“Севилья” - “Барселона”: Превью 

Бугун тунда, аниқроғи, Тошкент вақти билан тунги соат 01:00 да Испания қирол кубогининг ярим финали доирасидаги “Севилья” - “Барселона” учрашуви бўлиб ўтади. “Рамон Санчес Писхуан” стадионида бўлиб ўтадиган беллашувга ҳар иккала жамоа ғалабали сериялар билан ташриф буюрмоқда. Андалусияликлар кетма-кет 7 та ўйинда ғалабага эришди ва уларнинг 6 тасида ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олган. Каталонияликлар 6 та ўйиндан бери фақат ғалабага эришмоқда. Ушбу жуфтлик ғолиби “Леванте” ва “Атлетик” Бильбао қарама-қаршилиги ғолиби билан финалда ўйнайди. 

Ушбу икки клуб ўртасидаги сўнгги беллашув 4 ой олдин бўлиб ўтганди. Люк де Йонгнинг голига Филиппе Коутиньо жавоб беришга муваффақ бўлганди. Амалда, “Севилья” устунлигида кечган баҳс, якунда, дуранг билан тугади. Эътиборлиси, ушбу мусобақа доирасида 5 та баҳсдан буён “Барселона” рақибига енгилмай келяпти. Бундан 2 йил аввал ўтказилган сўнгги баҳсда эса, “блаугранас” 6:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритганди. 

Хўш, бугунги учрашувда бу каби тарихдан лавҳаларнинг қанчалик таъсири бўлиши мумкин?!

Etd7nB4WgAMo-Jp

“Севилья”

Хулен Лопетеги шогирдлари Қирол кубогидаги иштирокини кутилмаганда анча қийин бошлади. “Леганес”га қарши ўйин тақдирини ҳал қилиш учун жамоага 120 дақиқа керак бўлди. Бундан кейинги икки босқичда “Валенсия” ва “Алмерия” клублари осонлик билан таслим этилди. 

Ла Лига доирасидаги сўнгги беллашувни “Хетафе”га қарши ўтказган андалусияликлар йирик ҳисобда зафар қучди. Хосе Бордалас шогирдларининг сўнгги вақтларда бирмунча рақобатбардош жамоага айланиб бораётганини инобатга олсак, бу яхши натижа. 

Лопетеги қўл остида жамоа айни пайтда сўнгги 10 та уй ўйинида 7 маротабагина гол ўтказиб юборган. Бу клуб тарихидаги иккинчи натижа ҳисобланади.
“Севилья” тарафдорларини хурсанд қиладиган хабаримиз бор. Жамоа етакчиси ва “Барселона” собиқ футболчиси Иван Ракитичнинг бир ўйинлик дисквалификацияси якунига етди. У бугун бўлиб ўтадиган беллашувда жамоасига ёрдам беришга тайёр. Сўнгги ўйинларда бир ўзи ҳам мудофаа марказида ажойиб ҳаракат қилаётган Жюль Кунде ёнига тажрибали футболчи Диего Карлос ҳам келиб қўшилди. 

Тахминий таркиб: Буну, Видаль, Карлос, Кунде, Рекик, Хордан, Фернандо, Ракитич, Сусо, Эн-Несири, Окампос. 

Et2NEBDWYAEbVty

“Барселона”

Каталонияликлар ўйинига баҳо бериш учун улар иштирокидаги сўнгги учрашувни кўриш кифоя қилади. “Бетис” билан бўлиб ўтган беллашувда чиройли ғалаба қайд этилганига қарамай, Рональд Куман жамоасининг 87-дақиқада ғалабани ҳал қилиши қувончли ҳолат эмас. Тринкаунинг индивидуал маҳорати “Барса”ни бу гал 3 очко билан таъминлади. 

“Атлетико” Ла Лига доирасида деярли йўқотишларсиз бораётганини инобатга оладиган бўлсак, нидерландиялик мураббий кубокни ютишга жиддий эътибор қаратади. 

Ярим финалгача бўлган йўл, одатдагидек, осон кечди. “Гранада” ва “Корнелья” тўсиғидан осон ўтган “кўк-анорранглилар” турнир доирасидаги илк катта рақибига дуч келмоқда. 

Жамоада бир қатор йўқотишлар мавжуд. Ёш ва умидли марказий ҳимоячи Рональд Араухо февраль ойини жароҳати сабаб ўтказиб юбориши маълум бўлди. Шунингдек, Херар Пике, Филиппе Коутиньо ва Ансу Фати деярли бир хил ташҳис билан даволаниш процессини олиб бормоқда. 

Жамоа таркиби борасида қувончли хабар ҳам бор. Серхи Роберто тўлиқ тартибда машғулотларга киришиб улгурган. 

Тахминий таркиб: Тер Штеген, Роберто, Мингеса, Лангле, Альба, Бускетс, Де Йонг, Педри, Дембеле, Гризманн, Месси.

Et2cw9tXMAIAsC5

Мураббийлар

Хулен Лопетеги: “Қуръадан жуда хурсандмиз. “Барселона” - ажойиб клуб ва уларнинг энг чўққига чиққан пайтида тўқнаш келаётганимиз ўзгача иштиёқ баҳш этади. Биз ўзимизга нисбатан талабчанмиз, аммо ўйиндаги сюрпризларга ҳам тайёр туришга ҳаракат қиламиз. Ҳа, бу ўта қийин топшириқ, аммо айнан “Барселона” каби клубларни енгиш орқалигина ҳақиқий жамоа сифатида шаклланишимиз мумкин. 

Хесус Навас ушбу беллашувда иштирок эта олмайди. Футболчиларни тўғри тушунишимиз зарур. Улар 18 сентябрдан буён ҳар 3 кунда майдонга тушишга мажбур қилинмоқда. Аммо қолганлар ҳам шу шароитга кўникаётган экан, буни ўзгартира олмаймиз. Қўл остимиздаги ресурслардан оқилона фойдаланиш ва сабр-қаноат билан ушбу қийин вазиятдан чиқиб олишимиз мумкин бўлади”.

15979538713710

Рональд Куман: “Мен баъзи футболчиларни қайдномага киритмадим. Сабаби, улар ўйинга жисмоний жиҳатдан тўлиқ тайёр эмас. Бизда 8-9 та жароҳатланган футболчилар бор ва улар билан таваккал қилишни хоҳламайман. Бизда доим захира вариантлари мавжуд. 

Биз Сержиньо Дестнинг саломатлиги борасида қўлимиздан келган барча нарсани қилдик. Аммо у “Севилья”га қарши ўйинда майдонга тушишга тўлиқ тайёр эмас. Шунинг учун, унинг хизматларидан фойдалана олмаймиз. Балки, шанба кунги ўйинда ёки ПСЖга қарши беллашувда уни майдонда кўрарсиз. 

Жамоамда бу каби қийинчиликларни осонлик билан енгиб ўтувчи кучли йигитлар йиғилган. 

Бир футболчига боғланиб қолмаслик бугунги кун футболида жуда муҳим. Бизнинг таркибда гол уришга қодир бўлган бир қатор футболчилар мавжуд. Биз ўз услубимизга эгамиз ва ҳужум қилишни яхши биламиз. 

Мен меҳмондаги ўйинларни биринчи бўлиб ўтказишни яхши кўраман. Олдиндаги 1 ой мобайнида “Севилья”га қарши 3 та ўйин ўтказамиз ва барчасида ғалаба қозониш бизнинг асосий режамиз”. 

Etymi_UXcAQC83H

Хулоса ўрнида

Ҳар иккала жамоани ҳам февраль ойи ва ундан кейинги даврда қийин тақвим кутиб турибди. Испания кубоги соврини кўп жиҳатдан ушбу қарама-қаршилик ғолибига боғлиқ. Боиси, турнир фаворитлари ҳисобланган “Реал” ва “Атлетико” аллақачон уни тарк этиб улгурган. Нариги жуфтликда ўзаро баҳс олиб борувчи клублар эса, финалда ҳар қанақасига иккинчи жамоа сифатида кўрилади. Б

Бугунги “Севилья” бир неча йил аввалгиларидан фарқ қилади ва “Барса” ҳақида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин. Ҳар икки жамоа ўз тарихида янги даврни бошлаш арафасида турибди. Шундай экан, имкониятлар қисман тенг. Фақат, Куман қўл остида ҳар қандай ўйинда жамоасига устунлик бера олувчи қурол - Месси бор. Барчаси “Камп Ноу”да ҳал бўлади. Аммо ўша ўйин сценарийси қандай кетиши бугунги тўқнашувга кўп жиҳатдан боғлиқ. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!