи, баъзида хаёлингизга жамоада бўлишим керак эди, деган фикр келадими?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам шуни ишонч билан айтишим мумкинки, мен ва штабимдагилар Суперлигага чиқиш вазифасини бажарган бўлардик. Биз бу масалани ҳамкасбларим билан муҳокама қилган пайтимизда ҳам вазифа бемалол бажарилган бўлишига ишонч ҳосил қилгандик. Чунки жамоа бошқарувимизда ўзимиз кўришни истаган ўйинни намойиш этишга тушиб, майдонда рақибларидан устун эканлигини исботларди. Мендан кейин клубни ким бошқаришининг қизиғи йўқ эди. Негаки, вазифа бажарилишига ишонч юқори эди. Мендан кейинги мураббийнинг ҳаммасини барбод қилмаслиги қолганди холос. Чунки биз танлаган ва жалб этган футболчилар натижани таъминлаб бердилар. Тўғри, биздан кейин ишлаган мураббий айрим ҳолларда ўз фалсафасидан келиб чиққан ҳолда тактикани танлади. Лекин натижа кўнгилдагидек бўлмагани боис охир-оқибат биз шакллантирган таркибга ишонч билдирди. Айнан улар натижани таъминлаб бердилар. Буни муҳокама қилиш ёқимли ёки ёқимсиз бўлишидан қатъий назар жамоа Суперлигага чиқди. Биринчидан, бу йўлда “Чанчунь Ятай”нинг элитага кўтарилишини истаган раҳбарият ҳамма ишни қилди. Ҳозирга қадар клуб раҳбарияти билан яхши муносабат сақланиб қолганини бемалол айта оламан. Агар киши санъатга ёки футболга катта сармоя сарфлаб натижа бўлиши йўлида ишлар экан, бу қолганларга ҳам ижобий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Бундай ишни фақат футболни севган одамгина бажара олиши мумкин. “Чанчунь Ятай”нинг эришган муваффақиятидан қувонаман. Бунда ўзимизнинг озми-кўпми ҳиссамиз борлигидан албатта хурсандман. “Чанчунь Ятай”нинг бундан кейин ҳам ривожланиши клубдаги менежерларга боғлиқ. Чунки бундан кейин жамоалар легионерларни чекланган миқдордагина таклиф қилишлари мумкин. Иш бажарилганидан сўнг, якуний натижа навбатдаги фаолиятнинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Бунда энди менинг ва штабимдагиларнинг иштироки бўлмайди. Қолаверса, биз таклиф этган футболчилардан “Чанчунь Ятай”да кейинчалик қандай фойдаланишлари ўзларига боғлиқ. Қисқача айтадиган бўлсам, жамоа эришган натижадан хурсандман.
- Хитойдаги ҳаёт ва у ердаги футболда сизга ёқмаган жиҳатлар бўлдими?
- Шуни айтишни истардимки, бугунги кунда Хитой маҳаллий футболни ривожлантириш учун жуда катта инвестициялар киритмоқда. Бу биринчи навбатда стадионлар инфратузилмаси билан боғлиқ. Бу жиҳатга қанчалик эътибор қаратилаётганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ҳатто биринчи лигадаги жамоалар ҳам жуда зўр инфратузилмага эга бўлган стадионларда ўйинларини ўтказишяпти. Таъбир жоиз бўлса, у ердаги жамоалар ўзларини худди футбол жаннатига тушиб қолгандек ҳис қилмоқдалар. Ҳар ким ўз имкониятини максимал даражада намойиш этиш учун шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Болалар ва ўсмирлар футболида ҳам улкан потенциал мавжуд. Бир томондан улар испан ва португал лекторларидан фойдаланмоқдалар. Аммо хитойликлар барибир ўз услубларини йўлга қўйишлари керак. Чунки Хитойда аҳоли жуда кўп. Бир ярим миллиард киши! Бу биринчидан. Иккинчидан, футболни янада такомиллаштириш учун уларда ҳамма шарт-шароитлар бор. Мен ўз қарашларимдан келиб чиққан ҳолда академияда олиб борилаётган ишларда нималарга эътибор қаратилишини кўрсатиб бердим. У ерда селекцион ва ўйинчиларни танлаш борасида айрим камчиликлар йўқ эмас. Бошқа тенгқурларига нисбатан анча иқтидорли бўлган болалар учун алоҳида эътибор қаратилса яхши бўларди. Мен академияда олиб борилаётган ишлар режасига шу жиҳатларга алоҳида аҳамият берилишини киритдим. Академия директори ва қўл остидагилар буни бажонидил қабул қилдилар. Биз жорий этган усуллар бундан кейин ишлайдими ёки йўқми, биринчи навбатда ўзларига боғлиқ. Мен вақт етарли бўлгани учун ҳам ҳаммасини қоғозга тушириб, барчасини изоҳлаб ўтганман. Хитойда чиндан ҳам ривожланиш учун катта имкониятлар юзага келган. Биргина базани олиш керак бўлса, у 200 минг квадрат метрга тенг бўлиб, ишлаш учун идеал даражадаги шароитлар яратилган. Академияда 300-400 нафар бола бемалол футбол сир-асрорларини ўзлаштира олади. У ерда 8 ёшдан бошлаб болаларни қабул қилишади. Бироқ қабул қилиш чоғида энг иқтидорлиларига эътибор қаратилса яхши бўларди. Таркибни ротация қилиш учун ҳам бу жуда муҳим. Шунингдек, ёш тоифалардан келиб чиққан ҳолда мураббийларни таклиф этишни ҳам билиш керак. Мен буларнинг барини қоғозда акс эттиришга ҳаракат қилдим. Хитой футболи ривожланиши учун барча шароитлар юзага келган бўлса-да, барибир жуда катта кўламдаги ишларни олиб бориш керак бўлади. Хитой улкан мамлакат бўлгани боис, футболни ривожлантириш йўлида ҳам кенг қамровли ишларни олиб бормоқда. Агар ишлар тўғри олиб борилса, Хитой яқин йиллар ичида қитъадаги етакчи футбол салтанатларидан бирига айлана олиши мумкин. Шундай жараённинг иштирокчиларидан бири бўлганимиздан хурсандмиз.
- Хитойдан қайтганингиздан сўнг, қаерда ишлашингиз мумкинлиги юзасидан ҳар хил гап-сўзлар кўпайиб кетди. Жумладан, Наманганда иш бошлашингиз ҳақида матбуотда қайдлар кўзга ташланди. Нима сабабдан “Навбаҳор”да иш бошлашингиз амалга ошмасдан қолди? Клуб мутасаддилари билан маблағ борасида келиша олмадингизми ёки...
- Аввало шуни айтишим жоизки, ҳозирча режамда бош мураббий бўлиб ишлаш ниятим йўқ. Негаки, бир қанча клубларда амалиёт ўташни мақсад қилганман. Шунингдек, охирги бошқарган клубим билан шартномани бекор қилган чоғимизда амал қилишим керак бўлган айрим жиҳатлар йўқ эмаслигини таъкидлашим керак. Чиндан ҳам “Навбаҳор” раҳбарияти билан клубни бошқариш юзасидан музокаралар олиб борилганини тасдиқлайман. Лекин юқорида айтганимдек, ҳозирги режамда бош мураббий бўлиб ишлаш йўқлиги боис буни рад этишга қарор қилдим. Бироқ кун келиб “Навбаҳор”ни бошқаришни албатта истаган бўлардим. Аммо ҳозир эмас. Қолаверса, фаолиятим бошланган клуб олдида қарзим бор. Чунки у ердаги фаолиятим жуда ёрқин бошланган. Биз ўшанда чемпионат билан Кубокни ютишга муваффақ бўлгандик. Эртами-кечми, наманганлик мухлислар олдидаги қарзимни узиш ниятим йўқ эмас. Мени таклиф қилишди ва клуб раҳбарияти билан учрашдим. Ўзаро фикр алмашдик. Мен клуб янги маррага кўтарилиши учун қандай ишлар қилиниши борасида ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашдим. Яна такрорлашимга тўғри келади, айни пайтда бош мураббий вазифасида ишлаш режамда йўқ. Мен буни очиқ-ойдин ҳолда раҳбариятга етказдим. Аммо клубга маслаҳатчи сифатида кўмаклашишга тайёрман. Мени ҳаммасидан кўра, вилоят раҳбари маҳаллий клубни ривожлантириш учун эътибор қаратаётгани хурсанд қилди. “Навбаҳор”да янги марраларга кўтарилиш учун ҳамма нарса бор. Боя айтганимдек, клубни ривожлантириш юқоридагиларнинг футболни қай даражада яхши кўришларига боғлиқ. Мен шуни ишонч билан айта оламанки, вилоят раҳбари “Навбаҳор”ни жуда ёқтиради. Маҳаллий футбол ва клуб ривожланиши учун у киши катта ишларни амалга оширишга киришган. Ривожланишнинг қайси йўналишидан боришни ҳам айнан вилоят ҳокими танлайди. Раҳбарият билан учрашган пайтимда ўз мулоҳазаларимдан келиб чиққан ҳолда бунинг учун қандай ишлар қилиш кераклиги борасидаги фикрларимни баён этдим. Шу билан бизнинг учрашувимиз тугади. Ҳозирда “Навбаҳор”нинг ўтган мавсумдан бери бошқараётган мураббийи бор. Эшитишимча, Виктор Жалилов ҳам клубга қайтган. У кўплаб футболчиларни кашф эта олган етук мутахассис ҳисобланади. Раҳбариятга уни таклиф этишни мен айтгандим. Ўз навбатида вилоят ҳокими буни қабул қилганди. Чунки суҳбатимиз бошида у мендан бир-икки нафар номзоддан кимни танлашни маслаҳат беришимни сўраганди. Жалиловнинг “Навбаҳор”га қайтганини эшитиш мен учун ёқимли бўлди. Чунки у жамоага бегона эмас. Виктор Жалилов кашф этган ўйинчилар “Навбаҳор”нинг муваффақиятларига баракали улуш қўша олганларини ҳамма билса керак. Наманганда бўлганим мухлислар орасида турли гап-сўзларни чиқаргани масаланинг моҳиятидан келиб чиқмаган ҳолда юз берганини айтишим даркор. Мен ўз сўзларимни шунчаки ҳавога совуришни истамайман. Бир кунмас-бир кун “Навбаҳор”да бош мураббий бўлиб ишлайман. “Навбаҳор”да ишлашни ва натижа қайд этишни хоҳлайман. Айниқса, жамоанинг жонкуяр мухлислари кўз ўнгида ишлаш ҳар қандай мураббийда адреналинни жўштириб юборади. Трибуналарни тўлдириб ўтирган мухлислар қаршисида бундай пайтда кутган натижангга эриша оласан.
- Самвел Вячеславович, айни пайтда хизматингизга кўз тикаётган бошқа клублардан ҳам таклифлар борми? Мураббийлик ишингизни давом эттирасизми? Умуман олганда, режаларингиз қандай?
- Албатта, мураббийлик фаолиятимни давом эттириш режам йўқ эмас. Аммо бунинг учун аввало ўз билим ва малакамни янада ошириш учун амалиёт ўташни мақсад қилганман. Ҳозирги мақсадим Европа футболини яхши биладиган мураббий билан ҳамкорлик қилган ҳолда ундан ўйиннинг бир қанча жиҳатлари борасидаги билимларимни янада оширишни мақсад қилганман. Табиийки, мураббийлик ишини давом эттиришни истайман. Энди таклифларга келсак, “Навбаҳор”дан ташқари Республикамизнинг яна бир қанча жамоаларидан таклифлар бўлганди. Бироқ раҳбарларга ва менежерларга ҳозирги режамда бирор-бир клубни бошқариш йўқлигини айтиб жавоб қайтардим. Бугунги кунда ўзим ўйлаб юрган бошқа бир қанча вариантлар мавжуд. Шартномадаги муайян шартлардан келиб чиққан ҳолда ҳам ҳозирда бош мураббий вазифасида ишлай олмаслигимни қўшимча қилишим даркор.
- Шунингдек, қулоғимизга “Пахтакор”да ишлашингиз мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам чалинди. Бу гаплар ҳақиқатга қанчалик яқин?
- Атрофимда жуда кўплаб турли миш-мишлар юрибди. Бироқ ҳаммасини бирма-бир изоҳлаб ўтишни истамаган бўлардим. Мени клублардан қайси бирига таклиф қилишганини айтиб беришим этик жиҳатдан ҳам тўғри бўлмасди. Бевосита “Навбаҳор” масаласига келсак, ҳақиқатан ҳам мени бош мураббийликка тайинламоқчи бўлишганди. Лекин бошқа клублардан юборилган таклифлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу тўғри иш бўлмасди. Чунки таклифлар битта эмасди. Лекин ҳозир бош мураббий сифатида ишлашга тайёр эмасман. Яна қайтараман: Хитойдаги клуб билан шартномани бекор қилган пайтимдаги бажаришим керак бўлган айрим мажбуриятлар бор.
- Айтайлик, “Пахтакор”да ишлашга таклиф қилишса, бунга розилик берармидингиз?:
- Мен бундай виртуал нарсалар ҳақида ўйламаяпман. Агар мен чиндан ҳам мураббийлик ишини давом эттириш борасида юридик масалаларни ҳал қиладиган бўлсам, бундан биринчи хабар топадиган инсон сиз бўласиз. Чунки сизга бўлган муносабатим қандайлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз (кулади). Виртуал нарсаларга ва турли миш-мишларга ишониш яхши эмас.
- Шота Арвеладзенинг кетишига ҳамма ўз муносабатини билдиряпти...
- Буни муҳокама қилиш мен учун мутлақо ярашмасди. Ахир “Пахтакор”га бўлган муносабатим қандайлигидан мухлисларнинг хабари бор. Қолаверса, буларни муҳокама қилиш клуб тепасида турганлар ва мутахассисларнинг иши. Мен эса “Пахтакор” ҳақида объектив ва субъектив томондан ҳеч гап айтмоқчи эмасман. Бу ноҳаққоний ва нотўғри иш бўларди.
- Терма жамоа ҳақида гап кетганда, кўпчилик олдинги термамизнинг таркибини ҳозиргисидан кучлироқ бўлганини айтишмоқда. Ўзингиз ҳам термада ишлагансиз. Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Бугунги терма жамоа ҳақида гапиришни истамайман. Бевосита ўзимга келсак, термада ишлаган чоғимда бугунги даражадаги “Женоа”да тўп сураётган Шомуродовни қўл остимда кўришни жуда хоҳлаган бўлардим. Элдор аввалгига караганда жисмоний тарафдан ва маҳорат бобида анча ўсган. Тўғри, у 20 ёшида термада дебютини ўтказган ва буни гол билан безай олган. Адашмасам, у Баҳрайнга қарши ўйинда ўзини кўрсатганди. Ўшанда жамоамиздаги ёш футболчиларнинг имконияти яхши эканлигини айтгандим. Амалда ҳам бундай тахминларим ўзини оқлаганини вақт кўрсатиб берди. Мен тахминий эмас, балки термада ишлаган чоғларимда қўл остимда ўйнаган йигитлар ўша даврнинг энг кучли ўйинчилари бўлишган.
- Сизнингча, бугунги терма жамоа 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалга бора оладими?
- Бунинг учун ЎФА керакли бўлган барча чораларни кўрмоқда. Асосийси, бугунги термада тажрибали ижрочилар ва ёшлардан иборат ўзига яраша “қоришма” бор. Таркибда ўта иқтидорли футболчилар топилади. 5-10 йилдан сўнг, бугунги термадаги ижрочилар ҳақида хулоса чиқариш мумкин бўлади. Аҳмедов, Шомуродов, Машарипов, Искандеров, Яхшибоев, Ўрунов, Кримец, Сергеев, Шукуров, Ҳамробеков...Муҳими, бизда вазифани бемалол бажара олишга қурби етадиган футболчилар бор. ЎФА президенти бошчилигида терма жамоа ўзи учун армон бўлиб келаётган ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш сари одимламоқда.
- Мураббийлик фаолиятингиз давомида ўзингиз йўл қўйган қайси хатони энг афсусланарлиси деб ҳисоблайсиз?
- Футболнинг ўзи хатолар устига қурилган. Ҳар қандай мураббийда хатолар бўлган. Жумладан, мен ҳам бундан мустасно эмасман. Футболчилар каби мураббийлар ҳам хатоларга йўл қўйишади. Хатосиз футбол – бу компьютердаги футболдир. Футболда ўйинчилар, мураббийлар ва ҳакамлар ҳам хатодан ҳоли эмаслар.
- Бугунги кунда Ўзбекистон футболини кўтаришга катта ҳисса қўшаётган инсон деб кимни айта оласиз?
- Авваламбор юртимиз Президенти. Мен ўйлайманки, Ўзбекистонда футболни ўзгача севишади. Бунга мисол тариқасида Юртбошимизнинг Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида чиқарган фармонларини айтса бўлади. Бу фармон билан юртимиз футболи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади. Ушбу фармон натижасида мамлакатимизда оммавий футбол ва ёшларни ушбу спорт турига жалб қилишни таъминлайди деб ҳисоблайман ва шунинг натижасида халқаро майдонларда юртимиз футболи юксак даражага етишади. Бугунги кунда ЎФАни футболни жуда яхши тушунадиган инсон бошқариб келмоқда. У одам футболни нафақат спорт томонидан, балки футболимизни моддий-техник базасини кучайтиришга ҳам ҳисса қўшяптилар.
- Агар мураббийлик фаолиятингизни 5-10 йил орқага қайтариб ўзгартиришнинг иложи бўлганида, нимани ўзгартирган бўлардингиз?
- Ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим. Чунки фаолиятимдан афсусланмайман. Суткасига 24 соат ишлашдан ҳам кўпроқ меҳнат қилишнинг иложи бўлганида бунга ҳам рози эдим. “Пахтакор”, миллий ва олимпия терма жамоалари, Латвия ҳамда Хитойдаги фаолиятим давомида миям фақат футбол ҳақида ўйлаган холос. Қаерда ишлаган бўлсам, ўша жамоанинг шаънини муносиб ҳимоя қилиш пайида бўлганман. Айниқса, миллий терма жамоа мураббий зиммасига икки баробар кўпроқ масъулият юклайди. Шу пайтгача максимум даражада куч сарфлаб ишлаганим боис ҳам ҳаммасини ортга қайтаришнинг иложи бўлганида ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмасдим. Бу барча жабҳаларга тааллуқли: футболчига бўлган муносабат, мураббий сифатида қабул қилган қарорларим, бу менинг ўзимга бўлган талабчанлигимдан келиб чиққан ҳолда айтаётган фикрларимдир. Бу менинг ҳаётда ва мураббийлик фаолиятимда амал қилиб келадиган энг асосий тамойилим бўлиб қолаверади. Аввало ўзимга нисбатан талабчан бўлганим учун ҳам қўл остимдагиларга шундай муносабатда бўлиб келаман.
- Матбуотда ўзингиз ҳақингизда чиққан маълумот ёки мақолаларни ҳам кузатиб келасизми?
- Футболимизда юз бераётган ишларнинг таҳлили ҳақида ўқиш менга ёқади. Шунингдек, ўзи спорт журналистикасидан чиққан ва ҳозирда раҳбар лавозимида ишлаётган Диёр Имомхўжаевнинг берган интервьюсини ўқиш менга ёқди. Унинг футбол ҳақидаги таҳлилий қарашлари жўяли бўлиб, у масалага объектив ёндашган ҳолда замон билан қадам-бақадам одимлаётганини кўрсатиб берди. Эҳтимол, унга бироз тажриба етишмаётган бўлиши мумкин. Лекин унинг футбол ҳақидаги фикр-мулоҳазалари менга ёқди.
- Охирги савол, мухлисларга айтар гапларингиз?
- Гапим битта: мухлислар севган клубларига ишқибозлик қилишдан тўхташмасин, айниқса, ҳозирги пандемия шароитида бирортаси оғримасин. Ҳозир кўпчилик пандемия туфайли замон ўзгариб кетганини айтяпти. Истардимки, ҳаммаси пандемияга қадар бўлган олдинги ҳолатга қайтсин. Учрашувларнинг мухлислар билан тўлиб-тошган трибуналар қаршисида ўтишини истаб қолардим. Улар қайси клубга мухлислик қилишмасин ўйинни кузатишдан руҳан ва маънан роҳат олишсин. Юртимиздаги ишқибозларнинг терма жамоамиз қайд этадиган натижаларидан хурсанд бўлишларини истайман.
Фикрлар