Сандро Тонали: "Бу иллатдан қутулганимга шукур"

10 ойлик дисквалификациядан сўнг яна майдонга қайтган футболчи Сандро Тонали қимор ўйинларига қарамликни даволаш ҳақида гапириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, италиялик футболчи узоқ танаффусдан сўнг кеча Англия Лига кубоги доирасида "Ноттингем Форест"га қарши ўйинда майдонга тушди. У ўтган ёзда "Милан"дан "Нюкасл" сафига кўчиб ўтган эди. У АПЛга келишдан олдин Италияда ўйинларга пул тиккани учун салкам 10 ойлик тақиқка учраган эди. Шундан сўнг, у октябрь ойидан бери катта футболдан четда қолди.

Футболчининг сўзларига кўра, реабилитациянинг бир қисми ана шундай муаммодан азият чекаётган бошқа одамлар билан учрашиб, мулоқот қилишни ҳам ўз ичига олган.

“Гаплашиш кўп ёрдам беради. Дастлабки уч ойда мен оддий касб эгалари билан учрашдим. Менинг муаммом оммага ошкор бўлгач, улар ҳам ёрдам сўрашга, ҳам ёрдам беришга ва ўзларини қийнаётган муаммоларни яширишни тўхтатишга қарор қилишди. Бу мени жуда хурсанд қилди.

Мен ҳаяжондаман, чунки ўзимни янги ўйинчи, янги харид каби ҳис қиляпман. Ўтган мавсумда мен бор-йўғи саккизта ўйин ўтказдим ва бу мен учун жуда қийин бўлди. Мен бошқа жойда эмас, балки айнан Нюкаслда эканлигимдан хурсандман. Чунки менинг юқори савияли жамоам, энг яхши мухлисларим мавжуд. Бундай шароитда майдонга қайтишни сабрсизлик билан кутяпман.

Ўн ой узоқ вақт, чунки футболчи футбол учун яшайди. "Нюкасл"да ишлаётганларнинг барчаси биринчи кунданоқ мен билан бирга. Мен бу вақт ичида ҳеч қачон ёлғиз қолмаганман. Бу жуда муҳим. Октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида мен жуда оғир вақтларни бошдан кечирдим. Энди мен янги давр келганини ҳис қиляпман. Бу менинг ҳаётимнинг янги босқичи.

Эдди Ҳоу менинг АПЛдаги биринчи дўстим эди. Мен у билан тақиқ давомида ҳар куни гаплашдим. Қолаверса, "Вулверхемптон"га қарши ўйнай олмаган биринчи ўйинга ҳам жамоа билан чиқдим. Бруно Гимараэш ва Жоэлинтон ўйиндан олдин бутун кеча менга ёрдам беришди. Улар менинг ёнимда эди. Улар буюк инсонлар. "Мен мураббийим, жамоам ва мухлисларга раҳмат айтмоқчиман", - деди ярим ҳимоячи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!